Президент Шавкат Мирзиёев 14 ноябрь куни Ўзбекистонда касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволашга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, сўнгги 7 йилда бу тизимга ажратилаётган маблағлар 6 карра оширилган. Олдин фақат Тошкентда бажарилган 400 дан ортиқ юқори технологик амалиётлар бугун вилоят ва туманларда ҳам ўтказилаяпти.
Касалликларни эрта аниқлаш мақсадида онкология, эндокринология, кардиология марказлари ҳудудларда скрининг текширувлари олиб бораяпти. Масалан, 1 млн 700 минг нафар аёл скрининг қилиниб, 49 мингида саратон олди касалликлари топилган. Бу йил ярим йилликда 122 минг нафар аҳолида юрак қон-томир ва қандли диабет эрта босқичда аниқланган.
Даволашдаги энг катта муаммо — касалликнинг кеч юзага чиқиши. Шу боис президент ташаббуси билан Қашқадарёда тажриба тариқасида онкология бўйича ҳар бир эрта аниқланган ҳолат учун тиббиёт бригадаларига 2 млн сўмдан мукофот бериш жорий қилинди.
Натижада оилавий шифокорлар ўз маҳалласидаги 51 нафар аёл ва болаларда шундай белгиларни аниқлади. Бунинг учун 102 млн сўм мукофот пули берилиб, кеч босқичда сарфланадиган 8 млрд сўм маблағ тежалган.
Таҳлилларга кўра, жами онкологик касалликларнинг ўртача 20−25 фоизи аёллардаги кўкрак бези ва бачадон саратонига тўғри келади. Шу боис бу борада скринингларни кенгайтириш ва уларнинг реестрини юритиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, 2024 йилда гематология, кардиология, эндкринология касалликларини эрта аниқлаш ва уларни даволаш бўйича уч йиллик дастурлар якунига етади. Мутасаддиларга эришилган натижаларни ҳисоб-китоб қилиб, уларнинг муддатини узайтириш бўйича кўрсатма берилди.
Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони билан касалланган 10 225 нафар аёл диспансер назоратида турганини айтди.
«Шу пайтгача бизлар, асосан, онкологик касалликларнинг асоратлари билан курашиб келган бўлсак, бу йилдан бошлаб скрининг тизимига, яъни фуқароларимизда онкологик касалликларни эрта аниқлаш жараёнларини такомиллаштириш бўйича кенг қамровли ишларни олиб боряпмиз», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, Шавкат Мирзиёевга бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони касалликларини скрининг ва назорат қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарор лойиҳаси тақдим этилган. Ҳужжатга кўра, тиббий хизматнинг бирламчи бўғинида кенг қамровли скрининглар жараёнлари ўтказилади. Бунда полимераз занжирли реакция (ПЦР) текшируви ва цитологик текширувлар ўтказилиши натижасида аёлларда бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш фоизини имкониятларини кўтариш мақсад қилинган.
Скринингни ташкил этиш Республика ихтисослаштирилган она ва болаликни муҳофаза қилиш илмий-амалий маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази зиммасига юклатилади.
Бунда 30 ёшдан 50 ёшгача бўлган аёллар йилига бир марта ПЦР ва ҳар икки йилда бир марта маммография орқали скрининг қилинади.
Бундан ташқари, Uzinfocom ташкилоти саратон касалликларини рўйхатга олиш платформасида беморларнинг электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқади.
Мутахассислар тайёрлаш учун Республика ихтисослаштирилган она ва болаликни муҳофаза қилиш илмий-амалий маркази ҳузурида алоҳида ўқув маркази ташкил этилади. У бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини текшириш ва даволаш билан шуғулланади.
Ҳужжатда, шунингдек, молиялаштириш ва диагностика усулларини самарали йўлга қўйиш масалалари билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ва хусусий тиббиёт ташкилотлари вакиллари, Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги мутахассисларидан иборат алоҳида кенгаш ташкил этиш ҳам назарда тутилган.