Ўзбекистонда транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашга ихтисослашган нодавлат ўқув муассасалари 2024 йил февралидан бери тўлақонли ишлаётгани йўқ. Кўплаб хусусий автомактаблар ўрганувчиларнинг янги гуруҳларини рўйхатдан ўтказа олмаяпти. Оқибатда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун автомактабда ўқишни истовчилар ва шу фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлар қийин аҳволда қолган.
«Газета.uz» бир неча автомактаб масъуллари ва ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) билан боғланиб, вазиятни ўрганди.
Нега юзлаб нодавлат автомактаблар ишламаяпти?
Ўзбекистонда 2023 йил охиригача 1400 дан ортиқ нодавлат автомактаб бор эди. Ҳозир уларнинг бор-йўғи 80 дан ортиғи фаолиятини давом эттиряпти. Масалан, Хоразмда 23 та, Наманганда 19 та, Бухорода 17 автомактаб ишлаётган бўлса, Сурхондарё, Навоий, Жиззах вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида «права» олишга тайёрловчи бирор хусусий муассаса ишламаяпти.
«Ҳозир автомактабимиз ёпилган, «регистрация»га рухсат йўқ. Гуруҳларни очолмаяпмиз. Автомактабларнинг иши тўхтаб қолганига 7 ой бўлди — февралдан бери ҳеч қайси автомактаб гуруҳ очолмаяпти», — дейди Тошкентдаги автомактаблардан бирининг шахсини ошкор этмаслик шарти билан суҳбатлашган вакили.
«Автомактабларни лицензиялаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 408-сонли қарорига ўзгартишлар киритилган. Бу ўзгартишлар бўйича энди автомактабларнинг худди имтиҳон марказларидагидек жиҳозланган 1 гектарлик автодроми бўлиши ёки шундай автодромни ижарага олиши керак. Бу — оғир талаб», — деди Тошкентдаги бошқа бир автомактаб вакили.
«Газета.uz» мухбирлари боғланган бир неча автомактаб вакиллари ҳақиқатан ҳам автодром жиддий муаммога айланганини тасдиқлади. Ҳақиқатан ҳам, аксарият автомактабларнинг ўз автодроми йўқ. Шу вақтгача автодроми йўқ ўқув муассасалари автодромларни ижарага олган (бир автодром бир неча автомактаб томонидан ижарага олиниши ҳам мумкин эди). Масалан, вакили «Газета.uz»га интервью берган бир автомактаб жорий ўзгаришларгача амалий (автодром) машғулотларини халқ орасида «Файзобод ГАИ» номи билан танилган Миробод туманидаги рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида ўтказган (у 2024 йил 8 январида таъмирлаш ишлари сабаб ёпилганди, март ойида президент ташриф буюрганида, у жой диагностика марказига айлантирилиши айтилганди).
Талаб қачондан ўзгарди?
2022 йил 11 февралида президент Шавкат Мирзиёев раислигида «Хавфсиз ва равон йўл» тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган. Унда кўплаб масалалар, хусусан, йўл қоидабузарликлари учун жарима балларини жорий этиш, Йўл ҳаракати қоидаларини янгилаш, светофорлар ўрнатиш, шунингдек, ҳайдовчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларни имтиҳон қилиш тизимини ислоҳ қилиш кабилар кўриб чиқилган.
Орадан икки ой ўтиб, видеоселектордаги вазифа ва топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, қарор чиқади. Унда «ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимига инновацион педагогик технологияларни жорий қилган ҳолда, ўқув жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш» вазифа сифатида белгилаб қўйилади. Бу вазифа ижроси доирасида 2023 йил майида автомактаблар фаолиятини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан Ички ишлар вазирлигига ўтказилади.
Ўша йилнинг 17 августида хусусий автомактаблар фаолиятини тартибга солишга доир ҳукумат қарорига ўзгартишлар киритилди. Бу ўзгаришларга мувофиқ, энди автомактаблар ё майдони 1 гектарлик, жиҳозланиши имтиҳон марказларникидек бўлган автодромга эга бўлиши ёки шундай автодромни ижарага олиши керак.
Ҳукуматнинг янгиланган қарори талаблари уч ойдан сўнг (2023 йил 19 ноябрдан) кучга кирди, аммо талабга жавоб бермайдиган автомактаблар фаолияти бирдан тўхтатилмади. ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматидан маълум қилишларича, автомактабларни оғзаки ва ёзма огоҳлантириш ишлари қарор қабул қилинишидан аввалроқ бошланган эди. Ўзгаришлар кучга киргач, масъуллар жойларга чиқиб, ўрганишлар ўтказган. 2024 йил февралидан ИИВ хусусий автомактабларга лицензия беришга киришган. Шу вақтдан эътиборан янги талабларга жавоб бермайдиган автомактабларнинг фаолияти тўхтатила бошлаган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматидан «Газета.uz»га маълум қилишларича, аксарият хусусий автомактаблар лицензия талабларига жавоб беролмагани учун, жумладан, автомактаб ҳудудига белгиланган миқдорда кузатув камералари ўрнатилмагани, ўқув жойларининг сифати пастлиги, энг асосан — белгиланган талаб даражасидаги автодроми йўқлиги учун фаолиятини тўхтатган. Энг оғир лицензия талаби ҳам айнан автодром билан боғлиқ.
Автодром қандай бўлиши лозим?
Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонларни ўтказиш ваколати хусусий имтиҳон марказларига ўтказилгунига қадар, имтиҳонлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (хизмати)нинг Рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлинмаларида ўтказилган. Улар аввалдан маълум бир стандарт асосида ташкил этилгани боис, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга доир қонунчилик ҳужжатларида уларнинг жиҳозланишига доир талаблар алоҳида ёзилмаган эди.
Фақат автомактабларнинг ўқув автодромларига доир талаблар кўрсатилганди, холос. Хусусан, бундай автодромларнинг сатҳи текис қаттиқ қопламага ҳамда йил давомида ҳаракатни ташкил қилишни таъминлайдиган техник воситаларга эга бўлиши; унда қиялиги 16 фоиздан кам бўлмаган нишабликка эга бўлган баландлик участкаси; транспорт воситасини тўхтаб туриш жойига қўйиш участкалари (бокслар); қайрилиб олиш участкаси; илонизи йўл участкаси бўлиши керак эди. Бундан ташқари, ҳаракатланишнинг ўхшаш шароитларини вужудга келтириш мақсадида автодром чорраҳалар, пиёдалар ўтиш жойлари ва темир йўл кесишмалари ҳамда Давлат стандартларига биноан йўл белгилари, йўл чизиқлари ва светофорлар билан жиҳозланиши лозим эди.
«Газета.uz» билан суҳбатлашган соҳа вакилларининг таъкидлашича, янги талаблар автомактаблар учун анча оғир. Биринчидан, автодром майдони 1 гектардан кам бўлмаслиги керак. Иккинчидан, автодром автоматлаштирилган тизимларга эга бўлиши керак — бу бутун автодром ҳудудида кузатув камералари, махсус датчиклар ва бошқа техник воситалари билан тўлдирилиши керак, дегани. Учинчидан, у нафақат енгил автомобилларни бошқариш, балки юк машиналари ва автобусларни ҳайдаш бўйича имтиҳонларни топширишга имкон берадиган бўлиши керак.
«Бир кулгили муаммо бор. Биз фақат «Б тоифа (енгил автомобиллар) бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга ўқитамиз. Лекин республика ЙҲХХ бизнинг ихтиёримиздаги автодромда қолган тоифадагилар учун шароит бўлиши кераклиги ҳақида буйруқ чиқариб қўйди. Биз бу масалада шаҳар ЙҲХХга бордик, улар бу масалани ҳал қилолмаслиги айтди. Кейин республика ЙҲХХга бордик, улар эса бир гектардан кам бўлмасин ва ҳамма учун шароит бўлсин, деб турибди. Биз фақат битта тоифа бўйича ўқитадиган бўлсак, нега автодромимизда қолган тоифалар бўйича ҳам шароит қилишимиз керак ахир?», — дейди Тошкентдаги яна бир автомактаб вакили.
Пойтахтдаги фаолияти тўхтаб қолган яна бошқа автомактаб масъули бундай деди: «Тошкентдаги 1 сотих ер 15−20 минг доллар бўлиб турганидан келиб чиқиб айтганда, 1 гектарли автодром қилиш ҳамма автомактабнинг ҳам қўлидан келмайди. Биз бизнес-омбудсманга ҳам, бошқасига ҳам мурожаат қилдик, фойда бергани йўқ. Бу талабни енгиллаштиришса бўларди. Майли, автомактабнинг автодроми бўлсин деган талабга розимиз — бу талаб аввал ҳам бор эди, лекин автомактабга имтиҳон марказлариникидек талаб қўйилмаслиги керак. Бу нотўғри, бунда мантиқ йўқ. Ахир биз имтиҳон олмаймиз, фақат имтиҳонга тайёрлаймиз. Имтиҳонга кўчада ҳам тайёрланса бўлади — шу вақтгача ҳам шунча одам тайёрланган, ўрганган-ку».
ЙҲХХ нуқтаи назари
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот хизмати бошлиғи Зойир Йўлдошев имтиҳон марказлари учун белгиланган талабларнинг нодавлат автомактабларга ҳам татбиқ этилишидан норозилик бўлаётганини инкор этмади. Айни вақтда, ўқув муассасаларида «права» учун ўқиётган талабгорлар учун қулайликлар яратилиши, уларда лозим шароитдаги автодромда амалий машғулот имтиҳонини топшириш имкони бўлиши зарурлигини таъкидлади.
ЙҲХХ вакилининг қайд этишича, бу ўзгаришлардан кўзланган мақсад — «йўллардаги аварияларнинг олдини олиш». «Агар ҳайдовчи сифатли таълим олса, қатъий назоратда ўқиса, дарсларга қатнашса, биз бу тизимни рақамлаштириб, йўлга қўйиб қолсак, келгусида билимли ҳайдовчи қоидага риоя қилиб ҳаракат қилади, автофалокат содир этмайди», — деди Зойир Йўлдошев.
Шунингдек, автодром видеокузатув ускуналари билан тўлиқ қамраб олинган бўлиши керак, токи назоратчилар масофадан туриб жараён қандай кечаётганини кузатиб тура олсин. «Автодромни жиҳозлашга қанча маблағ кетишининг бизга аҳамияти йўқ, талаб даражасида бўлса кифоя, — деди ЙҲХХ вакили. — Талаб даражасидаги автодроми бор (ёки шундай автодромни ижарага олганини тасдиқлаган) автомактаблар фаолиятига рухсат бериляпти».
Автомактаблар талабларни юмшатишни сўраётгани ҳақидаги саволга ЙҲХХ матбуот хизмати бошлиғи Зойир Йўлдошев шундай жавоб қайтарди: «Янги талабларни тасдиқлаган қарор бор. Шу вақтгача шу талабларни бажарган автомактабларга фаолиятини қайта бошлашга рухсат бериляпти. Бошқалар ҳам талабни бажарса, рухсат берилади. Нодавлат автомактабларнинг эгалари — тадбиркорлар ва улар ҳайдовчиликка ўқитгани учун пул олади. Агар улар шу тадбиркорлик тури билан шуғулланишни истаса, марҳамат, ўқув майдонларини талаб даражасида жиҳозласин ва ишлайверсин. Бу давлатнинг талаби».
ЙҲХХ вакилининг қўшимча қилишича, «ҳайдовчилик гувоҳномаси учун ўқиш мажбурий таълим тури ҳисобланмайди». «Агар фуқаро машина ҳайдаш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси олишни истаса, сифатли таълим бериладиган жойга бориши керак», — деди Йўлдошев.
Бу ўзгаришлар ўқиш нархига таъсир қиладими?
Наманган вилоятидаги «Тулпор» автомактаби вакили Жаннатой Асқарованинг таъкидлашича, у ишлаётган автомактаб ўз автодромини қуриб, 2 октябрь куни фаолиятини давом эттириш учун рухсат олган. Автодром битгач, ўқиш нархи бироз ошган.
Янги талабларни мантиқсиз ва нотўғри деб атаган Тошкентдаги автомактаблардан бирининг вакили шундай деди: «Агар талаблар енгиллаштирилса, биз ҳам ижарага ер олиб, соддароқ автодром қуришга ҳаракат қиламиз. Бу харажатимиз ўқиш нархларига ҳам таъсир қилади».
ЙҲХХ вакили нархлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўқиш нархлари давлат томонидан белгиланмаслиги, нарх тадбиркорлик субъектлари — автомактаблар ўртасидаги рақобат асосида шаклланишини таъкидлади. «Газета.uz» билан суҳбатлашган деярли барча автомактаб вакиллари янги талаблар ўқиш нархларининг ошишига сабаб бўлишини билдирди.
2022 йил 4 февралдан бошлаб Тошкентнинг Сергели туманида Autodriver Study компаниясининг биринчи ягона имтиҳон маркази фаолиятини бошлади. Шу кундан бошлаб Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлим-бўлинмаларида ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳонларни қабул қилиш тўхтатилди.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топширишнинг янги тизими шундан иборатки, имтиҳонлар ва баҳолаш инсон факторисиз, тўлиқ автоматлаштирилган тарзда ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси собиқ депутати Расул Кушербаев, Антимонополия қўмитасининг жавобига таяниб, Тошкентда имтиҳон маркази очилиб, давлат марказлари бир вақтнинг ўзида ёпилганда президент фармони бузилганини маълум қилганди.
2022 йил 18 март куни, марказ очилганидан бир ярим ой ўтиб, ундаги нархлар 50% га ошириб юборилди ва бу валюта курси ва бошқа мамлакатлардаги ҳолатлар билан изоҳланди. Шундай қилиб, блогерлар марказнинг рақобатчилар рўйхатига кирмаслиги ва аҳоли учун бошқа алтернатив вариантлар йўқлигини эътироф этган.
Тошкентдаги ҳайдовчиларнинг Ягона имтиҳон маркази асосчиси Комил Алламжонов ўша пайтда монополия айбловларини рад этганди: «Мен монополист эмасман. Бизнинг ҳолатимиз ҳам монополияга кирмайди», деганди у.
Шундан сўнг, компания Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Намангон, Андижон, Фарғона, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида ҳам имтиҳон марказларини очди.