Украина ҳукумати уруш даврида мамлакат учун ички ҳаракатлар режаси — «матонат режаси» устида ишламоқда, у келгуси ҳафтада украиналикларга тақдим этилади, деди давлат раҳбари Владимир Зеленский.
Режа бандлари орасида Украинанинг «маданий суверенитети» ҳам бор. У мамлакат маданий мероси, замонавий маданият ва маданий дипломатияни қамраб олади. Зеленскийнинг сўзларига кўра, банд «украинча контент» ишлаб чиқишни ва «Украинадаги маданий ҳамжамиятнинг ҳақиқий ва самарали бирлашишига» кўмаклашишни назарда тутади.
Режада, шунингдек, «мамлакат бўйлаб, ҳар бир минтақада, ҳар бир ҳамжамиятда» хавфсизлик моддаси ҳам мавжуд. «Бу — асос. Ҳар бир кишимиз учун зарур бўлган хавфсиз макон», — деди Зеленский.
Бундан ташқари, режада энергетика ва қурол-яроғ, жумладан, уни мамлакат ичида ишлаб чиқариш ва Украина ҳамкорларига етказиб бериш пунктлари бўлади.
«Жами ўнта банд… ва ҳар бир банд бўйича биз Украина фуқаролик жамияти, оқилона ғояларни киритишга тайёр бўлган барча одамлар билан биргаликда Украина учун, бизнинг барқарорлигимиз учун асосий, доктринал ҳужжатни тайёрлаймиз. Аниқ иловалар билан. Қадам-бақадам. Унда биз Украина ғалабасини таъминлаш учун ички имкониятларимиздан қандай фойдаланишимиз, ғалаба деган сўзга ҳақли даъво қилишимиз мумкинлиги баён этилади. Ҳар биримиз — ҳар бир украиналик», — деди Зеленский.
- Октябрь ойида Украина ҳукумати Россия билан урушда «ғалаба режаси»ни тақдим этганди. У беш банддан иборат бўлиб, хусусан, НАТОга кириш, Украинада «комплекс ядровий бўлмаган тўхтатиш пакети»ни жойлаштириш ва Европадаги Америка контингентини украиналик ҳарбий қисмлар билан алмаштиришдан иборат.