Нархларнинг сақланиб қолаётган ўсиши ривожланган мамлакатлар аҳолисининг норозилигини келтириб чиқаришда давом этмоқда ва инфляция меъёрий даражагача пасайишни бошлаган бўлса-да, ҳукуматга бўлган ишончга путур етказмоқда, деб ёзди Financial Times.
Иқтисодий вазиятдан норозилик республикачи сайловчилар учун асосий туртки бўлди, бу Дональд Трампнинг президентлик сайловларида ғалаба қозонишига ёрдам берди. Яшаш нархларининг юқорилиги ҳам бу йил Буюк Британия ва Япония ҳукмрон партияларининг мағлубиятига олиб келди. Инфляция мероси келгуси йилда — Германия ва Канададаги сайловларда ҳам муҳим роль ўйнайди, деб таъкидлайди FT.
2019 йил декабрь ойидан бошлаб ривожланган мамлакатларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи қарийб 50 фоизга ошди, ўртача соатбай иш ҳақининг ўсиши эса бунга мутаносиб эмас. ИҲТТ (Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти) мамлакатларининг ярмидан кўпроғида инфляция даражаси 2 фоизгача тушиб, мақсадли кўрсаткичга яқинлашган бўлса-да, кўплаб йирик иқтисодиётлардаги реал даромадлар эндигина COVID пандемиясидан олдинги даражадан ошди.
«[Истеъмолчилар] коммунал хизматларга ёки ҳафталик озиқ-овқат харидларига қанча пул сарфлаётганларини кўриб, харажатлар камаймаяпти, шунинг учун ҳаёт қиймати инқирози ҳали ҳам давом этмоқда, деган хулосага келмоқда», — деб тушунтирди Capital Economics консалтинг компанияси иқтисодчиси Пол Дейлс.
Экспертларнинг таъкидлашича, истеъмолчилар (сайловчилар) эски нархларни бир ярим йил ва ундан кўпроқ вақт давомида эслаб қолишга мойил, юқори нархларни эса «адолатсиз» деб билишади. Уларнинг сўзларига кўра, сўнгги марта юқори инфляция ривожланган иқтисодиётларда 1970-йилларда кузатилган.
Амхерстдаги Массачусетс университети иқтисодиёт профессори Изабелла Вебернинг сўзларига кўра, тарихий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, «инфляциянинг юқорилаши» бутун бошли жамиятлар ва сиёсий тизимларни беқарорлаштириши мумкин.
Масалан, Германияда нархлар ўсиши фонида ўта ўнг «Германия учун альтернатива» ва сўл радикал «Сари Вагенкнехт Альянси»нинг обрўси ошиб бормоқда. Прогнозларга кўра, улар бўлажак сайловларда барча овозларнинг чорак қисмигача овоз олиши мумкин — бу 1920 йиллардан бери Германиядаги ўта ўнг ва сўллар учун мисли кўрилмаган даражадаги қўллаб-қувватлашдир.
Келгуси йили ҳам сайловлар ўтказиладиган Канадада консерватив етакчи Пьер Пуальевр бош вазир Жастин Трюдони танқид қилиш учун, гарчи у ерда инфляция 1,6% га тушган бўлса ҳам, яшаш нархлари инқирозидан фойдаланади.
Худди шундай ҳолат Буюк Британияда ҳам кузатилмоқда, у ерда сўровда қатнашган 10 нафар британияликнинг 9 нафари мамлакатдаги ҳаёт даражасининг инқирозини «энг муҳим муаммо» деб атади, гарчи у ерда инфляция даражаси уч йиллик минимум 1,7% гача пасайган бўлса-да.