Тошкент халқаро аэропорти ходими Р.М. 1500 доллар олаётган вақтда пойтахт вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди, деб хабар қилди Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати.

Ташкилот маълумотларига кўра, бу пул эвазига у фуқаронинг аэропортга ишга жойлашишига ёрдам беришни ваъда қилган. Гумонланувчи ҳозир қамоқда. Жабрланувчи ҳам, ўз навбатида, нима учун бундай йўлни танлаганини судга тушунтириб бериши керак бўлади, дейилади хабарда.

Мамлакат аэропортларини бошқарувчи Uzbekistan Airports компаниячи расмий изоҳида сўнгги пайтларда Тошкент аэропортида ишга жойлаштириш билан боғлиқ бир неча фирибгарлик ҳолатлари қайд этилганини маълум қилди.

«Фирибгарлар маълум миқдор эвазига сизни пойтахт аэропортига ишга жойлаштиришни ваъда беришади, бироқ келишилган пулни олгач улар билан алоқа узилади», — дейилади хабарда.

«Ҳозирда Ўзбекистон аэропортларига ишга қабул қилиш фақатгина электрон танлов тизими орқали амалга оширилади. Бу шаффофликни таъминлайди ва танлов жараёнининг самарадорлигини оширади ҳамда пул учун бўш иш ўринларини таклиф қилувчи фирибгарлар тармоғига тушиб қолиш эҳтимолини камайтиради», — дея таъкидлади компания.

Бугунги кунга қадар электрон тизим орқали 284 та бўш иш ўринлари учун танлов ўтказилиб, 218 нафар янги ходим ишга қабул қилинди, деб хабар берди Uzbekistan Airports. Uzbekistan Airports ва халқаро аэропортлар, шунингдек, шуъба корхоналар — UzPort ҳэндлинг компанияси ва UzCargo почта-юк комплексининг бўш иш ўринлари vacancyuzairports.uz веб-сайти ва @vacancyuzairports Telegram каналида эълон қилинади.

«Биз фуқаролардан учинчи шахсларнинг шубҳали таклифларидан қочиб, бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни фақат расмий ва тасдиқланган манбалардан олишларини сўраймиз», — дейилади компания хабарида.