11 ноябрь куни БМТнинг Женевадаги штаб-квартирасида Суриядан қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда Глобал ҳамкорлик ва барқарорлик фонди (GCERF) билан мазкур тадбирни ташкил этган Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) хабар берди.
Тадбирдан кўзланган мақсад қуролли можароли ҳудудлардан қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон тажрибасини тақдим этиш ҳамда президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан яқинда ташкил этилган Минтақавий экспертлар кенгаши фаолиятини очиқлашдан иборат.
Анжуманда БМТ бош котиби ўринбосари Владимир Воронков, БМТ Хавфсизлик кенгашининг Терроризмга қарши кураш қўмитаси ижроия дирекцияси раҳбари Наталя Герман, Глобал ҳамкорлик ва барқарорлик фонди директори Халид Косер, Хавфсизлик сиёсати бўйича Женева маркази директори Томас Гремингер, шунингдек, Марказий Осиё, Европа Иттифоқи мамлакатларининг БМТнинг Женева бўлинмасидаги доимий вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида 2019 йилдан буён минтақа давлатлари Сурия ва Ироқдаги қуролли можароли ҳудудлардан 2200 нафарга яқин фуқаросини, асосан, аёллар ва болаларни ватанига қайтаргани алоҳида қайд этилди. «Махсус реабилитация ва реинтеграция дастурлари уларнинг осойишта ҳаётга қайтишига ва ўз оилалари ва жамиятлари билан муносабатларини тиклаш имконини берди», — дейилади хабарда.
СМТИ директори Элдор Арипов ўз нутқида Ўзбекистоннинг терроризм ва экстремизмга қарши курашдаги янгича ёндашувлари ҳақида гапирди.
Унинг сўзларига кўра, асосий эътибор таълим ва жаҳолатга қарши курашиш масалаларига қаратилмоқда. Мамлакатда Ислом динининг инсонпарварлик ва тинчликсевар моҳияти, унинг Марказий Осиё цивилизацияси тараққиётидаги ўрни ҳақидаги ҳақиқий билимларни оммалаштирадиган Халқаро Ислом академияси, Имом Бухорий, Термизий, Мотурудий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Халқаро ислом цивилизацияси маркази фаолият кўрсатмоқда.
«Диний сиёсат бағрикенглик ва инклюзивлик тамойилига асосланади. Ўзбекистонда экстремизм ва радикализм тарқалишига миллатлараро ва динлараро тотувликни қўллаб қувватлаш самарали тўсиқ бўлиб хизмат қилмоқда», — дея таъкидланди анжуманда.
Ўзбекистон халқаро мажбуриятларни бажариш доирасида биринчилардан бўлиб ўз фуқароларини қуролли можароли ҳудудлардан ватанига қайтарди. 2019 йилдан буён 530 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси, асосан аёллар ва болалар ўз юртларига қайтарилди. Уларга тиббий, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатилди. Касбий таълим ва бандлик дастурлари ишлаб чиқилди.
Фуқаролик жамияти ва маҳаллий ҳамжамият реабилитация жараёнларига жалб этилиб, иш гендер ва ёш хусусиятларини синчковлик билан ҳисобга олиш асосида қурилаётгани қайд этилди.
БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Владимир Воронковнинг БМТга аъзо давлатлар учун Ўзбекистон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда реабилитация ва реинтеграция қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш долзарб эканлигини таъкидлади. У «Тошкентнинг ушбу модели инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини таъминлашга қаратилган бўлиб, реабилитация ва реинтеграция жараёнларида муҳим аҳамиятга эгалигини» қайд этди.
GCERF директори Халид Косер Ўзбекистон модели бошқа давлатлар учун йўл харитаси бўлиб хизмат қилишини алоҳида қайд этди. «Бу усул фуқароларни қуролли можаро ҳудудлардан қандай қилиб самарали, инсонпарвар ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда қайтариш мумкинлигини кўрсатди», — деди у.
Томонлар президент ташаббуси билан 2024 йилда БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси шафелигида ташкил этилган Реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича минтақавий экспертлар кенгаши фаолиятини муҳокама қилди. Кенгаш Марказий Осиёнинг барча давлатларидан эксперт ва мутахассисларни бирлаштирган. Унинг доирасида қайтарилган шахсларнинг нормал ва тўлақонли ҳаётга муваффақиятли интеграциялашувини таъминлайдиган билимлар, усуллар ва дастурлар тўпланади.
«Тошкентда ташкил этилган Кенгаш бу борада илғор тажриба ва ўрганилган сабоқлар алмашишни кучайтиришга кўмаклашишига ишончим комил», — дея қайд этди БМТ Хавфсизлик кенгаши Терроризмга қарши кураш қўмитаси ижроия дирекцияси раҳбари Наталя Герман.
ЙХҲТнинг терроризмга қарши кураш бўлими раҳбари ўринбосари Феизо Нуманайнинг сўзларига кўра, «вакиллар бир неча маҳаллаларда бўлиб, одамларни реабилитация қилиш ва интеграциялашуви бўйича амалга оширилаётган улкан ишларни кўрганларида, Тошкентдаги маҳаллий ҳамжамиятларнинг фаолияти ЙХҲТда катта таассурот қолдирган».
ЕИнинг Женевадаги БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлардаги делегацияси ходими Маттиа Тоалдо Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлашда ёрдамини давом эттиришга, жумладан, фуқароларни қуролли можароли ҳудудлардан ватанига қайтариш масалаларида тайёрлигини билдирди.
«Ўзбекистон асосий ҳамкор ва биз минтақада барқарорликни сақлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда давом этиш ниятидамиз», — деди дипломат.
БМТнинг Женева бўлинмасидаги Марказий Осиё давлатларининг доимий вакиллари ҳам минтақанинг барқарор ривожланиши ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир-бирларининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган ҳолда очиқлик ва ишонч тамойиллари асосида Минтақавий экспертлар кенгаши доирасида ўзаро ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирди.