Республика Маънавият ва маърифат маркази теле- ва радиоканаллар, ижтимоий тармоқлар учун тайёрланаётган медиамаҳсулотлар «маънавият экспертизаси»дан ўтказилишини эълон қилди. Марказ раҳбари Отабек Ҳасанов эълон қилган видеолавҳада айтилишича, бундай тартиб Республика Маънавият ва маърифат маркази, АОКА, Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Миллий медиа бирлашманинг биргаликдаги қарори билан жорий қилинмоқда.

Қайд этилишича, экспертизада «медиамаҳсулотларнинг ёшлар тарбияси ва миллий менталитетга таъсири баҳоланади», «ёшлар тарбияси ва миллий менталитетга раҳна солувчи медиамаҳсулотларнинг тарқалишининг олдини олиш чоралари кўрилади» ҳамда «бундай медиамаҳсулотларнинг намойиш этилишини тўхтатиш бўйича тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга таклифлар киритиб борилади».

Марказ қарор матнини ҳам, медиамаҳсулотларнинг «ёшлар тарбияси ва миллий менталитетга таъсири» қайси мезонлар асосида баҳоланишини ҳам эълон қилганича йўқ. Энг муҳими, марказ қайси асосларга кўра, Ўзбекистоннинг амалдаги Конституцияси ва қонунларига зид равишда, цензура жорий қилаётгани бўйича ҳам изоҳ бермади. Лекин жорий қилинаётган бу тартиб «медиа маҳсулотларга цензура қўймайди» деган баёнот билан чиқди.

Марказнинг баёнотини таҳлил қилишдан аввал, келинг, Конституция ва қонунлар цензура ҳақида нима дейишини кўриб чиқайлик.

Марказнинг қарори қай даражада қонуний?

Ўзбекистон Конституцияси ОАВлар фаолиятига аралашиш, уларнинг эркинлигини чеклаш, цензура ўрнатиш, шунингдек, ОАВлар фаолиятини тартибга солишни назарда тутувчи қонуности ҳужжатларини қабул қилишни аниқ-тиниқ қилиб тақиқлайди.

Ўзбекистон Конституциясидан:

81-модда: «Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб борадилар. Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир».

82-модда: «Цензурага йўл қўйилмайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади».

Демак, Конституция бўйича, ОАВлар эркин ва уларнинг ишига аралашиш мумкин эмас. «Маънавият экспертизаси» ҳақидаги қарорнинг тўлиқ матни эълон қилинмаган бўлса-да, марказнинг ўзи эълон қилган баёнотлардан равшанки, унда ОАВлар ишига бевосита аралашиш кўзда тутилган: экспертиза қайсидир мезонлар асосида «ёшлар тарбияси ва миллий менталитетга раҳна солувчи» деб топган медиамаҳсулотларнинг эфирдан олиб ташланиши чоралари кўрилади.

Яна бир муҳим жиҳат. ОАВлар фаолияти қонуности ҳужжатлари билан эмас, балки қонун билан тартибга солинади. Маънавият ва маърифат марказининг бошқа идоралар билан биргаликда қабул қилган қарори — бу қонун эмас. Қолаверса, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасига кўра, вазирликлар ва идоралар, агар уларга тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ёки ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш бўйича ваколатлар берилган бўлсагина, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиши мумкин. Маънавият ва маърифат кенгашининг Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази негизида ташкил қилинган Маънавият ва маърифат марказига ижтимоий муносабатларни, хусусан, ОАВлар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ваколати берилмаган.

«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонундан:

5-модда: «Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб борадилар. Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини, оммавий ахборот воситаларининг мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади».

7-модда: «Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди. Эълон қилинаётган хабарлар ва материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёки бутунлай нашрдан олиб қолинишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ».

Демак, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун ҳам оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини кафолатламоқда, уларнинг фаолиятига аралашиш ва цензура ўрнатишни тақиқлаяпти. Қолаверса, давлат ОАВларни давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилишни ҳам ўз зиммасига олмоқда.

Мазкур қонун мантиғидан келиб чиқсак ҳам, Маънавият ва маърифат марказининг «маънавият экспертизаси» бўйича қарори ноқонунийдир (чунки у бевосита ОАВларнинг фаолиятига аралашиш, цензура ўрнатиш, қайсидир материалларнинг эфирга берилишини чеклашни назарда тутади). Юқорида иқтибос келтирилган қонун моддасидан келиб чиқадиган бўлсак, давлат ОАВларни марказнинг бу ноқонуний қароридан ва хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилиши шарт.

Тўғри, ОАВлар эркинлигининг маълум чегараси бор — улар исталган медиамаҳсулотни эфирга бера олмайди. Худди шу «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасида қандай категориядаги ахборот тарқатилиши мумкин эмаслиги кўрсатилган. Булар: конституциявий тузумни, ҳудудий яхлитликни зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилувчи, уруш, зўравонлик ва терроризм, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастликни, шунингдек, порнографияни тарғиб қилувчи ва бошқа бир қатор турдаги (масалан, давлат сирларини ошкор қилувчи ёки фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашувчи) материаллар.

Қонунда «ёшлар тарбияси ва миллий менталитетга раҳна солувчи» деган категориялар мавжуд эмас. Демак, қайсидир материални «ёшлар тарбияси ва миллий менталитетга раҳна солувчи» деган асосда эфирдан олиб ташлашни талаб қилиш — «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг бузилишидир.

Қолаверса, қонунда материалларни экспертиза қилиш тартиби ёки қайсидир орган томонидан бундай экспертиза жорий қилиниши мумкинлиги ҳам кўзда тутилмаган — материални эфирга бериш ёки бермасликни бош муҳаррир ҳал қилади (26-модда), ОАВ қонунни бузган (масалан, қонуннинг 6-моддаси билан тақиқланган материални эфирга берган) тақдирда унинг ишини суд кўриб чиқади (24-модда). Қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган.

Демак, яна бир марта кўряпмизки, «маънавият экспертизаси» жорий қилиниши ва бу экспертиза натижалари билан қайсидир материалнинг эфирдан олиб ташланишини талаб (тавсия) қилиш ноқонунийдир.

Марказ нима дейди? Бир-бирига зид баёнотлар

Энди марказ раҳбари эълон қилган видео ва марказнинг ўзи кейинроқ эълон қилган баёнот мазмунини таҳлил қилиб кўрайлик. Чунки бу икки хабарда бир-бирини инкор қиладиган жиҳатлар мавжуд.

«Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда „Маънавият экспертизаси“ лойиҳаси йўлга қўйилаётгани фаол жамоатчилик вакиллари томонидан турлича қарашлар билан талқин қилинмоқда. Мазкур лойиҳа болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши ва ўсиб келаётган авлоднинг онгига зарар етказиши мумкин бўлган медиамаҳсулотлар тарқатилишини олдини олишга қаратилмоқда. … „Маънавият экспертизаси“ лойиҳаси медиа маҳсулотларга цензура қўймайди».

Бундан олдинроқ ҳам марказ тарқатган хабарда «ёшлар тарбияси ва миллий менталитетга раҳна солувчи медиамаҳсулотларнинг тарқалишининг олдини олиш чоралари кўрилиши», «бундай медиамаҳсулотларнинг намойиш этилишини тўхтатиш бўйича тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга таклифлар киритиб борилиши» айтилган эди.

Ўзбекистон миллий энциклопедиясига кўра, цензура — бу «босмадан чиқадиган маҳсулотлар, уларнинг чоп этилиши, тарқатилиши устидан, шунингдек, саҳна асарлари, радио-эшиттиришлар ва телевизион кўрсатувлар, баъзида эса шахсий ёзишмаларнинг мазмуни ва ижроси устидан расмий ҳокимият органларининг назорат ўрнатиши».

Кембриж луғати «цензура» тушунчасига қуйидагича таъриф беради: «китоб, фильм, санъат асари, ҳужжат ёки бошқа турдаги хабарларнинг бир қисмини ёки тўлиғича, унинг ахлоқсиз ёки зарарли деб ҳисобланганлиги ёки унда кимдир, кўпинча сиёсий сабаблар билан, махфий қолишини истайдиган маълумотларнинг мавжудлиги туфайли, оммага тақдим этилишининг олдини олиш ҳаракати».

Нуфузли Британника энциклопедиясига кўра, цензура — бу «умум манфаатига путур етказувчи деб ҳисобланган сўз ёки ёзишмаларни ўзгартириш ёки бостириш ёки тақиқлаш».

Юқоридаги таърифлардан кўриб турибмизки, телевизион кўрсатувлар, фильмлар, санъат асарлари мазмуни устидан назорат ўрнатиш, уларни «ахлоқсиз», «зарарли» ёки «умум манфаатига путур етказувчи» деган важлар билан тақиқлаш, оммага тақдим этилишининг олдини олиш — бу цензура. Марказ «цензура ўрнатмаймиз» демоқда, лекин цензура ўрнатишини тан олмоқда. Ахир, «медиамаҳсулотларнинг тарқалишининг олдини олиш чораларини кўриш» ёки «медиамаҳсулотларнинг намойиш этилишини тўхтатиш бўйича тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга таклифлар киритиш» — бу цензура бўлмай нима? Шу ўринда Оруэллнинг «1984»идаги «янги тил» ва «иккификрлилик» эсга тушмай иложи йўқ: «Эркинлик — бу қулликдир».

Яна бир қизиқ жиҳат. Марказга кўра, бундай цензурани жорий қилишни одамларнинг ўзи сўрамоқда: «ушбу лойиҳа медиа контентларнинг ёшлар, айниқса, мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга таъсиридан хавотирланган ота-оналар, зиёлилар, шунингдек, кенг жамоатчилик сўрови, талаб ва ташаббуслари асосида жорий қилинмоқда».

Ёдингизда бўлса, СССРда ҳукумат ниманидир тақиқламоқчи ёки чеклов ўрнатмоқчи бўлса, албатта буни «меҳнаткашларнинг кўп сонли илтимосларига биноан» қилаётгани айтиларди. Исталган ташкилот «меҳнаткашларнинг илтимосларига биноан» Конституцияга ва қонунларга зид ҳужжатлар қабул қилаверадиган бўлса, ҳуқуқий, демократик давлат ҳақида гапириш мумкинми?

«Миллий менталитет» ўзи нима?

Маънавият ва маърифат маркази «маънавият экспертизаси»дан мақсад «ёшлар тарбияси ва миллий менталитетга раҳна солувчи медиамаҳсулотларнинг тарқалишининг олдини олиш чоралари кўриш» эканлигини айтмоқда. Шу ўринда саволлар туғилади: «миллий менталитет» ўзи нима ва у расман «кўп миллатли» дейиладиган Ўзбекистондаги қайси миллатнинг «менталитети»ни асос қилиб олади?

Ўзбекистон миллий энциклопедиясига кўра, менталитет — бу «айрим киши ёки ижтимоий гуруҳга хос ақлий қобилият даражаси, маънавий салоҳият. Жамият, миллат ёки шахснинг менталитети уларнинг ўзига хос тарихий анъаналари, урф-одатлари, диний эътиқодини ҳам қамраб олади».

Ўзбек тилининг изоҳли луғатига кўра, менталитет — бу «жамият, миллат, жамоа ёки алоҳида шахснинг тарихий таркиб топган тафаккур даражаси, маданий салоҳияти (анъана, расм-русум, урф-одат, диний эътиқод ва иримларни ҳам қамраб олади)».

Соддароқ қилиб айтганда, менталитет — бу воқеа-ҳодисалар ёки нарсалар ҳақида фикр юритиш тарзи. Масалан, Кембриж ёки Оксфорд ёки Вебстер луғатлари «менталитет» сўзига айнан шундай таъриф беради.

Мисол учун, кимдир гўштсиз овқат емайди, кимдир ўз ихтиёри билан гўшт ейишдан бир умрга воз кечади. Кимдир уйида ит боқади, кимдир буни номақбул деб билади. Кимдир калта юбка кийишни норма дейди, кимдир буни ахлоқсизлик деб ҳисоблайди. Қайсидир миллатларда биз нотўғри деб баҳолайдиган нарсалар норма бўлиши мумкин. Масалан, қадимги ҳиндларда полиандрия норма бўлган (балки қадимги ҳинд эпоси асосида суратга олинган «Маҳобҳорат» сериалининг намойиши ҳам бир неча йиллар олдин «маънавият экспертизаси»дан ўтмагани учун тўхтатилгандир?).

Алоҳида олинган инсон ёки инсонлар гуруҳининг фикрлаш тарзига жуда кўп омиллар таъсир қилади: оила, муҳит, билим даражаси, диний қарашлари ва ҳоказо. Хўп, бундай ҳолларда кимнинг фикрлаш тарзи тўғри-ю, кимники нотўғри эканлигини ким ва қайси мезонлар асосида ҳал қилади? Ва умуман, бундай ҳолларда кимдир тўғри ва кимдир нотўғри бўлиши мумкинми ўзи?

Қолаверса, «миллий менталитет» деганда марказ қайси миллатни назарда тутяпти? Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 диний конфессия вакиллари истиқомат қилади, дейилади. Конституцияга кўра, уларнинг барчаси тенг ҳуқуқли. Қолаверса, Конституцияга кўра, «ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади» (16-модда). Демак, қайсидир шахс ёки шахслар гуруҳи ёки битта миллатнинг «менталитети»ни, яъни фикрлаш тарзини асос қилган ҳолда қандайдир чекловлар жорий қилиш — бу Конституцияда кафолатланган фикрлар хилма-хиллигига зид чиқишдир.

Марказ «тарғиб қилиш» деганда нимани тушунади?

Маънавият ва маърифат маркази «соҳа мутахассисларидан таркиб топган гуруҳ томонидан […] ахлоқсизлик, беҳаёликни тарғиб қилувчи ҳолатлар мавжуд ва мавжуд эмаслиги ўрганилиши»ни айтмоқда. Лекин марказ «тарғиб қилиш» деганда нимани тушунади?

Марказ «маънавий экспертиза»дан ўтказмоқчи бўлаётган медиамаҳсулотлар — сериал, мултфильм, кино, қўшиқ ва клиплар санъатнинг турли кўринишлари, бадиий ижод маҳсулидир. Санъат асари образлилик устига қурилади, унда асар муаллиф (лар)ининг бадиий мақсадига мос равишда турли бадиий образлар (шу жумладан, қаҳрамонлар — персонажлар) иштирок этади.

Бадиий ижод маҳсулининг муҳим хусусияти — унинг турлича талқинларга (интерпретацияларга) очиқлигидир. Яъни, асарни ҳар ким ҳар хил тушунади. Масалан, «Шайтанат»даги Асадбек — айримлар учун ёвуз инсон, айримлар уни романтизация қилади. «Ўткан кунлар»даги Отабек — айримлар учун идеал, айримлар учун ҳатто ўз ҳаётини изга сола олмаган гўл кимса. Ким учундир Микеланжелонинг «Довуд»и ёки «Одам Атонинг яратилиши» — буюк санъат асарлари, кимдир эса уларни яланғоч эркаклар тасвири, ахлоқсизлик деб ҳисоблаши мумкин. Бундай мисолларни истаганча давом эттириш ва исталган бадиий асарни (санъат асарини) истаганча талқин қилиш мумкин.

Бадиий ижод маҳсулида образлар турлича тасвирланади ва турлича ҳаракат қилади. Масалан, «Ўткан кунлар»да Отабек одам ўлдиради. Жаҳон драматургиясининг шоҳ асари «Шоҳ Эдип»да Эдип онасига уйланади. Марказ раҳбари Отабек Ҳасанов тарқатган видеода парчаси ишлатилган «Лада» клипида бош қаҳрамон сигарета чекади. Хўш, бу ерда Абдулла Қодирий ваҳшийликни, Софокл ахлоқсизликни, Озода Нурсаидова тамаки маҳсулотларини тарғиб қилганми?

Ўзбек тилининг изоҳли луғатига кўра, «тарғиб қилиш» — бу тушунтириш йўли билан бирон ишга чақириш, даъват қилиш. Масалан, «мана бу ишни қилишинг керак, шу ишни қилсанг зўр бўлади, ундоқ бўлади, бундоқ бўлади» — бу тарғиб қилиш. Лекин сериал, мултфильм, кино, қўшиқ ёки клипда персонажнинг нимадир қилиши — шу ишни қилишга тарғиб дегани эмас. Чунки образнинг шундай хатти-ҳаракати муаллифга ўз бадиий мақсадини рўёбга чиқариш учун керак.

Бадиий асардан эса, юқорида айтилганидек, ҳар ким ҳар хил хулоса чиқаради. Масалан, кимдир «Ўткан кунлар» одам ўлдиришни ёки кўп хотинлиликни «тарғиб қиляпти» деб тушунса, ёки Микеланжело ахлоқсизликини тарғиб қиляпти, деб тушунса, асарларни тақиқлаш керакми? Ахир муаммо асарда эмас, қабул қилувчида-ку? Қолаверса, Конституция бадиий ижод эркинлигини ҳам кафолатлаши (53-модда)ни унутмайлик.

Хуллас, менимча, марказ «миллий менталитет» ва «аҳлоқсизлик, беҳаёликни тарғиб қилувчи ҳолатлар» деган субъектив, мавҳум, аниқ таъриф бериш ва аниқ чегарасини белгилаш имконсиз бўлган категориялар асосида Конституция ва қонунларда тақиқланган цензурани жорий қилмоқчи.

Энг хавотирлиси, марказ раҳбарига кўра, «маънавият экспертизаси биринчи босқич бўлиб, у яна чуқурлашиб давом эттирилади». Демак, агар «маънавият экспертизаси» ишлаб кетса, олдинда бизни цензуранинг турли ғаройиб кўринишлари кутиши, «404»лар ва тақиқланган хабарлар, асарлар кўлами кенгайиб бориши ҳамда ошхонада пичирлашлар ва «самиздат»лар даври қайтишига ҳам тайёр туришимиз керак.

Тайёрмизми? Шуни хоҳлаяпмизми?

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.