Ўзбекистонда 6 декабрдан кучга кирадиган манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати шакллантирилди. Бу ҳақда 12 ноябрь куни ўтказилган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котиби Шерзод Сапаров маълум қилди.
Президентнинг 5 июндаги қарори доирасида «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун ижросини ташкил этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш учун бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида Республика идоралараро комиссияси тузилди.
Қарорда 2024 йил 1 июлга қадар қонун амал қиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг аниқ рўйхатини шакллантириш топширилганди.
Комиссия мажлиси баённомасига кўра, рўйхатга 27 та республика даражасидаги давлат органи ва ташкилоти, 71 та республика ижро этувчи ҳокимият органи, 10 та давлат мақсадли жамғармаси, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри, вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимиятлари, шунингдек, устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган 49 та хўжалик жамияти ва унитар корхона киритилди.
Давлат органлари ва ташкилотлари қайта ташкил этилганда, уларнинг номлари ўзгартирилганда ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ янгилари ташкил этилганда, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги рўйхатга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура қонунни амалга ошириш бўйича намунавий идоравий режани ишлаб чиқди.
Ушбу учта идоранинг ишчи гуруҳлари анкета ва жадваллар ёрдамида давлат хизматчилари учун белгиланган чекловларга риоя этилишини текширди. Қонунчиликка кўра, вазирлик ва идоралар, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, шунингдек, давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотлар ва ҳокимиятлар ходимларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган.
Агентлик 2024 йилнинг 10 ойи давомида ўтказилган текширувлар натижасида 1488 нафар бошқарув ходими 1653 та тадбиркорлик субъектининг таъсисчиси эканини аниқлади. Агентлик давлат органлари ва ташкилотларига ходимларнинг таъсисчи сифатидаги фаолиятини тўхтатиш, тадбиркорлик фаолиятига йўл қўймаслик ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича 33 та тақдимнома киритди. Бугунги кунга келиб, ушбу ходимларнинг қарийб 80 фоизи талабларни бажарди.
Шунингдек, агентлик etender.uzex.uz тизими орқали давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини масофадан ўрганиб, жами 175,4 миллиард сўмлик 127 та манфаатлар тўқнашуви ва 23,9 миллиард сўмлик 22 та давлат харидларида ғолиблик рақобатни чекловчи усуллардан фойдаланган ҳолда қўлга киритилган ҳолатларни аниқлади.
Идора ушбу давлат харидлари натижаларини бекор қилишга эришди.
Бундан ташқари, Ҳисоб палатасининг масофавий таҳлили натижасида маҳаллий ҳокимиятларнинг 155 та давлат буюртмачиси иштирокида 195,5 миллиард сўмлик 1400 та давлат харидлари бўйича шартномалар қонунчиликни бузган ҳолда ва манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги билан тузилгани аниқланди. Ҳуқуқбузарлик содир этган 125 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, тўпланган ҳужжатлар судга юборилди.
Аввалроқ агентлик 1253 рақамли телефон ёки eanticor.uz платформаси орқали коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришга чақирганди.