Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Махтумқули кўчасининг Кичик ҳалқа автомобиль йўли кўприги остидан ўтувчи Тошкент тиббиёт академиясидан Ашхобод боғи томон йўналишидаги қисми 16 ноябрь соат 22:00 дан 17 ноябрь соат 08:00 гача ёпилади. Бу ҳақда пойтахт матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳокимлик у ерда қувур алмаштириш ишлари олиб борилишини маълум қилган.

«Мазкур вақт давомида йўл ҳаракати иштирокчиларига муқобил йўллардан фойдаланишларини тавсия этамиз. Юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликлар учун узр сўраймиз», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Аввалроқ йўл қурилиш ишлари сабабли КҲАЙнинг Махтумқули кўчаси билан кесишмасидаги ёндош қисми 5 декабргача ёпилгани хабар қилинганди.