Президентнинг 1 мартдаги қарорига мувофиқ барча турдаги суғурта шартномалари (қайта суғурталаш) ва суғурта полисларини Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мажбурий рўйхатдан ўтказиш жорий этилмоқда.

Барча турдаги суғурта полисларини қоғоз шаклида расмийлаштириш бекор қилиниши муносабати билан электрон шаклда суғурта хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

У қуйидагиларни белгилайди:

  • Ягона ахборот тизими орқали барча турдаги суғурта шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва суғурта полисларини расмийлаштириш тартиби;
  • суғурталовчилар томонидан Ягона ахборот тизимидан фойдаланиш талаблари ва шартлари;
  • Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигининг кўрсатмаларига мувофиқ ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш даврида ундан фойдаланишни тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш ва бошқалар.

Янги тартиб суғурта мукофотларини ҳисоблашни автоматлаштириш орқали мажбурий суғурта шартномаларини тузиш жараёнларини соддалаштиради, суғурталовчини танлаш ҳуқуқи билан шартномаларни электрон шаклда мажбурий тузиш имкониятини таъминлайди, шунингдек суғурта даъволарини тартибга солишни назарда тутади.

Агар суғурта полислари Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали расмийлаштирилмаган бўлса, улар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва бу суғурталовчининг лицензия талаблари ва шартларининг бир марталик қўпол бузилиши деб эътироф этилади.

Суғурта шартномаси ягона тизимда рўйхатдан ўтказилганидан ва суғурта мукофоти тўлангани суғурталовчи томонидан электрон тарзда тасдиқланганидан сўнг суғурта полиси ягона тизим орқали автоматик тарзда расмийлаштирилади. Бунда, биргаликда суғурта қилиш шартномаларида суғурта мукофоти тўлангани суғурталовчи томонидан электрон тарзда тасдиқланади.

Суғурталовчилар ҳамда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармасига келиб тушган суғурта даъволарининг ҳисоби ягона тизимда юритилади. Суғурталовчи суғурта даъволарини кўриб чиқиш натижаси юзасидан аризачини хабардор қилади ва кейинги иш кунидан кечиктирмай ягона тизимда ижро ҳолатини белгилаб ижро ҳужжати нусхасини юклайди.

Ҳужжатда белгиланишича, ваколатли давлат органининг қарори юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш мумкин. Ушбу низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.