Октябрда Ўзбекистон уй-жой бозори савдоларида бироз ўсиш кузатилиб, сўнгги икки ойдаги пасайиш тўхтади, дейилади Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳида.

Ой давомида иккиламчи бозорда нархлар деярли ўзгармади, уй-жой ижара бозоридаги вазият ҳам барқарорлашди. Кўчмас мулк бозори ижобий динамикани кўрсатиб, рўйхатга олинган кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони сентябрь ойига нисбатан 0,6 фоизга ошди ва 21,4 мингтани ташкил этди.

иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, кўчмас мулк

«Кўчмас мулк бозори фаоллиги йилига 2 фоиз ўсиши, унинг тикланишидан далолат беради», — дея қайд этган марказ.

Ҳудудлар кесимидаги динамика Тошкент вилоятида (+10 фоиз) сезиларли ўсиш кузатилганини, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси (+8,1 фоиз) ва Жиззах вилоятида (+7,5 фоиз) ижобий ўзгаришларни кўрсатди. 10 ойлик маълумотларга кўра, олтита ҳудудда фаоллик пасайган, энг катта пасайиш Хоразм, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида кузатилган.

Иккиламчи бозордаги уй-жой нархлари

Октябрда республика бўйича иккиламчи уй-жой бозори нархлари деярли ўзгармади (0,1 фоизлик ўсиш). Ой давомида энг катта ўсиш Андижон (5,1 фоиз) ва Сирдарё (3,3 фоиз) вилоятларида қайд этилди. Еттита ҳудудда иккиламчи уй-жой нархининг пасайиши кузатилган бўлса, энг катта пасайиш Наманган (3,4 фоиз), Хоразм (3,2 фоиз) ва Самарқанд (2,5 фоиз) вилоятларида қайд этилди.

иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, кўчмас мулк

Иккиламчи уй-жойларнинг энг арзон нархи Қорақалпоғистон Республикасида кузатилди, бу ерда квадрат метр учун ўртача нарх 328 долларни ташкил этади. Иккиламчи уй-жойларнинг энг юқори нархи Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, квадрат метр учун ўртача 1100 долларга тўғри келади. Пойтахтнинг Бектемир (3,9 фоиз) ва Яшнобод (3,1 фоиз) туманларида сезиларли пасайиш қайд этилди.

Умуман олганда, республика бўйича иккиламчи бозорда бир квадрат метр уй-жойнинг ўртача қиймати йил давомида 6,5 фоизга ошган бўлса, Тошкент шаҳрида шу даврда 1,3 фоизлик пасайиш кузатилди.

Ижара

Ой давомида Тошкент шаҳрида уй-жой ижара нархлари барқарорлашуви давом этди. Ўртача ижара нархи ўтган ойга нисбатан ўзгармади — 1 кв метр учун 8,3 доллар.

иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, кўчмас мулк

Пойтахтнинг 14 та марказий туманларидан 5 тасида уй-жой ижараси нархи пасайди. Энг катта пасайиш Сергели ва Учтепа туманларида кузатилиб, бу туманларда ижара нархи ўртача 4,5 фоизга камайди. Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи юқорилигича қолмоқда, бу туманларда нарх бир квадрат метр учун ўртача 10−11 долларни ташкил этади.

Шу билан бирга, энг арзон уй-жой ижараси Бектемир ва Сергели туманларида кузатилмоқда, бу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 6 долларни ташкил этади. Умуман олганда, Тошкент шаҳрида йил давомида уй-жой ижараси 12 фоиздан кўпроққа камайди. Энг катта пасайиш Яшнобод (18 фоиз), Сергели (17 фоиз) ва Мирзо-Улуғбек (15,2 фоиз) туманларида қайд этилди.