Ҳар йили ноябрь ойининг учинчи якшанбасида дунё бўйлаб йўл-транспорт ҳодисаларининг қурбонлари хотирланади. Бу йил ушбу сана 17 ноябрга тўғри келди. Шу муносабат билан «Газета.uz» Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) билан ҳамкорликда мамлакатимиздаги ЙТҲ қурбонлари хотирасини имкон доирасида абадийлаштиришга қарор қилди.

ЎзПФЛ сана муносабати билан махсус ролик эълон қилди. Аслида бу видеоролик баҳона аввало ЙТҲ оқибатида қурбон бўлган болалар хотирланиши режалаштирилган эди, аммо уларнинг оила аъзолари билан бирма-бир қилинган мулоқотлар давомида ҳамма ҳам, олдиндан тахмин қилинганидек, оғир дамларни эслашга тайёр эмаслиги ойдинлашди. Буни тўғри қабул қилдик.

«Газета.uz» Сергели туманида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган 9 ёшли Солиҳа Лутфуллаеванинг онаси Нигора Лутфуллаевага қизи ва умуман воқеа ҳақида батафсил ҳикоя қилиб беришга куч топа олгани учун миннатдорлик билдиради ҳамда бу материал Солиҳанинг хотирасини абадийлаштириш учун оз бўлса-да ҳисса қўшади, деб ишонади.

Қуйида Нигора Лутфуллаеванинг марҳум қизи Солиҳа ҳақидаги ҳикояси ҳавола қилинади.

Шумхабар

Солиҳа Луфуллаева 2015 йил 18 майда туғилган эди. 2024/2025 ўқув йилида 104-мактабнинг 3-синфига ўтганди. У 2024 йил 19 сентябрь соат 13:45 лар атрофида Сергели тумани Файзли кўчасида BYD автомашина уриб юбориши оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

19 сентябрь куни соат 13:30 лар атрофида овсинимларникига чиқдим. Уларнинг 7-синфда ўқийдиган қизлари мактабдан келган экан. Солиҳахон қизим ўқишдан онда-сонда шу опаси билан қайтарди. «Солиҳахон билан бирга келмадингми?», десам, «Ҳали дарси тугамаган экан», деди. Кейин билсам, 12:15 да дарси тугаган, лекин қўшимча тўгаракка қолган экан.

Уйга қайтдим-да, ўқитувчисига телефон қилдим. «Солиҳахоннинг дарси тугадими?», деб сўрадим. «Ҳа, тугади, чиқиб кетди», деди. Ҳайрон қолдим. Чунки овсинимнинг қизи билан келмаса ё ўзим телефон қилиб сўрардим, ё ўқитувчисининг ўзи телефон қиларди — дарси тугаган бўлса, ўзим мактабга бориб олиб келардим. 6-синфда, иккинчи сменада ўқийдиган яна бир қизим бор. Ўқитувчисининг айтишича, Солиҳа опасининг олдига борган, у эса уйга ўзинг кетавер, деб айтган ва нарсаларини йиғиштириб кетган.

«Нега чиқариб юборасиз, биласиз-ку, ҳар доим ўзим олиб келардим», деб турганимда, оғзимдаги гапим ҳали тугамасидан дарвозахонадан икки киши турмуш ўртоғимни сўраб келди. Уйда йўқликларини айтиб, телефон рақамларини бердим. Шунда улар: «Сиз Солиҳахоннинг ойисимисиз? Қизингизни анави ерда машина уриб кетди», дейишди. Ўқитувчиси билан гаплашаётган жойим — ҳали телефонни ҳам қўймагандим. «Вой нимага, қанақа?» дегунимча, ўқитувчисига қайта қўнғироқ қилишимни айтиб, телефонни ўчирдим. «Қаерда, нима бўлди?», деб сўрадим. Улар қизимни шифохонага олиб кетган одамнинг телефон рақамини беришди.

Дарров шу одамга телефон қилдим. «Қизим яхшими, тузукми?», десам, «Яхши, яхши», деди. «Ҳозир қаердасиз?», десам, «16-горболница (Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази)га олиб кетяпмиз», деди. Дарров эгнимни алмаштириб, пастга тушдим. Қўлларим қалтираб, рулга ҳам ўтиролмадим. Ҳолат ҳақида хабар берганларнинг ўзи мени касалхонага олиб кетди. Хўжайинимга ҳам хабар беришган экан, улар ҳам ишдан чиқиб келганлар — баравар етиб бордик.

Хўжайиним ичкарига кириб кетдилар. Мен ҳам кираман десам, дўхтирлар қўймади. Нима бўлди экан, деб яна қайтиб киришга ҳаракат қилдим. Бир вақт дадаси: «Солиҳахонни бериб қўйибмиз», деб чиқдилар. Устини ҳам ёпиб қўйишган экан. «Нега, нимага?», деганча ҳушимдан кетганман, уёғини эслолмайман…

Бунақа бўлишини кутмагандим, чунки менга: «Келинойи, хавотир олманг, ҳаммаси яхши, салгина туртиб кетди, салгина. Қизингиз яхши [аҳволда] кетди», деб айтишган-да (йиғлай бошлайди — таҳр.). Салгина туртган бўлса, нари-бери оёғи сингандир, у-бу нарса бўлгандир, деб ўйлагандим. Ҳолат ҳақида хабар беришганда қизимнинг оёқ кийимини қўлимга тутқизишганди. Касалхонага томон йўлга чиқаётиб, ўша пойабзалини ҳам машинага солсам, улар: «Буни нега оляпсиз?», деб сўрашганди. «Ҳозир қизимни олиб келаман-ку, кийиб келади», дегандим. Мен бундай бўлишини билмагандим. Шу оёқ кийими қўлимда қолиб кетди (қаттиқ йиғлаб юборади — таҳр.).

«Светофор ҳам бир кишини машина босиб кетгач ўрнатилганди»

Қизимни касалхонага уни уриб юборганларнинг ўзи олиб кетган экан. Рулда аёл, ёнида унинг эри бўлган. Гувоҳларнинг айтишича, улар қизимни уриб юборганидан кейин ҳам нима қиларини билмай, қараб турган, ўзларининг айтишича — «шокка тушиб қолган» экан. «Бола ҳали тирик, тезроқ дўхтирга олиб боринглар», деб одамларнинг ўзи қизимни машинага солиб юборган экан.

Мен шу пайтгача қизимни ҳеч қачон ўзини ёлғиз қолдирмагандим. Ўқитувчисига ҳам ҳар куни телефон қилардим. Агар ўзимнинг ҳам, дадасининг ҳам ҳеч имконимиз бўлмаса, овсинимнинг қизи билан қайтарди. Ўқитувчисини ҳам мактаб ёнида эмас, узоқда туришимиз, йўлимиз ёмонлиги, агар ўзимиз бормасак, Солиҳани мактабдан чиқармаслиги ҳақида ҳам огоҳлантирганмиз. Ахир опаси ҳам ҳали гўдак-ку…

Автобус кўчамиз рўпарасида тўхтаган. У ерда аслида бекат ҳам, пиёдалар ўтиш йўли ҳам йўқ, лекин кўпчилик шу ерда тушиб қолади. Ундан сал олдинроқда светофор бор, лекин у ерда ҳам ҳеч қандай бекат йўқ. Йўл бўйлаб, қайрилиб олиш жойи («разворот») ҳам йўқ — мактабдан машинада қайтсак, маҳалла ичидаги кўчалар билан айланиб кирардик. «Разворот»ми, «зебрами» қилиб беринглар деб маҳалладагилар билан неча бор ҳокимликка чиққандик, натижаси бўлмаганди.

Ўша светофор ҳам бир инсоннинг ўлимидан кейин қўйилганди — марҳум рўпарадаги ишхонасига ўтаётганида машина уриб кетган. Кейин ўша ишхонадагиларнинг ўзи пул йиғиб, светофор ўрнаттиришди.

Солиҳанинг ушалмаган орзулари

Солиҳа роса ширин, шўх, беғуборгина, ишонувчан, кўнгли бўш қиз эди. Мактабда ҳам яхши ўқирди, Аллоҳ раҳмат қилсин! (йиғлаб юборади ва шу кўйи давом этади — таҳр.). Гимнастикага қатнарди. Диёра Келдиёрова Олимпиада чемпиони бўлганидан кейин, «Ойи, менам дзюдога қатнашай, Диёра Келдиёровага ўхшаб мусобқаларда ютиб, дадам икковингизни Ҳажларга, Умраларга олиб бораман, машиналар олиб бераман», дерди. Учта қизим бор, шунинг учун «ўғлингиз йўқ-ку, сизларга ҳамма нарсани ўзим қилиб бераман, ўзим қарайман», дерди. Худо хоҳласа, деб қўярдим. Охирги бир ҳафта, 10 кун тинмай айтган гапи шу бўлганди-да: «Диёра Келдиёровага ўхшаган спортчи бўламан…».

Солиҳа Лутфуллаева. Фото: Нигора Лутфуллаеванинг шахсий архивиданСолиҳа Лутфуллаева. Фото: Нигора Лутфуллаеванинг шахсий архивидан

Ёзда сузишга ҳам борди. Спортдан ташқари қуён, мушук боқишни яхши кўрарди. Мушугимиз болалаганига кўп бўлмаганди — қизим ўтиб қолгач, қўшниларга тарқатиб юбордим. Байрамларда ўз қўллари билан нарсалар чизиб совға қиларди. Уйимиз олдидаги болалар майдончасининг турнигида ҳар куни осиларди, машғулотлар ҳам қиларди. Дадасининг қизи эди, ёнларидан бир қадам ҳам жилмасди. Гапираман десам гап кўп — тўғриси, уни эсласам юрагим сиқилиб қоляпти.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Хўжайиним билан ҳар куни у ҳақида гаплашиб ўтирамиз. Эсламаймиз деймизу, ҳар кун нимадир эслатади. Катта қизимни узатганман, ёши 23 да. Яқинда неварам билан 16-горболницада даволаниб чиқибди. Нега менга айтмадинг, десам, «Ойи ўзи яқинда шу ердан юрагингиз синиб чиққанди, яна эсингизга тушишини хоҳламадим. Ўзим ҳам зўрға ётдим», дейди.

Деразадан пастга қарагим келмайди. Болалар майдончасини кўрганда сиқилиб кетаман. Авария кўчанинг бошидаги йўлда бўлгани учун ўша йўлни ҳам кўришни хоҳламайман. Ташқарига чиқмаганимга ҳам анча бўлиб кетди. Чиқсам ҳам кўзларимни юмиб ўтаман. Қизимни машина уриб кетган видеосини яқинда кўриб қолдим — уйдагилар кўрмасин, деб мендан яшириб юришган экан. Видеони кўриб, қизим шу ерларда аянчли ўлим топганини ўйлаб, қийналиб кетдим.

Сергелидаги Файзли кўчасининг Солиҳа ЙТҲга учраган қисми. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Сергелидаги Файзли кўчасининг Солиҳа ЙТҲга учраган қисми. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Онага қийин экан, жудаям қийин. Ҳеч кимни она қилиб яратмасин экан (қаттиқроқ йиғлаб юборади — таҳр.). Шу нарса пешонамизда бор экан-да, Аллоҳнинг қазои қадарига қарши кетолмаймиз. Лекин ич-ичимдан қийналаман…

Синган одамни баттар синдирадиган комментлар

Нима бўлса бўлди. Энди ўзимизни қўлга оламиз деганимизда видеолар остида ёзилган комментлар кўнглимизни баттар оғритди. «Белгиланган жойдан ўтса бўлмасмиди?», «Бефаросат ота-онаси қараса бўлмасмиди?», «Яна ҳайдовчи айбдор бўладими?» қабилидаги гаплар ёзилганди. Телевидениядаги «Миллар» дастури ҳам «Белгиланмаган жойдан ўтган», «Ҳеч ким кўчага одам ураман деб чиқмайди» деб лавҳа тайёрлабди — ахир бу ерда белгиланган жойнинг ўзи йўқ-ку!

Одамлар билмай туриб бундай гапларни гапирмаслиги керак. «Сен аввал шу йўллардан ўтиб кўр, пиёда бўлиш қанчалик қийинлигини бил, кейин гапир!», дегим келади. Шунчалик нимадир ёзгилари келса, марҳумнинг ортидан қолганларнинг кўнглига малҳам бўладиган бирор сўз айтишсин, «майли, хафа бўлманглар, сабр берсин», деб ёзишсин.

Ўзи шундоқ ҳам юраги синган одамни баттар синдириб нима фойда топишади? Ота-онасини аралаштириб, уларни бефаросат деб атаб нима наф топади? Хўп, биз бефаросат эканмиз, бефаросатлигимиздан уч йил мактабга ўзимиз олиб бориб, ўзимиз олиб келибмиз. Аллоҳнинг қазои қадари етган кунда мен олиб келишга боролмабман. Ўша ёзаётганлар ҳам мўмин-мусулмон-ку (қаттиқроқ йиғлаб юборади — таҳр.).

Нигора Лутфуллаева. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Нигора Лутфуллаева. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Иккинчидан, у ҳали бола эди. Олдиндан ўтадими, орқадан ўтадими — бу ерда ҳайдовчи 100 фоиз йўлига қараши керак эди. Қизим видеоларда айтилганидек автобусдан тушиши билан йўлга югуриб ҳам чиқмаган — автобус олдидан югуриб чиқса, автобус томонга учарди-ку. Лекин у ўнг тарафга эмас, чап тарафга учган. Ўша уриб юборган машинанинг тезлиги 85 км бўлмаганида ҳам уриб юбормасди. Қизим бордюрга чиқиб оларди — етиб олишига озгина қолган экан.

Ҳайдовчи ҳам 60−65 тезликда келдим, деб ёлғон гувоҳлик беряпти. Агар тезлиги 60 бўлганида рулни икки тарафга бемалол бура олар, ҳеч бўлмаса, тормоз босарди. Тормоз босиш имкони бўла туриб нега босмаган, билмайман. Қизим мушук ё кучук эмасди-ку кўринмай қоладиган. Майли, 60 км тезликда уриб юборганида ҳам ўлим даражасига етиб бормасди. Шунчалик қаттиқ урилганки, боламнинг жони шифохонага етиб бормай узилган.

Жазо масаласи

Икки ой ўтиб кетди, лекин қизимни уриб юборганлар ҳали ҳам бемалол юрибди. Неча марта терговчига телефон қилдик, ҳатто адвокат ҳам ёлладик. «Эскпертизани кутяпмиз», дейишди. Экспертиза нега керак десам, «Айб қизингизда бўлиши мумкин, чунки у автобуснинг олдидан чиққан», деб ўлган болага тўнкаб қўйишяпти. Ҳайдовчи тезликни оширгани, қоидани бузгани муҳим эмас экан, қизимнинг автобус олдидан чиққани муҳим экан — ноҳақликни кўряпсизми? Ёпди-ёпди қилишмоқчими, билмадим.

Солиҳа Лутфуллаеванинг вафотидан бир кун ўтиб, пойтахт ИИББ матбуот хизмати ЙТҲ ҳақида маълумот бераркан, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилгани, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилганди. «Газета.uz» 15 ноябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати билан боғланганида, тергов ҳали ҳам давом этаётгани маълум қилинди.

Сергелидаги Файзли кўчаси. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Сергелидаги Файзли кўчаси. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

YouTube’дан, Googleʼдан кўрдим — бундай қилмишни содир этганларга арзимас жазо бериб қўйишаркан. Тўғри, ҳеч ким кўчага одам ураман, деб чиқмайди, қасддан қилмайди, лекин айбдорга бунақа кам жазо муддати берилгандан кейин ҳайдовчилар ҳам кўчаларда хоҳлаган тезлигида юраверади, бировнинг жигарбандини уриб кетаверади-да (яна йиғлаб юборади — таҳр.).

Яқинда 18 ёшли бир қизни ҳам машина уриб кетди. У ҳам икки ой комада ётиб, ўлибди. Ҳайдовчи икки йил озодликдан, бир йил ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинибди. Ҳайдовчи шунда ҳам икки йил берилганидан норозиман, деяпти. Бировнинг 18 га кирган боласини ўлдиряпсан, қанақасига норози бўлишинг мумкин? (қаттиқроқ йиғлаб юборади — таҳр.). Атиги икки йил-а, бу нима деган гап? Бунақаларга кўпроқ муддат бериш керак. Билмадим, балки нотўғри гапираётгандирман. Ростанам бу нарса қасддан қилинмайди, лекин қараб юриш керак-да.

Бир ой ҳам бўлгани йўқ — Хонобод (Сергели тумани) тарафда, кўприкдан тушишда бир она-болани 120 км тезликда келган машина уриб кетган. Қизча Солиҳахон билан тенгдош экан, отаси бизникига таъзияга ҳам келганди. Онанинг жони ўша ернинг ўзида узилган, қизча икки кун жонлантириш бўлимида ётиб, ўтиб қолган.

Ўша ҳайдовчининг ҳали суди бўлмадику-я, лекин дарров қамашди. Нимага менинг қизимни уриб юборганлар эркинликда юрибдию уни бўлса қамадинглар десак, ўша ҳайдовчи қанақадир дори ичиб олган экан, дейишди. Боз устига, қизимни уриб юборган ҳайдовчи аёл экан, вояга етмаган тўрт боласи бор экан, шунинг ҳисобидан ҳам унга енгиллик бор эмиш. Унинг боласи болаю, меники бола эмасмиди? Кимлигининг нима фарқи бор — аёлми-эркакми, барибир уриб ўлдирди-ку (яна йиғлаб юборади — таҳр.).

Ўшаларнинг ҳам тўрт боласи бор экан. Менинг боламни ўлдирдинг, ўрнига бир болангни берасанми дей-чи, берармикан? Бермайди, икки дунёда ҳам бермайди.

Аёл кишига тезликни ошириб нима бор эди? Ўзим ҳам машина ҳайдайман, катта йўлда ҳам маҳалланинг ичида юргандек 30−40 км тезлик билан юраман. Орқамдагилар сигнал чалса ҳам парво қилмайман. Чунки йўлда болалар кўп… 9 ёш қилишнинг ўзи ҳам осон бўлмаган бизга (қаттиқроқ йиғлайди ва шу кўйи давом этади — таҳр.). Бир бола ўлиб кетди, лекин улар ҳеч нарса бўлмагандек бемалол озодликда юрибди. Нимага чора кўришмайди? Очиқ-ойдин кўриниб турган нарса бўлса, тезлик оширилган ва оқибатда бола ўлган — яна нега экспертизани кутишади?

Ўша аёлни кечиролмадим. Уйимга ҳам келди, лекин кечиролмадим. Қандай қилиб кечираман? (қаттиқроқ йиғлайди — таҳр.). Таъзияга келганида ҳам юзида «бировнинг боласини ўлдириб қўйдим», деган ҳис ҳам йўқ эди. Баъзи одамларга қараб, «майли, шунинг ҳам тўртта боласи бор экан», деб кечириб юборасиз. Лекин улар одамнинг устидан масхара қилгандек кулиб гапиряпти. Бу ерда нима кулгили бўляпти деса, «Ҳаммангиз бундай [хафа бўлиб] ўтирганингизга, кайфият учун-да», дейди. Биз кайфиятни кўтарадиган аҳволдамизми? Ёки улар кайфиятни кўтарадиган жойга келдими? Одамларга нима бўляпти ўзи?

Ўша куни, 16-шаҳар касалхонасида мазам қочиб қолганида мени уёқдан буёққа югуртиришди. Энди терговнинг мана бундай сустлиги, масъулиятсизлик, адолатсизлик, сансоларликлардан кейин ҳеч кимга ишонмай қўйдим. Ўзи қизим шифохонага борганида ростан ҳам ўлган бўлганмикан, деб ҳам шубҳаланиб қолдим. Ўлмаган бўлса ҳам, барибир ўлади деб устини ёпиб қўйишган бўлса-чи, деган азобли ўй билан юрибман.

Болам норасида кетди, бегуноҳ кетди, жаннатда, Аллоҳнинг ҳузурида деб ўзимизни овутамиз, чалғитамиз. Бошқа иложимиз ҳам йўқ. Бунақа чиркин дунёда яшаб нимани ҳам кўрарди? Қазои қадарга иймон келтирганмиз. Иншооллоҳ, қиёматда шафоатига олади. Бир эмас, икки шафоатчимиз бўлди — ўғлимиз ҳам вафот этганди. Қўлимиздан келадигани фақат ҳақларига дуо қилиб ўтириш.

Тепадагиларга Худо инсоф берсин. Бундай автоҳалокат бир менинг болам билан бўлди, олиб бориб қамамади, деёлмайман. Бошқаларнинг боласида ҳам аҳвол шу. Бекат йўқ, пиёдалар ўтиш йўли йўқ, қонуннинг устида турганлар бефарқ. Бировнинг боласи ўлиб кетади, улар бўлса ҳаммаси бемалол юраверади.

Нигора Лутфуллаева. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Нигора Лутфуллаева. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Ҳеч ким Аллоҳнинг жазосидан қочолмайди. Майли, бу дунёда ўйнаб, яшаб қолар, пули бордир, бошқаси бордир. Лекин охиратда жазосини олади. Охиратга, Аллоҳга топширдим. Буларнинг адолатига ҳам, қонунига ҳам ишонмай қўйдим.