Бугун, 14 ноябрь куни соат 21:15 да футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2026 саралашининг учинчи босқичи доирасида Доҳада Қатарга қарши майдонга тушади.
Ўзбекистон тўртинчи тур якунига кўра, «А» гуруҳида 10 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Эрон тўплар нисбати яхшироқ бўлгани эвазига пешқадамлик қилмоқда. Учинчи ва тўртинчи ўринларда БАА ва Қатар (4 очкодан), Қирғизистон 5-ўринда (3), КХДР эса охирги (2) ўринда жойлашган.
Ўзбекистон терма жамоа ҳисобида айни вақтда учта ғалаба бор — КХДР билан (1:0), Қирғизистон билан (2:3) ва БАА билан (1:0) ўйинда ўзбекистонлик футболчилар рақибларидан устун келди. Шунингдек, терма жамоа Эрон билан ўз майдонида дуранг ўйнади (0:0).
Қатар ўз майдонида БААга (1:3) ва сафарда Эронга (4:1) мағлуб бўлди, КХДР билан дуранг ўйнади (2:2) ва Қирғизистонни мағлуб этди (3:1).
Ўзбекистон ва Қатар терма жамоалари сўнгги бор 2024 йилнинг февраль ойида Осиё Кубоги чорак финалида тўқнаш келган ва ўшанда ўзбекистонлик футболчилар пеналтилар сериясида мағлуб бўлганди (ўйин 1:1 ҳисобида, пеналтилар серияси эса 3:2 ҳисобида тугаган). Ўшанда Қатар мусобақа кейинги рақибларини ҳам мағлуб этиб, Осиё чемпиони бўлганди.
Жамоалар умумий ҳисобда ўзаро 15 марта тўқнашган. Ўзбекистон ҳисобида 9 ғалаба, 3 дуранг ва 3 та мағлубият бор. Урилган голлар сони ҳам Ўзбекистон терма жамоа фойдасига 25 га 14.
Жаҳон чемпионатининг учинчи саралаш босқичида 18 та терма жамоа олтитадан учта гуруҳга бўлинган. Гуруҳнинг энг яхши икки жамоаси тўғридан-тўғри ЖЧ-2026 финал босқичига йўл олади. Учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган жамоалар эса тўртинчи босқичда ўйнайди, улар яна иккита тўғридан-тўғри йўлланма, шунингдек, қитъалараро плей-офф йўлланмаси учун курашади.
Шундан келиб чиқиб, жамоалар жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланма олиши учун шу босқичнинг ўзида гуруҳида биринчи ёки иккинчи ўринни эгаллаши муҳим.
Аввалроқ хабар берганимиздек, 14 ноябрь куни бўлиб ўтган ўйинолди матбуот анжуманида бош мураббий ёрдамчиси Владо Радманович ва терма жамоа ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров журналистлар саволларига жавоб берди. Сречко Катанец машғулотларда иштирок этган бўлса-да, шифокорлар тавсиясига кўра матбуот анжуманида қатнашмади.
«Агар эртанги ўйин ҳақида гапирадиган бўлсак, унда ҳар бир ўйин, албатта, қийин бўлади. Эртанги ўйин Қатар учун ҳам, Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳам муҳим. Жамоамизга келсак, барча футболчилар эртанги учрашувга тайёр», — деди матбуот анжумади Владо Радманович.
Унинг айтишича, Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штаби Қатар терма жамоаси ҳақида етарлича маълумотга эга.
«Қатар терма жамоаси ҳақида яхши маълумотга эгамиз. Уларнинг олдинги 3−4 учрашувини таҳлил қилиб чиқдик. Улар билан ўзига хос ўйинлар тарихига эгамиз. Бу борада тажрибамиз етарли. Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, яқинда ҳам биз Осиё кубоги доирасида учрашдик. Шу сабабдан айтишим мумкинки, терма жамоа эртанги учрашувга тайёр ва ютқазмаслик яхши натижа бўлади, деб ҳисоблаш мумкин», — деди мутахассис.
Мураббий ёрдамчиси жамоа қандай формада экани ва жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишга қодирлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.
«Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан 3 йилдан бери биргамиз. Уч йилдан буён ушбу футболчилар гуруҳи билан ишлаб келяпмиз. Шу билан бирга, чемпионат ўйинларида ҳам барча футболчиларни кузатиб келамиз. Нафақат олий лига, балки биринчи, иккинчи ва барча лигалардаги футболчиларни кузатиб, назоратини олиб борамиз. Шу сабабдан ҳозирги кунда миллий терма жамоа шу даражага етиб келганки, биз ҳар қандай рақибга қарши қандай ўйнаш кераклигини ва ўзимиз қандай ҳолатда эканимизни яхши биламиз», — деди у.
Бундан ташқари, Владо Радманович Ўзбекистон «жуда қийин гуруҳ»дан ўрин олгани ва биргина эпизод пайшанба кунги ўйин натижасига таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлади.
«Шу сабабдан ҳар бир учрашув биз учун жуда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Гуруҳдаги жамоаларга эътибор берадиган бўлсак, Эрон бўладими, БАА бўладими, барчаси кучли терма жамоалар ҳисобланади. Биттагина аниқ зарба, битта дриблинг ёки битта хато эртага учрашув натижасига таъсир ўтказиши мумкин», — деди у.
Қатар терма жамоаси бош мураббийи Маркес Лопес тўртинчи турда Эрондан учралган мағлубиятдан сўнг (4:1) ўз жамоасидан бунга реакция кутмоқда.
Жамоа учун мағлубият оғир зарба бўлди, чунки Алмоез Али Қатарни ҳисобда олдинга олиб чиққанди, аммо кейинчалик жамоага заиф ҳимоя қимматга тушди, Эрон ташаббусни қўлига олиб, барча уч очкони олиб кетди.
Феврал ойида ўз уйида Қатар терма жамоасига 2023 йилги Осиё Кубогини ютиб берган мураббий Лопес жамоа таркибига узоқ муддатли жароҳатидан тикланган ҳужумчи Муҳаммад Мунтарийни чақирди, шунингдек, таркибда Акрам Афиф ва Алмоез Али ҳам бор. Жамоага жаҳон чемпионатида иштирок этиш умидларини сақлаб қолиш учун ҳам ғалаба жуда зарур. 2022 йилгача Қатар терма жамоаси ҳеч қачон жаҳон чемпионати финал босқичига йўлланма ололмаган, 2022 йилдаги мусобақада эса ташкилотчи сифатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган.
«Биз саралашда 10 та гол ўтказиб юбордик ва кўп ҳолларда жароҳатлар муаммо туғдирди. Ҳимояда вариантларимиз кам, асосий ўйинчиларнинг жароҳатлари эса қийинчиликларни фақат кучайтиради», — деди Лопес.
Унга айтишича, футболчилар «200 фоиз борини бериши» керак.
«Футболчилар ҳам одамлар, хатолар бўлади ва футбол шавқатсиз ҳам бўлиб туради. Жароҳатлар туфайли жамоани тайёрлашда кўп чақириқларга дуч келдик. Мақсадимиз — ғалаба қозониш ва уч очко қўлга киритиш, бу бизнинг саралашдан ўтишдаги умидларимиз учун асосий омил бўлади. Футболчилар ва бу жараёнда иштирок этаётганларнинг барчаси буни тушунади ва умид қиламизки, ҳаммаси бизнинг фойдамизга ишлайди. Биз ғалаба қозониш учун охиригача курашамиз», — деди қатарликлар мураббийи.
Лопес Ўзбекистонни «ўта қийин рақиб» деб атади, чунки терма жамоа жаҳон чемпионатининг Осиё бўйича саралашида яхши ўйнади, фақатгина Эрон ундан очко тортиб олишга муваффақ бўлди.
«Бу кам гол ўтказиб юборадиган ва бир хил таркибда барқарор ўйнайдиган кучли жамоа. Уларда ажойиб ўйинчилар бор, айниқса уларнинг ҳужумкор триоси. Бироқ, биз ўз услубимизни ўтказишга ҳаракат қиламиз. Биз ўтган ҳафта давомида рақибни синчиклаб ўрганиб чиқдик ва кучли юклама билан машғулотлар ўтказдик. Биз уларнинг заиф томонларидан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Бу қийин ўйин бўлади», — деди у.
Терма жамоа сардори Элдор Шомуродов 12 ноябр куни берган интервюсида терма жамоанинг жаҳон чемпионатига чиқиш имконияти юқори эканлигини айтди. Унга кўра, Қатарга қарши ўйинда жамоа уч очко олишга ҳаракат қилади. Шомуродов, шунингдек, Остон Уруновдан бошқа барча футболчиларнинг ўйинга тайёрлигини қайд этди.