Октябрь ойида Ўзбекистонда автотранспорт воситалари савдоси 102,3 минг донани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 7 фоизга камайди, дейилади Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилида.
Йиллик кўрсаткичда фаолликнинг сезиларли пасайиши (-44 фоиздан кўпроқ) қайд этилди. Енгил автомобиллар сегментида ўтган ойга нисбатан 6 фоизлик пасайиш кузатилди ва 95,4 минг дона автомобиль сотилди. Бу сотувлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли пасайганини кўрсатмоқда (-43,3 фоиз).
Ҳудудлар бўйича бу сегментдаги савдоларнинг энг катта пасайиши Тошкент шаҳрида (18,4 фоиз), Фарғона (17 фоиз) ва Андижон (14,4 фоиз) вилоятларида қайд этилди.
Бирламчи бозор
Енгил автомобиллар бирламчи бозорида сотувлар ўтган ойга нисбатан 15 фоизга камайди, бу ўтган ойга нисбатан 6,2 мингта автомобилга кам ҳисобланади. Йиллик ҳисобда эса фаоллик 21,8 фоизга камайган. Ой давомида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси 20 фоизга камайди ва 30,2 мингта автомобилни ташкил этди. Йиллик кўрсаткичда 22 фоиз пасайиш кузатилди.
Импорт автомобиллар
Октябрь ойида импорт қилинган енгил автомобиллар бозорида сотувлар кўпайди. Ой давомида бу сегментдаги фаоллик 35 фоизга ошди, бир ой ичида 4,7 мингта хорижий автомобиль сотилди. Шунга қарамай, ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда сотувлар 20 фоизга камайган.
Иккиламчи бозор
«Октябрь ойида енгил автомобилларнинг иккиламчи бозоридаги вазият фаолликнинг пасайиши ва сотув ҳажмининг ҳар йили сезиларли даражада пасайиши билан тавсифланади», — дейилади марказ таҳлилида.
Бу сегментда октябрь ойида 60,4 мингта енгил автомобиллар сотилган, бу олдинги ойга нисбатан атиги 23 донага камроқ, лекин ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сотувлар икки баравар камайган.
Электромобиллар
Электромобиллар сегментида октябрь ойида сотувлар ҳажми сентябрь ойига нисбатан 20 фоизга ўсиб, 5,1 минг дона электромобилни ташкил этди. Сентябрь ойида 4,24 минг дона, август ойида эса атиги 1,7 минг дона электромобиль сотилганди.
«Ҳудудлар бўйича олиб борилган таҳлиллар электромобиллар сегменти фаол ривожланаётганини кўрсатмоқда, хусусан, сотувларнинг энг кўп ўсиши Наманган ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида қайд этилган. Йил давомида электромобиллар савдоси 87,5 фоизга ўсди, бу 2,3 минг дона электромобилга тенг», — дейилади марказ таҳлилида.