Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) газ кони қудуқларидан бирида 1 сентябрь куни бурғилаш ишлари вақтида техноген фалокат юз берган эди, сентябрь ўрталарида «Газета.uz» жамоаси у ердан репортаж тайёрлаган эди. Таҳририят аъзолари 1−2 ноябрь кунлари яна бир бор ҳодиса жойида бўлиб, авариядан икки ой ўтиб, ҳудуддаги аҳвол қандай экани билан танишиб қайтди.
Авария оқибатида қудуқдан таркибида юқори даражада водород сульфиди (олтингугурт) бўлган газ сизиб чиқа бошлаган эди. Шу сабабли маҳаллий аҳоли эвакуация қилинганди. Авария оқибатларини бартараф этиш ишлари икки ҳафта давом этган. 15 сентябрь куни газ сизиб чиқиши тўхтатилди, аммо орадан икки кун ўтиб, қудуқда янги авария юз берди. Бунинг оқибатида 4 киши ҳалок бўлди, яна 11 киши турли даражада тан жароҳати олди.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 18 сентябрь куни ўтказилган брифингда конни «мураккаб» деб атаган эди. Вазир октябрь бошида «Лолазор» подкастидаги чиқишида қудуқдаги авария оқибатларини бартараф этиш учун бир неча ой вақт кетиши мумкинлигини таъкидлаганди.
Бойсунликларнинг сўзларига кўра, ўшандан бери вазият жиддий ўзгаргани йўқ. Ижтимоий тармоқларда газ ва унинг ҳидидан нафақат Бойсун аҳолиси, балки Сурхондарёнинг бошқа туманлари ҳам азият чекаётгани ҳақидаги хабарлар, эътирозларни ҳамон учратиш мумкин.
Октябрь охирида фалокат жойидаги бурғилаш минораси олиб ташланганини тасдиқловчи, ноябрь бошида эса йирик ёнғин бўлаётганига доир видеоёзувлар тарқалди.
«Аввал тасвирларда биз кўрган темир иншоот олиб ташланган, — дея хабар берди М-25 кони яқинидаги Кофрун шаҳарчаси „Кўлқамиш“ маҳалласида бўлиб қайтган „Газета.uz“ мухбири Отабек Турдиев. — Қудуқдан ҳали ҳамон заҳарли газ, водород сульфиди сизиб чиқиши давом этаётганини кўриш мумкин. Ёндош томондан иккита туйнук очилиб, газ ёқиб қўйилган».
Миш-мишлар ва мавҳумлик
Маҳаллий аҳоли ҳали ҳам «бойсунликларни ёппасига кўчиришармиш» каби миш-мишлар ва «Бойсунда қурилиш қилиш, уй солиш тавсия этилмайди деб ёзилган варақалар тарқатиляпти экан» қабилидаги тасдиғи йўқ хабарлар ичида яшаяпти. Асоссиз гап-сўзларнинг салбий таъсири ўзига яраша, аммо газнинг зиёни яққол кўринади.
Расмийлар бу газнинг одамларга зиёни йўқлигини таъкидлаётган бўлса-да, аҳолидан хавотир аримаган. Бойсундаги айрим хонадонларнинг оппоқ қисмлари, оқ пластик қопламалари газдан қорайиб кетган. «Шифтлар қоп-қорайиб кетди. Органларимизда нима бўлиб ётибди — кўринмаса энди», — дейди кофрунлик отахонлардан бири.
Уларнинг сўзларига кўра, шамол ҳар куни икки-уч марта газ ҳидини олиб келади. Бошқа бир отахоннинг қўшимча қилишича, баъзан, шамол йўналишига қараб, беш-олти марталаб ҳам келади.
«Ана, газнинг овози келиб ётибди. Ҳаммага чиқ деди, ҳамма қоча-қоч бўлиб, чиқиб кетди. Менда беш-олти мол бор эди, шунинг эвазига ҳеч қаерга чиққаним ҳам йўқ», — дейди у.
Улар бир муддат аввал давлат ОАВларида берилган (хусусан, «Газета.uz» репортажларида берилган ахборот шубҳа остига олинган) материаллар бўйича изоҳ беришни истамади.
«Ана шулар расво қилиб кетди. Нима деган бўлса — деди. Унинг гапига бирор нарса дея олмаймиз — у катта, зўр одам экан», — деди у.
Энди нима қилмоқчисизлар, деган саволга, у кулиб, шундай деди: «Қўлимиздан нима ҳам келарди? Бир жойни ёполмасак, олдига яқинлаштирмаса. Айланиб юрибмиз, ҳозир тушлик қилгани борамиз».
Сентябрдаги биринчи авариядан сўнг кофрунликларнинг бир қисми Бойсундаги техникумларнинг ётоқхоналарига кўчирилганди. Орадан икки ой ўтса ҳамки, улар ётоқхоналарда яшаяпти.
Одамлар ётоқхонада яшашда давом этяпти
«Биринчи портлашдан кейин, ўша кеча Бойсунда бир ошнамизникида беш хўжалик ётдик. Мазам қочиб қолди, бир уйда 50 киши ётиши — уят, деб шундан бери балнисаю гўр-гумроҳ айланиб юрибман, — дейди Орзухол Содиқова. — Бу ерга келганимга бир ой бўлди. Газ ҳамма жойимга таъсир қилади, чунки юрагим касал, қон босимим бор, 46 йилдан бери сурункали бронхит ва астмадан азият чекаман. Болаларим машина билан уёққа олиб қочди, буёққа олиб қочди — у жойларда бир дақиқа ҳам туролмадим — охири ўзим коллежга тиқ, дедим».
Ётоқхонада яшаётган ҳомиладор аёллардан бири болалари учун чидаб, шу ерда қолаётганини айтди.
«Менга зарилми ҳомиладор ҳолимда шу коллежда яшаш? Квартирага чиқсангиз ҳам, камида 2 млн сўм сўрайди. Ҳар хил гап бўляпти, баъзилар: „Булар овқат учун шу ерда ётибди“, деяпти. Шунча йилгача ўзимизнинг хўжайинимиз боқиб келган-ку. Қотган нонимизни есак ҳам, ўз уйимизда еб ўтирсак, ўша яхши», — деди у шахсини ошкор этмаслик шарти билан.
Кўп болали бошқа бир она уйига қайтиб борса, болалари газдан заҳарланиб, йўталиб, қайт қилиб қолгани, боши қаттиқ оғригани ва уч кунгача ҳеч нарса тановул қила олмаганини айтди.
«Сувдан бошқа ҳеч нарса ичмайди, емайди. Икки кун ичи кетди. Кечадан бери иккита чақалоғимнинг иситмаси чиқиб, ярим кечаси, соат 3 да нафаси қайтиб қолди», — дейди у йиғламсираб.
Унинг айтишича, хўжайинининг картасига беш ойдан бери иш ҳақи тушмайди: «Хўжайиним Enter’да ишларди (М-25 заводини Enter Engineering компанияси қуряпти — таҳр.). Ойлик бермаганидан, мана, Тошкентга кетди. 5,7 млн сўм ойлик берарди, шунинг ҳам ярмини, уч ойда бир. [Компания] болаларимнинг ҳақини еб, ишлаган иш ҳақини бермай юрибди».
«Қиш келяпти, совуқ тушди, уй-жойда тараддуд йўқ. Қор ёғса, ёмғир ёғса, болаларимни хонадан чиқармай олиб ўтираман, [чунки совуқ]», — дея қўшимча қилди у.
Бу ерда яшаётганларнинг мактаб ёшидаги фарзандлари дарсга қатнаяптими, деган саволга 1-синфдан 11-синфгача бўлган болаларга Бойсун кўп тармоқли техникумининг бир хонасида умумий тартибда сабоқ бериляпти, деган жавоб олдик.
Турмуш ўртоғини кўргани шифохонага қатнаётган Ойбиби Йўлдошеванинг айтишича, эри Абдуназар Муҳаммадиев Кофрундаги ҳовлисига бориб, газдан заҳарланиб, тоби қочган. Абдуназар аканинг айтишича, авариядан сўнг улар 24-коллежда вақтинча яшаб турган. Яқинда уч кунга уйига бориб, аҳволи ёмонлашган, шунинг учун шифохонада ётибди.
«Қишлоқни соғиндим, деди. Кейин бориб ўтириб эдик, кечаси газ ёмон чиқди, — дейди Ойбиби Йўлдошева. — Эшик-деразамиз пластик эмас, оддий ёғоч, шундан ўтиб, хона жуда газланган экан. Беш кундан бери шу ерда даволаняпмиз. Ҳар куни 300−400 сўмлик дори-дармон олиб келяпман. Биров ҳолинг қандай деётгани йўқ», — дейди аёл.
«1 сентябрда газ портлаганидан бери кўчада сарсон бўлиб юрибмиз-да. Ярмимиз қишлоқда, ярмимиз Бойсунда. Ҳомиладор келинларимизни ҳеч жойда сақлолмадик — Бандихонга юборгандик, газнинг ҳиди у ерга ҳам борди, уёқнинг шифокори бу ер бўлмайди, келиннинг [ҳомила] суви лойқаланган, дебди. Шу билан, ота-онаси Тошкентда эди, уни Тошкентга жўнатиб юбордик. Уч кун бўлди Тошкентдан келганига. Энди болали бўлиши керак — қаерда болали қилиб, қаерга олиб боришимни билмай ўтирибман газни деб», — дейди Ойбиби опа.
«Ҳозир келинимнинг аҳволи ўртача яхши, лекин уч кундан бери қишлоқда, хонада ўтирибди. Мол-ҳолим бор, хўжайиним бу ерда касал, бу киши билан мен бу ерда юрибман, келиним хўжайини билан қишлоқда молга қараб ўтирибди. Кечаси газ келади, 2−3 гача ухламаяпмиз, дейди. Шам ёқиб ўтирибди. Ундан ташқари, дафтар, қоғозларни олдига тайёрлаб, гугурт билан шай ўтиради, бир тавоқда ёқиб, уч-тўртта марта айлантириб, хонани [газдан] тозалайди».
Унинг сўзларига кўра, касалхонада ҳам, ётоқхонада ҳам, қишлоқда иссиқлик таъминоти йўқ. Касалхона маъмурияти беморларга ўзларининг электр иситгичларини олиб келиб, фойдаланишга рухсат берган.
«Қараяпти, раҳмат. Ейиш-ичишимизни, ётоқхонадан жойни қилиб берди. Лекин газ-заводнинг катталари келиб, вазият шундай бўляпти, бирор жойдан жой қилиб берайлик, компенсация пули берайлик, деган гап айтгани йўқ. Овқатини гапирмасин бизга. Уй-жойимиз, молимиз, ўзимиз сарсон. Бир хил қари, юролмайдиганлар қишлоқдан чиққани ҳам йўқ. Газласа ҳам, бошқа қилса ҳам, ётибди бир кунини кўриб, иложим йўқ, деб», — дейди у.
«[Расмий доираларга яқин ОАВларга интервью берган] боболар „газ йўқ“ деб гапираверади — газ сасиб ётибди, ўша боболар ҳам уйида, нима қилса ҳам кунини кўряпти. У келган мухбир қишлоқни айланмади. Ёшлардан сўрасин эди. Қариларнинг бўлгани бўлди — ёшлар қаерга боради?».
Бойсундаги шифохонада газдан заҳарланган беморларга сунъий нафас бериш чоғида электр таъминотида узилишлар бўлаётгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалганди. Туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Боҳодир Нормаматов бунга шундай изоҳ берди: «Светдан ҳеч қандай муаммо йўқ. 840 киловаттлик генераторимиз бор… Свет ҳеч қанақасига ўчгани йўқ. Авария бўлган тақдирда ҳам генератор ишлайди».
Ҳамшираларнинг айтишича, электр таъминоти одатда тушлик вақти узилади. Бундай вазиятларда улар беморларга осма-уколлар билан ёрдам кўрсатади, чунки электр талаб қилувчи ускуналардан умуман фойдаланиш имкони бўлмайди.
Касалхонага кунига ўртача 20 бемор келади. Газ сизиб чиқиши кучайган вақтда беморлар сони ҳам ошади. Мухбирлар касалхонада бўлган куни тиббиёт муассасаси 5 беморни қабул қилиб улгурган эди. Ҳамшираларнинг қайд этишича, сунъий нафас бериш қурилмалари етарли, сунъий нафас олмай кетган бирор бемор йўқ.
«Газета.uz» мухбирлари беморлар билан уларнинг аҳволи ва умуман касалхонадаги шароитлар ҳақида гаплашмоқчи бўлганида, гапни тиббиёт ходимлари олиб кетди.
«Масалан, бойлар кетяпти, камбағаллар қолиб кетяпти. Халқ жуда ҳам азият чекяпти, — дейди кичик тиббиёт ходимларидан бири. — Чора кўрсин. Бу нима деган гап — халқ қачонгача бундай қийналиб, заҳарланиб яшайди? Вақти келиб, у ҳар бир организмни битта-битта ўлдиради. Бу ҳеч нарса қилмайди, деб иккита одамни интервью бердириб, ёлғон-яшиқни чиқариб… Бу нима деган гап? Шароит қилсин. Ёпса ёпсин, чорасини кўрсин. Қуруқнинг гапнинг нима кераги бор?».
Ҳамширалардан бирининг қўшимча қилишича, биринчи портлашдан кейин улар ишлаётган шифохонага расмий маълумотларда кўрсатилганидан кўпроқ жабрланувчи олиб келинган.
«280 атрофида келди, дейилди. Аслида 2800 дан кўпроқ бемор келган-да. Бошида жуда кўп келган, сонияма-сония келиб қолганди. Булар эса интервю бермай, яширди… Мен ўзим ҳомиладорман. Жуда бошим оғриди, беш кун гинекология касалхонасида ётиб чиқдим. Бошимнинг оғриғи деярли қолмади. Газ ҳиди келса, томоқ йўлим қичиб қоляпти. Нафас ололмай қоляпман. Қандай туғаман энди, билмадим. Ҳаммаси Худодан», — деди ҳамшира.
Унинг қўшимча қилишича, даво чораси сифатида кўпроқ организмни ювадиган осма-уколлар, масалан, натрий-хлорид қилиняпти. Бемор нафас олишга қийналса, кислород берилади.
«Шифокор „қизингиз газдан заҳарланган“, деди, — дейди касалхонада фарзандлари билан бирга даволанаётган Райҳон Қосимова. — Биз фақат томчи дори билан таблетка бериб кетамиз, лекин қизингизга осма-укол қилиш керак, кислород олиши керак, деди. Кечаси 20:30 да тез ёрдамга келди. Ярим соат кислород қуйди, кейин осма-укол ёзиб берди. Олишга қурбингиз етадими, деди. Етади, дедим, болам учун бошқа нима ҳам қиламан? Дорихонага бориб, 250 минг сўмга олиб келдим».
«Қишни қандай ўтказамиз?»
«Булар ҳаммани овора қилди, сарсон қилди. Битта гапни айтса, „бўлмайди энди, кетинглар“, деса, одамлар мажбурликдан кетади, иложини борича. Оғайниларникига ҳам бир марта бориб келдик. Уларникига ҳам 10−15 кун сиғасиз, кейин сиғмайсиз. „Меҳмондорчилик ҳам уч кун“ дейди-ку. Топган пулимиз укол-дори, йўлкирага кетяпти. Еётганимиз йўқ, болаларимизни кийинтираётганимиз йўқ. Берган нарсаси уйимизда турибди, уни ҳузурланиб егингиз келмайди. Ўзингиз бозордан бир кило гўшт олсангиз, болаларингизга шундай ҳузурланиб овқат қиласиз, лекин буларнинг берган гўшти шундай турибди — қовургингиз ҳам келмайди, егингиз ҳам келмайди, томоғингиздан ҳам ўтмайди, турибди шундай», — дея қўшимча қилди Райҳон опа.
Портлашлардан кейин эшикма-эшик сарсон бўлиб қолган, озиқ-овқат билан таъминланаётган бўлса-да, уйидан узоқда — техникум ётоқхонасида яшашга мажбур бўлаётган кофрунликларни ҳозир яна бир ўй қийнаяпти: қишни қандай ўтказамиз?
«Ҳозир мана элеткр-печка улаб ўтирибмиз. Икки хонада ўтирибмиз — биттаси исияпти, иккинчиси исимайди. Кичкина неварам бор, бу хонадан у хонага ўтиб, шамоллатиб қўйяпман, — дейди Кофрунда яшовчи аёл. — Кофрунга келин бўлиб борганимга 20 йилдан ошди. Ҳар доим тезак ё кўмир ёққанмиз, газ йўқ. Фақат газ-баллон оламиз. Қишлоққа 200 килодан кўмир тарқатди, лекин биз на тезак, на кўмир тайёрлаганмиз — ҳали қишга тараддуд кўрганимиз йўқ. Уйга борсак газдан заҳарланиб қоляпмиз, қайтиб келсак, уйдаги ишлар қолиб кетяпти».
«Бойсун ўзининг тоза ҳавоси билан машҳур эди. Бугун шаҳарга юқоридан бир назар солсангиз, кўзингиз аввалгидан бошқачароқ манзарани илғайди: ҳудудни қандайдир кўкимтир туман қоплагандек… Бойсунликлар эса ҳали ҳам муаммолар ҳақида очиқ гапиришга чўчияпти. Гарчи тасдиқланмаган бўлса-да, „гапирганга, видео тарқатганга жарима солиняпти“, деган гап-сўзларнинг таъсири сезилади», — дейди репортаж сўнгида журналист Отабек Турдиев.
«Ҳар не бўлганда ҳам аҳоли орасида ортиқча ваҳима, асоссиз хабарлар болалаб кетмаслиги учун кунда-кунора вазият ҳақида расмий ахборот бериш, газ тарқалган маҳалда кўриш зарур бўлган чоралар ҳақида маълумот улашиш мақсадга мувофиқ кўринади», — дея таъкидлади у.
Бойсундан тайёрланган репортажнинг тўлиғини, шунингдек, авариядан кўп ўтмай тайёрланган биринчи репортажни YouTube’даги саҳифамизда ҳам томоша қилишингиз мумкин.
Янги репортаж
Биринчи репортаж