Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 14 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Қатар билан учрашувидан олдинги матбуот анжуманида бош мураббий Сречко Катанец ўрнига унинг ёрдамчиси Владо Радманович иштирок этди.
Владо Радманович терма жамоа футболчиси Отабек Шукуров билан бирга саволларга жавоб берди ва Катанец шифокорлар тавсиясига кўра матбуот анжуманида қатнашмаётганини айтди.
«Эртанги учрашув ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳар бир ўйин, албатта, қийин бўлади. Эртанги ўйин Қатар учун ҳам, Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳам катта аҳамиятга эга. Ўзимизнинг терма жамоамиз ҳақида гапирадиган бўлсак, футболчиларнинг барчаси эртанги учрашувга тайёр», — деди Владо Радманович.
Отабек Шукуров ҳам футболчилар ўйинга тайёр эканини ва улар яхши кайфиятдалигини қайд этди.
Матбуот анжуманида журналистлар Ўзбекистон амалдаги Осиё чемпиони билан учрашувдан нималар кутаётгани ва ўйинга қандай тайёргарлик кўрилгани ҳақида савол берди.
«Бизнинг терма жамоа эртанги учрашувга 100 фоиз тайёр. Қатар терма жамоаси ҳақида яхши маълумотга эгамиз. Уларнинг олдинги 3−4 учрашувини таҳлил қилиб чиқдик. Улар билан ўзига хос ўйинлар тарихига эгамиз. Бу борада тажрибамиз етарли. Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, яқинда ҳам биз Осиё кубоги доирасида учрашдик. Шу сабабдан айтишим мумкинки, терма жамоа эртанги учрашувга тайёр ва ютқазмаслик яхши натижа бўлади, деб ҳисоблаш мумкин», — деди бу саволга жавобан Владо Радманович.
Журналистлар, шунингдек, бош мураббий ёрдамчисига Ўзбекистон охирги пайтда Осиёда футболи ўсиб келаётган терма жамоалардан бири ҳисобланиши, олдинги саралашларда эса жамоага жаҳон чемпионатига чиқиш учун озгина омад ёки нимадир етишмай қолганини қайд этиб савол берди.
«Шуларни инобатга олган ҳолда, ҳозирги кунда Ўзбекистон терма жамоаси қанчалик тайёр, бу жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиш учун жамоа қандай ҳолатда?», — дея сўради журналистлардан бири.
«Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан 3 йилдан бери биргамиз. Уч йилдан буён ушбу футболчилар гуруҳи билан ишлаб келяпмиз. Шу билан бирга, чемпионат ўйинларида ҳам барча футболчиларни кузатиб келамиз. Нафақат олий лига, балки биринчи, иккинчи ва барча лигалардаги футболчиларни кузатиб, назоратини олиб борамиз. Шу сабабдан ҳозирги кунда миллий терма жамоа шу даражага етиб келганки, биз ҳар қандай рақибга қарши қандай ўйнаш кераклигини ва ўзимиз қандай ҳолатда эканимизни яхши биламиз», — деди бу саволга жавобан бош мураббий ёрдамчиси.
Бундан ташқари, Владо Радманович Ўзбекистон жуда қийин гуруҳдан ўрин олгани ва пайшанба кундаги учрашувда биргина эпизод ўйин тақдирини ўзгартириб юбориши мумкинлигини айтди.
«Боя айтиб ўтганимдек, жуда ҳам қийин гуруҳдан ўрин олганмиз. Шу сабабдан ҳар бир учрашув биз учун жуда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Гуруҳдаги жамоаларга эътибор берадиган бўлсак, Эрон бўладими, БАА бўладими, барчаси кучли терма жамоалар ҳисобланади. Биттагина аниқ зарба, битта дриблинг ёки битта хато эртага учрашув натижасига таъсир ўтказиши мумкин», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, терма жамоа ҳужумчиси Элдор Шомуродов 12 ноябрь куни берган интервьюсида терма жамоанинг жаҳон чемпионатига чиқиш имконияти юқори эканини таъкидлаганди. Унга кўра, Қатарга қарши бўлажак ўйинда футболчилар уч очко қўлга киритишга ҳаракат қилади.