Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанетс 14 ноябрь куни бўлиб ўтган учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Қатар терма жамоасининг жаҳон чемпионати-2026 саралашининг учинчи босқичи доирасидаги мағлубиятига изоҳ берди. Пайшанба куни Доҳада бўлиб ўтган учрашув 3:2 ҳисобида якунланди.
Ўзбекистон биринчи бўлимда Алмоиз Алининг зарбаларидан сўнг иккита гол ўтказиб юборди ва иккинчи бўлим охирида Аббосбек Файзуллаев дубль қайд этиб, ҳисобни тенглаштирганида ўйинга қайтишга муваффақ бўлди.
Терма жамоа учрашувни бешта ҳимоячи билан бошлади, ҳужумчи Элдор Шомуродовнинг 21-дақиқадаги жароҳатидан сўнг жамоа иккинчи бўлимда тўртта ҳимоячи билан ўйнай бошлади. 91-дақиқада мураббий яна бешинчи ҳимоячини туширди, 102-дақиқада эса Қатар учинчи голни киритди.
Журналистлардан бири жамоа учта марказий ҳимоячи билан тактикада учта голни ўтказиб юборганини таъкидлади. Сречко Катанец бунга жавобан кулди ва Қатар ҳужумчини туширганини, «ўша вақтга келиб биз чарчаганимизни» айтди, дея унинг сўзларини келтирмоқда Championat.Asia.
Мутахассис, шунингдек, ярим ҳимоячи Жалолиддин Машариповнинг (Шомуродов ўрнига) шамоллаб қолганига қарамай майдонга чиқиши ҳақида ҳам изоҳ берди.
«У яхши савиядаги футболчи бўлганлиги учун ҳам уни туширдик. У ўйинни иккинчи бўлимда туширишни илтимос қилганди. Захира пайтида мен таваккалчиликка қўл урдим», — деди у.
У оммавий ахборот воситаларининг Файзуллаев ва Машарипов бир вақтнинг ўзида ўйнаганида, улар кўпинча бир хил позицияда бўлишгани ҳақидаги саволини изоҳламади.
«Нима учун биз охирида бундай оддий голни ўтказиб юбордик, билмайман. Биз узоқ вақт ютқазмадик, шунинг учун мухлислар учун қийин. Олдинда яна бешта ўйин бор», — деди Катанетс.
Мураббий, шунингдек, 2:2 ҳисобида ҳимоядан ўйнаш кўрсатмаси бор-йўқлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.
«Йўқ, йўқ! Мен ўйинчиларга бундай қилишни айтмаганман. Нега бундай бўлганини билмайман. Бошқа ўйинларни кўрсангиз, шунга ўхшаш ҳолатларни кўрасиз. Буни дунёнинг энг яхши мураббийлари ҳам тушунтириб бера олмайди. Бундай вазиятларда ўйинчилар дуранг яхши натижа деб ҳисоблашади», — деди у.
Кейинроқ, жароҳатлар туфайли майдонни тарк этган ҳужумчи Элдор Шомуродов ва ярим ҳимоячи Отабек Шукуров КХДРга қарши ўйинда иштирок эта олмаслиги маълум бўлди.
Қатар терма жамоаси бош мураббийи Маркес Лопес ўз шогирдлари биринчи бўлимни яхши ўтказгани ва ҳар жиҳатдан рақибидан устун бўлганини таъкидлади.
«Биринчи бўлимни яхши ўтказдик ва барча жабҳаларда рақибдан устунроқ эдик. Танаффусдан кейин жамоам ўйинида пасайиш кузатилди. Ўзбекистон ўйинни ўз қўлига олди. Қийин ўйин бўлгани шубҳасиз. Ўзбекистон терма жамоасининг ҳужум чизиғи кучли эканлигини билардим. Рақибимиз ўйин давомида тактик услубини ўзгартиргани ҳам бизга қийинчилик туғдирди. Сўнгги сонияларда ғалаба голини кирита олдик. Футболчиларимнинг бутун ўйин давомида кўрсатган кучли матонати ва намоён этган характери учун жуда миннатдорман», — деди у.
Бу Сречко Катанец бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоасининг асосий вақтдаги иккинчи мағлубияти бўлди (Осиё кубоги чорак финалида Қатарга қарши пенальтилар сериясидаги мағлубиятни ҳисобга олмаганда) ва бу 17 ўйинлик мағлубиятсиз серияни тугатди. Ўзбекистон охирги марта 2023 йил 9 сентябрда асосий вақтда АҚШ терма жамоасига мағлуб бўлган эди (0:3). Ўшандан бери жамоа 10 та ўйинда ғалаба қозонди ва 7 тасида дуранг ўйнади.
Катанетс раҳбарлигида миллий терма жамоа 19 та расмий ўйин ўтказиб, 12 та ғалаба қозонди, 5 марта дуранг ўйнади ва 2 та мағлубиятга учради.
«А» гуруҳида беш турдан сўнг Эрон 13 очко билан етакчилик қилмоқда, Ўзбекистон эса 10 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. БАА учинчи ўринни эгаллаб турибди — 7 очко, кейинги ўринларда Қатар (7), Қирғизистон (3) ва КХДР (2) жойлашган.
Олдинда яна беш тур бор. Кейинги ўйинни Ўзбекистон 19 ноябрь куни соат 17:00 да Лаосда бетараф майдонда Шимолий Кореяга қарши ўтказади.