Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ва Yandex Uzbekistan ҳамкорлигида Ўзбекистонда информатика ўқитувчилари учун бепул курслар йўлга қўйилди, деб хабар қилди компания матбуот хизмати «Газета.uz»га.
Курслар давомида ўқитувчилар нейротармоқлар ҳақида кўпроқ маълумот олиши ҳамда Python’да дастурлаш асослари билан танишиши мумкин бўлади. Курслар назарий ва амалий машғулотларни ўз ичига олади, бу материални Python тилини билмай туриб ўзлаштириш ва уни машғулотни тугатгандан сўнг дарҳол иш жараёнида қўллаш имконини беради.
Курс материаллари Yandex мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, курсларнинг ўзи Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти томонидан амалга оширилаётган узлуксиз малака ошириш тизимининг бир қисмига айланади.
Компаниянинг таъкидлашича, курслар бепул ва вақт чегараси йўқ, барча қўшимча материаллар эса иштирокчиларда доимий қолади. Улар Python’да асосий конструкциялардан тортиб объектга йўналтирилган дастурлаш асосларигача бўлган мавзуларни ўз ичига олган олтита бўлимни тақдим этади. Ўқитувчилар ўз ишига энг мос келадиган мавзу ва топшириқларни танлаш имкониятига эга бўлади.
Қисқа анкетани тўлдириб, курсларга ёзилиш мумкин. Курслар онлайн форматда ўтказилади, бу эса ўқитувчиларнинг асосий ишидан чалғимай, ўзлари учун қулай бўлган суръатда ўқишини таъминлайди. Курсларни тугатгандан сўнг иштирокчилар болалар учун Python дастурлаш бўйича қўшимча материаллар ва ўқув жараёнига интеграциялашуви осон бўлган автотекшириш билан боғлиқ тайёр масалаларга эга бўлади.
«Биз учун таълим соҳасидаги лойиҳаларимиз Ўзбекистон фуқароларига IT соҳасини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратишга ёрдам бериши муҳим. Шунинг учун биз турли шаҳарларда дастурлаш мактаблари, ишлаб чиқувчилар учун стажировка дастурлари ва интенсив курсларни йўлга қўймоқдамиз, янги курслар эса турли вилоятлардаги кўплаб информатика ўқитувчилари учун сифатли ва замонавий ўқув материалларидан фойдаланиш имконини беради», — деди Yandex Uzbekistan бошқарувчиси Иззат Шукуров.
«Yandex Uzbekistan билан ҳамкорлик ўқитишнинг замонавий усулларини жорий этиш ва ўқитувчилар учун имкониятларни кенгайтириш имконини бермоқда, — дейди Педагогик маҳорат миллий институти ректори. — Мазкур лойиҳа нафақат информатика фани ўқитувчиларининг касбий ривожланишига кўмаклашади, балки Ўзбекистон таълим тизимини ҳар томонлама модернизация қилишга ҳисса қўшиб, келажакдаги вазифаларга тайёр мутахассисларнинг янги авлодини шакллантириш имконини беради».