Ўзбекистон президентининг илғор хорижий тажриба асосида республикада заргарлик саноатини ривожлантиришга доир қарорларига мувофиқ, «Ўзмиллийбанк» АЖнинг NBU Invest Group АЖ компанияси томонидан Туркиянинг Pala Golden Jewellery компанияси билан Бухоро шаҳрида замонавий заргарлик марказини ташкил қилиш бўйича келишувга эришилди ҳамда 2024 йил 7 ноябрда инвестицион битим имзоланди.

Pala Golden Jewellery компанияси заргарлик йўналишида 25 йиллик тажрибага эга бўлган тадбиркор Уфук Пала томонидан ташкил этилган бўлиб, заргарлик буюмлари билан бирга илғор технологик ускуналар ишлаб чиқаришга ҳам ихтисослашган. Компаниянинг Бирлашган Араб Амирликлари, Миср, Марокаш каби давлатларда сотув офислари мавжуд ва ҳозирда фаолият географиясини янада кенгайиб бормоқда.

Бухоро шаҳрида ташкил этиладиган марказда йиллик қуввати 300 килограммга тенг заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилади. Марказда «шоу-рум» ва ишлаб чиқариш майдонлари, хомашё захираси, асллик даражасини аниқлаш лабораториялари ҳамда заргарлик йўналишида мутахассисларни дуал таълим шаклида тайёрловчи ўқув курсларини ташкил қилиш ва мажмуани 2025 йил биринчи чорагида ишга тушириш кўзда тутилмоқда.

Марказга туркиялик тажрибали мутахассислар жалб қилиниши билан бир қаторда маҳаллий ёшлар учун ҳам иш ўринлари яратилади. Шунингдек, Ўзбекистондаги заргарлик йўналишига ихтисослашган ўқув даргоҳлари талабалари бевосита ушбу заргарлик марказида ҳамда Pala Golden компаниясининг хориждаги корхоналарида ўз билим ва малакаларини ошириб боради.

Реклама ҳуқуқлари асосида.