Тошкент шаҳри ҳокимлиги пойтахт кўчаларида пулли тўхташ жойларини бошқариш ҳуқуқи учун савдолар ўтказмоқда. Бу ҳақда Spot хабар қилди.
Барча туманларда ижарага бериладиган майдонларнинг умумий ҳажми 262,8 минг квадрат метрни ташкил этади. Бунга қуйидаги кўчаларнинг қисмлари киради:
- пойтахтнинг марказий қисмида (жумладан, Амир Темур хиёбони, Мовароуннаҳр, Истиқлол, Яҳё Ғуломов, Ўзбекистон овози, Истиқбол, Содиқ Азимов, Тарас Шевченко, Шаҳрисабз, Яккачинор, Шастри, Маҳатма Ганди, Ҳамид Олимжон, Чехов ва бошқа кўчалар);
- Учтепа ва Чилонзор туманларида (Кичик ҳалқа автомобиль йўли, Фарҳод, Лутфий, Чўпонота, Муқимий, Қатортол, Чилонзор, Арнасой, Есенин, Бешқайрағоч кўчалари);
- Сергели ва Янгиҳаёт туманларида (Янги Сергели, Турсунзода, Алавия, Шокирариқ, Ислом Сатторов, Қипчоқ, Қўрғонтепа, Биродарлик кўчалари);
- Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида (Лабзак, Себзор, Гулобод, Форобий, Белтепа, Қорақамиш, Қорасарой, Шимолий Олмазор кўчалари);
- Бектемир туманида (Ҳусайн Бойқаро кўчаси);
- Миробод тумани (Янги Қўйлиқ кўчаси);
- Яшнобод туманида (Оҳангарон йўли кўчаси, Қуйи Талариқ, Сивец, Қурувчилар кўчалари).
Ижара муддати 3 йилни ташкил қилади. Дастлабки икки йил ичида ижарачи автотураргоҳларни жиҳозлаш, паркоматлар ва ҳаракатни ташкил этиш воситаларини ўрнатиш, шунингдек, коммуникация ва алоқани амалга ошириш учун камида $5 млн сармоя киритиши керак.
Автотураргоҳдан тушган тушумнинг камида 1/12 қисми Тошкент шаҳар йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасига ўтказилиши керак. Бундан ташқари, ижарачи автотураргоҳлардан мақсадли ва қонуний фойдаланиш мониторингини таъминлаши керак.
Йиллик ижара бошланғич нархи 57,21 млрд сўмни ташкил этади.
Аввалроқ Тошкент шаҳри ҳокими қарори билан пулли тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш тартиби ва транспорт воситаларининг пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун тўловлар миқдорлари тасдиқланганди. Тўловлар тариф зоналарига кўра бир соат учун 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача этиб белгиланди.
Муносабат
Молиячи Отабек Бакиров «буни аукцион деб атаб бўлмайди, бизга бир қўлли „парковка“ монополияси керак эмас», дея ёзди ўз Telegram каналида.
Бунга сабаб қилиб пойтахтдаги «50 дан ортиқ энг гавжум ва ликвидли кўчалар» битта лотда савдога чиқарилаётганини келтирган. «Яъни «ғолиб» битта кўча ёки мавзедаги кўчаларни эмас, бутун шаҳарни «қўлга киритади». Нормал аукцион шароитида шаҳардаги бўлажак «парковка»лар ўнлаб лотларга бўлиниши ва улар ўзаро боғланмаган инвесторларга таклиф этилиши зарур. Бунда масалан, бир ҳудуддаги Шевченко, Чехов, Шаҳрисабз ва Яккачинор кўчалари битта лотда эмас, турли лотларда савдога қўйилиши ва битта қўлда жамланмаслигига урғу берилиши керак», — дея ёзди Бакиров.
«Иккинчидан, барча кўчалар битта лотга боғлангани учун аукционга кириш шартлари жуда оғир ва қиммат қилинган. Табиийки, қайсидир аввалдан келишилган ғолибга мослаштирилган бўлиши эҳтимоли мавжуд. 5 миллион долларлик инвестиция шартини бажариш ва бошланғич нархи 57,2 млрд сўмлик йиллик ижара нархини қабул қилишга журъат этувчи ўнлаб рақобатдош бизнес субъектлар топилмаслиги аниқ (спарринг рақиб ролини ўйнаб берадиганлар доим топилади)», — дея ёзди молиячи.
«Лекин, айтайлик, лотлар 20 та бўлса, аукционга кириш инвестициявий шартлари 100 минг доллардан бошланса, иштирокчилар сони кескин ортади. Табиийки, аукцион ҳам кескин рақобатли бўлади, ижара ҳақининг нархи аукционда тезроқ ва кўпроқ ошади, давлат ҳам каррасига ютади», — деди у.
«Учинчидан, аукционлар охирги йилларда амалдорлар қўлидаги ғирт манипуляция воситасига айланиб бўлди. Бу ҳақда ичкарида эмас, четдаги овозлар орқали ҳам очиқ гапира бошлашди. Ер сотишдан тортиб хусусийлаштиришгача қўлланилаётган аукцион жараёнида сунъий равишда қўшилган бюрократик ва коррупцион ғовларни, рақобатни чекловчи қоидаларни доимий инвентаризация қилиб бориш вақти аллақачон келган. Аукционлар шартлари масалан, Антикоррупция агентлиги томонидан коррупциогенлик назоратидан, Рақобат қўмитаси томонидан эса рақобатдошлилик мезонларидан ўтиши мажбурий бўлиши зарур», — дея таъкидлади Отабек Бакиров.
«Умид шуки, Рақобат қўмитаси ва Антикоррупция агентлиги пойтахтда „парковка“ монополиясини яратиши мумкин бўлган, белгиларига кўра аукцион деб аташ қийин бўлган бу аукционни тўхтатишади», — дейди Бакиров.
Пулли автотураргоҳлар
2022 йил апрель ойида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Тошкент транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳалари бошқармаси» директори Мурод Обидов 1 ноябргача Тошкентнинг 10 та марказий кўчасида пулли автотураргоҳларни жорий этиш ниятида эканлигини маълум қилган эди.
Ноябрь ойида ислоҳотларни амалга ошириш йил охиригача қолдирилди. Шу билан бирга, пойтахт транспорт бошқармаси биринчи пулли автотураргоҳларнинг макет режаларини эълон қилди. 2251 та автомобилга хизмат кўрсатиш учун 57 та паркомат ўрнатиш, 2 та эвакуатор ва 2 та тўхташ жойи ва йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни назорат қилувчи электрон тизим (паркон) харид қилиш режалаштирилган эди.
2022 йил декабрь ойида Тошкент шаҳар ҳокими ўз қарори билан Транспорт бошқармасининг аввал эълон қилинган схемаси бўйича биринчи йўл бўйида автотураргоҳлар ташкил этишни маъқуллади. Kasy Park компанияси тизимни давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиши, марказий кўчаларга автотураргоҳлар ўрнатиши керак эди.
2023 йил февраль ойида Ўзбекистон президенти шаҳарнинг 20 та кўчасида 10 мингта автомобиль учун пулли тўхташ жойлари жорий этилишини маълум қилган эди.
2023 йил ноябрда эса Муқимий номидаги театр олдида автомобиллар учун пулли, велосипедлар учун эса бепул тўхташ жойларини синовдан ўтказилиши маълум қилинганди.
«Газета.uz» бунга қадар ҳам Тошкентдаги тартибсиз автотураргоҳлар муаммолари ҳақида бир неча бор ёзган эди. Автомобиллар жамоат жойларини эгаллаб, пиёдалар йўлакларида пиёдалар йўлини тўсиб қўяди, жамоат транспорти ҳаракатига тўсқинлик қилади, автобус бекатларига кириш ва ажратилган йўлакларни тўсиб қўяди.