Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси товар-хом ашё биржасида (ЎзРТХБ) Аи-80 маркали бензин нархининг юқори чегарасини ўрнатди. Бу ҳақда Spot`га бозорнинг бир қанча иштирокчилари маълум қилди.

«Газета.uz» манбаси ушбу маълумотни тасдиқлади ва чора кескин қимматлашган бензин нархини «аҳоли манфаатлари йўлида» пасайтиришга қаратилганини таъкидлади.

Қўмитанинг 12 ноябрдаги топшириғига кўра, чоршанба кунидан бошлаб Аи-80 бензини нархининг сотувчининг бошланғич нархига нисбатан 5 фоиз миқдорида ўсишига чеклов жорий этилди. Бундан ташқари, битта қўлга 4 тонна бензин сотиш чеклови ҳам сақлаб қолинади.

Шундай қилиб, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишлаб чиқарган бензиннинг дастлабки нархи бир тоннаси учун 8 931 005 сўмни ташкил этса, жорий этилган чекловни ҳисобга олган ҳолда бир тонна бензиннинг энг юқори нархи 9 377 555,25 сўмга тенг бўлади.

аи-80 бензин, рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, товар-хом ашё биржаси

12 ноябрь куни айрим битимлар бўйича котировкалар тоннаси учун 10,5−10,6 миллион сўмга етганди. Чеклов жорий этилгандан сўнг нархлар ўртача 10 фоизга — бир тонна учун 9,3−9,4 миллион сўмга тушди.

Эслатиб ўтамиз, 6 ноябрдан бошлаб суюлтирилган газ нархларининг бошланғич нархига нисбатан 20 фоиз миқдорида чеклов жорий этилганди. 1−5 ноябрь кунлари пропаннинг биржа нархи 15,5 фоизга — тоннаси 8,81 миллион сўмдан 10,19 миллион сўмгача кўтарилди. Йиллик ҳисобда, 2023 йил 6 ноябрга (7,04 миллион сўм) нисбатан қиймати 44,7 фоизга ошган. 11 ноябрь куни пропаннинг ёпилиш нархи тоннаси учун 8,83 миллион сўмни ташкил этди.