13 ноябрь куни COP29 саммити доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида «яшил» энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қайта тикланувчи энергия иқтисодий мақсад эмас, балки келажакка қўшилаётган ҳисса, келгуси авлодлар олдидаги масъулият туйғусининг натижаси эканлигини таъкидлади.

Лойиҳанинг экологик аҳамияти алоҳида қайд этилди. Узатиладиган энергия — бу шамол ва қуёш энергияси бўлиб, қайта тикланадиган ва тоза манба ҳисобланади ҳамда иқлимга таъсирни юмшатиш имконини беради.

Шу орқали томонлар Париж битими ва Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида иқлимни муҳофаза қилиш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватламоқда.

Мамлакатлар қайта тикланувчи энергиянинг катта захираларига эга бўлиб, глобал энергетик ўзгаришларга катта ҳисса қўшиши мумкинлиги таъкидланди. Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев бу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг муҳим жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтди.

битим, озарбайжон, ўзбекистон, яшил энергия, қозоғистон

«Яшил» энергетикани жадал ривожлантириш бўйича катта дастур қабул қилинган. Ўзбекистонда ҳар йили 2 гигаваттга яқин қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилмоқда.

Бундан ташқари, 2024 йил охиригача тармоққа қўшимча 2,6 гигаватт қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш қувватлари ва 300 мегаваттли энергия сақлаш тизимлари уланади.

2030 йилга келиб қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 40 фоизга етказиш, шунингдек, 4,2 гигаваттлик энергия сақлаш тизимларини яратиш режалаштирилган.

Лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш, жумладан, қўшма корхона ташкил этиш, техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва келишиш ва бошқа тартиб-таомилларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Якунда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ушбу минтақавий лойиҳани биргаликда амалга оширишга интилиши қатъий эканини тасдиқлади.