Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги делегацияси Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан «яшил» саноатлаштиришда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида қўшимча грант ажратиш тўғрисида меморандум имзолади, деб хабар берди вазирлик ахборот хизмати.
13 ноябрь куни БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Томонлар конференцияси 29-сессияси (CОP29) доирасида томонлар лойиҳаларнинг жорий ҳолати, хусусан, 2023 йил декабрь ойида имзоланган «Ўзбекистонда хусусий секторга кўмак ва иқтисодий сиёсатлар бўйича маслаҳатлар» лойиҳаси бўйича олиб борилаётган ишларни муҳокама қилган.
Ўшанда Германия хусусий секторнинг «яшил» иқтисодиётга ўтишини қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистонда «яшил» саноатни ривожлантириш учун 9 миллион евро миқдорида грант ажратганди.
Лойиҳа иштирокчилари карбонат ангидрид газини ўлчаш ва сертификатлаш бўйича таълим олмоқда. Бундан ташқари, Германия томони Ўзбекистонга хорижда CО2 сертификатлари савдосини амалга оширишда кўмаклашмоқда ва Европа Иттифоқининг трансчегаравий углерод назорати тизимига (CBM) мослашишга ёрдам бермоқда.
Учрашув якунида томонлар ушбу лойиҳа доирасида 3 миллион евро миқдорида қўшимча грант ажратишга келишиб олди.
Аввалроқ энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов Ўзбекистон йил охиригача углерод бозори фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва углерод нархини шакллантириш механизмларини ишлаб чиқишни режалаштирганини маълум қилганди.
Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон карбонат ангидрид эмиссиясини камайтирганлик учун Жаҳон банки тўловини олган дунёдаги биринчи давлат бўлганди. Ўзбекистон углерод эмиссияларини 500 минг тоннага камайтиришга муваффақ бўлган. Бунинг учун Жаҳон банки мамлакатга 7,5 млн доллар грант ажратган. Маблағнинг бир қисми электр энергияси ва газ тарифлари ошишидан энг кўп зарар кўрган оилаларга моддий ёрдам кўрсатишга йўналтирилади.