Бокуда бўлиб ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича саммит (COP29) доирасида Энергетика вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси ўртасида Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида қуввати 1000 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш бўйича шартнома имзоланди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Энергетика вазирлигининг таъкидлашича, лойиҳа қурилиши жараёнида 600−800 тагача янги иш ўрни яратилади. Станция ҳар йили 3,5 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради, бу эса йилига 1 млрд куб метргача табиий газни тежаш имконини беради. Лойиҳа орқали карбонат ангидрид чиқиндилари йилига 1,4 млн тоннага камаяди.
Ўзбекистон ва Masdar компанияси ҳамкорлигида шу пайтгача умумий қуввати 1497 МВт бўлган лойиҳалар, жумладан, Зарафшонда шамол электр станцияси (500 МВт) ва Карманада (100 МВт), Ғаллаоролда (220 МВт), Каттақўрғонда (220 МВт) ва Шерободда (457 МВт) қуёш электр станциялари фойдаланишга топширилди.
Бундан ташқари, Бухоро вилоятининг Олот туманида (250 МВт) ва Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида (300 МВт) қуёш электр станциялари қурилмоқда.
Ўтган йилги COP28 конференцияси доирасида Ўзбекистон Masdar компанияси билан стратегик шериклик шартномасини имзолаган эди.