Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари рейд тадбирлари давомида Тожикистон ва Қирғизистондан контрабанда йўли билан келтирилган қарийб 65 кг «гашиш» гиёҳвандлик воситасини мусодара қилди. Бу ҳақда Telegram`даги Xavfsizlik каналида хабар берилди.
Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи 30 ёшли шахс автомашинасида Узун тумани ҳудудида кетаётган вақтида тўхтатилди. Унинг юкхонасида 50 кг 567 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Терговга қадар текширув давомида, у гиёҳвандлик воситасини тожикистонлик наркосавдогарлардан олганлиги маълум бўлди.
Фарғона вилоятида қайд этилган ҳолатда 52 ёшли марғилонлик фуқаро муқаддам тожикистонлик наркокуръерлар Тошкент вилоятининг Бўка тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетган 4 кг 929 гр «гашиш» моддасини қабул қилиб олиб, йўловчи автомашинада доимий яшаш манзилига қайтиб келаётган вақтида Фарғона шаҳрида қўлга олинди. Аниқланишича, у гиёҳвандлик воситасини қайта сотиб, даромад топишни мақсад қилган.
Самарқанддан Андижонга келаётган Spark машинаси Андижон вилоятининг Бўстон туманидаги ЙПХ масканида тўхтатилиб, текширилди. Унда кетаётган 1990 ва 1995 йилларда туғилган 3 нафар андижонлик ҳамда қирғизистонлик бир нафар шахсдан 4 кг 727 гр «гашиш» моддаси олинди. Аниқланишича, улар мазкур гиёҳвандлик воситасини тожикистонлик шахсдан Ургут туманига келтириб бериш шарти билан сотиб олишган ва уни қолдириб кетилган хуфия жойдан олиб, ортга қайтаётган бўлишган.
Бошқа ҳолатда эса Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида яшовчи 4 нафар фуқаро Қирғиз Республикасидаги наркосавдогарлар етказиб берган 4 кг 634 гр «гашиш» моддасини Андижон туманида 53 минг долларга сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди. Маълум бўлишича, гумондорлардан 3 нафари муқаддам судланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.