Самарқанд шаҳрида автобус ҳайдовчиси йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган вояга етмаган пиёдани уриб юборди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ҳолат 14 ноябрь куни соат тахминан 08:00 атрофида Амир Темур кўчасида содир бўлган. Ҳайдовчи Ф.С. Isuzu жамоат транспортини бошқариб кетаётиб, 12-мактаб яқинида йўлнинг ўнг томонидан чап томонига ўтаётган 3-синф ўқувчисини уриб юборган. ЙТҲ оқибатида пиёда воқеа жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган ва Жиноят процессуал кодексининг 211-моддаси тартибида ушланган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Айтиш жоизки, Самарқанд вилояти ЙҲХБ хабарда илова қилган сурат воқеа жойидан бўлиши мумкин. Суратнинг чап томонида сиз ажратиш чизиғида турган мактаб ўқувчисининг макетини кўришингиз мумкин. Бундай инсон макетлари кўпинча мактаблар яқинидаги кўчаларда ўрнатилади. Шу билан бирга, суратда мактаб яқинида болаларга йўлни хавфсиз кесиб ўтишга имкон берадиган пиёдалар ўтиш жойи йўқ — у фотосуратда ҳам, харитада ҳам кўринмайди.
«Газета.uz» пиёдаларнинг картондан ясалган макетларини ўрнатиш кўчалар хавфсизлигини таъминлаши эмас, балки, аксинча, хавф-хатарни ошириши ҳақида кўп ёзган.
Урбанист Аркадий Гершман «Газета.uz»га берган изоҳида шундай деди: «Бу усул хавфли, чунки машина ҳайдаб кетаётган одамлар бу ерда болалар макетлари борлигига кўникиб қолишади, шунга кўра улар ростдан ҳам болалар ёки катталар турганида секинлашмай қўядилар. Бу ўтиш жойида ҳайдовчиларнинг секинлашиши учун сабаб сифатида қабул қилинмайди, чунки кўз бунга кўникиб қолади ва аслида у аввалгидан ҳам ёмонроқ бўлади», — деб ҳисоблайди мутахассис.
Бундан ташқари, сиз макетлар орқасида ҳақиқий болалар турганини сезмаслигингиз мумкин. Бироқ бутун мамлакат бўйлаб пиёдалар макетларини ўрнатиш давом этмоқда. Куни кеча Тошкент вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 40 дан ортиқ пиёдалар, жумладан, мактаб ўқувчилари ва кексалар макетлари ўрнатилаётганини хабар қилди.
Йўлларда, айниқса, мактаблар ва боғчалар яқинида пиёдалар хавфсизлигини қандай самарали яхшилаш мумкин?
Ҳаракатни жисмонан секинлаштириш керак: хавфсизлик ороллари, кўтарилган ёки рельефли пиёдалар йўлаклари, сифатли йўл чизиқлари, фақат ўтказувчининг ўзи эмас, балки унга яқинлашиш йўлларининг ҳам яхши ёритилиши, пиёдалар учун қулай тротуарлар зарур. Шунингдек, тезликни назорат қилиш камералари ҳам ортиқча бўлмайди.
Охирги пайтларда Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва бошқа шаҳарларида мактаблар яқинида баланд пиёдалар ўтиш жойлари ўрнатиш бошланди, бироқ бу ишларнинг кўлами ёки аниқ режалар ҳозирча маълум эмас.