15 ноябрь куни Ўзбекистон президент томонидан имзоланган қонун [ЎРҚ-999-сон] билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг айрим моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар қилди. Қонун Сенат томонидан 24 октябрь куни маъқулланганди.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-моддаси тўртинчи қисмига қўшимча ва ўзгартириш киритиш орқали ички ишлар органларининг 185−2 (Совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш) ва 187-моддалари (Жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш) бўйича пробация назоратидаги шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомани тузиш ваколатини пробация хизматининг катта инспектори ва инспекторига бериш нормаси белгилаб қўйилмоқда.
Сенат ялпи мажлисида пробация бўлинмалари ходимларининг назорати остидаги шахс томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда унга нисбатан маъмурий баённома тузиш учун уни ҳудудийлик жиҳатдан яқин орада жойлашган таянч пункти профилактика инспекторининг олдига олиб бориб, маъмурий баённома расмийлаштириш кераклиги пробация ходимининг иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, ортиқча вақт сарфланишига сабаб бўлаётгани айтилганди.
Маълум қилинишича, 2023 йилда 83 763 нафар шахс ички ишлар органларининг пробация назоратида турган бўлса, 2024 йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич 86 226 нафарни ташкил этган, яъни 2024 йилда бундай шахслар 2463 тага кўпайган.
2023 йилда маъмурий назоратда турган 4167 нафар шахс судлар томонидан ўрнатилган тақиқ (чеклов)ларга риоя қилмагани учун уларга биринчи маротаба маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. 2024 йилнинг 9 ойида 3153 нафар шахсга маъмурий баённомалар тузилган.
Айнан шу тоифадаги шахслар судлар томонидан белгиланган тақиқ (чеклов)ларга бир неча бор риоя қилмаганлиги учун 2023 йилда 717 нафар ва 2024 йилнинг 9 ойида эса 637 нафар шахс Жиноят кодексининг 226-моддаси (Маъмурий назорат қоидаларини бузиш) бўйича жавобгарликка тортилган.