Октябрь ойи охирида Исроилнинг Эронга ҳужуми оқибатида ядровий қурол ишлаб чиқиш бўйича махфий тадқиқот маркази йўқ қилинган, деб хабар берди Axios Исроил ва АҚШ расмийлари орасидаги манбаларга таяниб.

Нашр маълумотларига кўра, гап Теҳрондан тахминан 30 километр жануби-шарқда жойлашган Парчин ҳарбий мажмуаси ҳудудидаги Телеган-2 объекти ҳақида бормоқда. У Эроннинг «Амад» ядро қуроллари дастурининг бир қисми эди, дастур 2003 йилда тўхтатилган.

Телеган-2 да ядровий қурилмани ишга тушириш учун зарур бўлган портловчи моддалар синовлари ўтказилган деб ишонилади. Собиқ исроиллик амалдорнинг Axios`га айтишича, бундай синов учун ишлатиладиган мураккаб ускуна зарба билан йўқ қилинган. Исроил ҳужумидан кейин олинган сунъий йўлдош тасвирлари лаборатория биноси бутунлай вайрон бўлганини кўрсатади.

Нашрнинг ёзишича, АҚШ ва Исроил разведкаси 2024 йил бошида Парчинда тадқиқот фаолиятининг тикланишини қайд эта бошлаган. «Улар ядро қуролини ишлаб чиқариш учун асос яратиши мумкин бўлган илмий тадқиқотларни олиб борди. Бу сир эди. Эрон ҳукуматининг кичик қисми бундан хабардор эди», — деди АҚШ вакили Axios`га.

Таъкидланишича, Исроил ҳужуми Эроннинг ядровий тадқиқотларни қайта бошлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига «сезиларли даражада путур етказган» ва Тель-Авив Эрон тизими ҳақида «муҳим тушунча»га эга экани ҳақида «нозик мессеж» бўлган.

Исроил 1 октябрь куни Эроннинг оммавий ракета ҳужумига жавоб зарбасини тайёрлаётганда нишон сифатида Телеган-2 объекти танланган. АҚШ Исроилдан Эрон билан урушни қўзғатмаслик учун Эрон ядровий объектларига ҳужум қилмасликни сўраган.