2023 йилдан бошлаб Эстонияда ижтимоий-иқтисодий вазият туфайли жиноятчилик ортиб бормоқда, хусусан, пул етишмаслиги туфайли одамлар кўпроқ ўғрилик қила бошлади, деди адлия ва рақамли технологиялар вазири Лииса-Ли Пакоста. Бу ҳақда РБК ёзмоқда.

«Ўн йил давомида жиноятчилик камайди, лекин ўтган йили ўсишни бошлади. Илгари биз жиноятчилик даражаси пасайган кам сонли мамлакатлардан бири эдик», — деди у (Postimees иқтибоси). Пакостанинг сўзларига кўра, жиноятлар сонининг ўсиши тахминан 4 фоизни ташкил этди, шундан 25 фоизи фирибгарликка тўғри келади.

Вазирнинг аниқлик киритишича, Эстония «европача тренддан холи эмас», чунки Европа Иттифоқида «жиноятчилик кўп йиллардан бери ўсиб бормоқда». «Шуни таъкидлаш керакки, таҳлилчилар ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ёмонлашишини Эстонияда жиноятчиликнинг ўсишининг асосий омили деб санамоқда. Афсуски, озиқ-овқат ва энг зарур нарсаларни сотиб олиш учун пуллари етмагани учун ўғирлик қилаётганлар сони ҳам кўпайди», — деди вазир.

Январь ойида Postimees Эстония полиция ва чегара қўриқлаш департаменти статистикасига таяниб, озиқ-овқат ва велосипед ўғирлаш сони кўпайгани ҳақида ёзганди. «Йил давомида мулкка қарши жиноятлар сони кўпайган. Улар орасида ўғрилик, фирибгарлик, киберфирибгарлик ва растрата устунлик қилмоқда», — дея Адлия вазирлиги изоҳидан иқтибос келтирган нашр. Вазирлик маълумотларига кўра, 2023 йилда 10 минг аҳолига нисбатан энг кўп ўғрилик ҳолатлари Тартумаа, Харьюмаа, Ида-Вирумаа ва Валгамаа туманларига тўғри келган.

Эстония 2024 йил бошида йиллик инфляция даражаси бўйича Евроҳудуд мамлакатлари орасида учинчи ўринни эгаллаган, у 4,4% ни ташкил этган, деб ёзади ERR Eurostat маълумотларига таяниб. Нархлар энг кўп Руминия (7,1%) ва Хорватияда (4,8%) ошган. Нашр маълумотларига кўра, инфляцияга асосан хизматлар, озиқ-овқат, алкоголь, тамаки маҳсулотлари, шунингдек, ноэнергетик саноат товарларининг қимматлашиши сабаб бўлган.