D213 «Урганч — Хонқа — Ҳазорасп — Тошсоқа — Амударё — А380» автомобиль йўлини реконструкция қилиш лойиҳаси 294,1 миллион долларга баҳоланмоқда. Бу президентнинг 13 ноябрдаги қароридан келиб чиқади.
Кутилганидек, йўлнинг бир қисми (0−81 км) реконструкция қилинади.
Лойиҳани амалга ошириш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 18 йил муддатга, тўрт йиллик имтиёзли давр билан 238 миллион доллар миқдорида кредит жалб этилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2041 йил ноябригача Ўзбекистон банкка асосий қарз ва фоизлар учун 382,68 миллион доллар тўлаши керак.
Унинг реализацияси 2 йиллик кафолат муддати билан 5 йилни (2024−2029) ташкил этади.
Қарорда қайд этилишича, дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, харажатларни 32,7 миллион долларгача оптималлаштириш имконияти аниқланган. Президент мазкур маблағни Хоразм вилоятидаги D217 «Урганч — Гурлан — Манғит — Туркманистон Республикаси чегараси» автомобиль йўлининг 5 — 75 километрлик қисмини реконструкция қилиш лойиҳасига йўналтириш таклифини маъқуллади.
Автойўллар қўмитаси ва унинг таркибидаги «Автойўлинвест» агентлиги лойиҳани ўз вақтида, сифатли амалга ошириш, ЕТТБ кредитидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ижро этувчи орган этиб белгиланди.
Кредитни қайтариш, фоизлар ва бошқа тўловлар билан боғлиқ харажатлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Президент лойиҳанинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини ва ЕТТБ кредити бўйича прогноз тўлов жадвалини тасдиқлади.
Хоразм вилояти ҳокимлигига қўмита билан биргаликда яшил ҳудудларни ташкил этиш мақсадида реконструкция қилинадиган автомобиль йўлларининг йўл бўйи ҳудудларида иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда 30 минг туп манзарали дарахт ва бута кўчатларини экишни таъминлаш топширилди.
Шу билан бирга, ташкил этилган яшил ҳудудларни тегишли даражада сақлаш бўйича ташаббускор жисмоний ва юридик шахслар билан шартномалар тузилади.
Аввал хабар берганимиздек, қурилиш ишлари якунлангач, ҳозирги бир қаторли 2-тоифали йўл икки қаторли 1-тоифали автомобиль йўлига айланади. Шунингдек, банк маблағлари 4Р156 йўли бўйлаб ёрдамчи инфратузилмани модернизация қилишга ёрдам беради. Шунингдек, Амударё устидан кўприк қурилиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда бўлиб турган ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо шундай деганди: «Биз ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаймиз, чунки у Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги стратегик мақсадларимизга жавоб беради. Бу, шунингдек, Европа Иттифоқининг Global Gateway ташаббуси билан қамраб олинган глобал транспорт ва логистика инфратузилмаси ечимларининг бир қисмидир».
2024 йил январь ойида Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ-Марказий Осиё транспорт соҳаси инвесторлари форумида ЕТТБ келгуси икки-уч йил ичида Транскаспий йўлаги инфратузилмаси ва тегишли транспорт ечимларига 1,5 миллиард евро сармоя киритишга тайёрлигини билдирганди.