Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) 17 ноябрь куни Суперлиганинг 2024 йилги мавсум рамзий терма жамоасини эълон қилди. Ташкилот ушбу жараённи йўл-транспорт ҳодисалари (ЙТҲ) оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишлади. Бу бежиз эмас — ноябрь ойининг учинчи якшанбаси бутун дунёда ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганларни хотирлаш куни ҳисобланади. 2024 йилда бу сана 17 ноябрга тўғри келди.
Йўл-транспорт ҳодисалари ва уларнинг аянчли оқибатлари Ўзбекистонда ҳам долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Мамлакатда ҳар йили содир бўладиган 10 мингга яқин ЙТҲларда минглаб инсонлар тан жароҳати олади ва ҳалок бўлади. Жабрланувчилар орасида, афсуски, вояга етмаганлар, болалар ҳам бор. Мисол учун, 2023 йили Ўзбекистонда болалар билан боғлиқ 1794 та ЙТҲ юз берган, улар оқибатида 1568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафари ҳалок бўлган.
ЎзПФЛ ушбу долзарб муаммога кенг омма, хусусан, футбол жамоатчилигининг эътиборини қаратиш, йўлларда ҳаракатланувчи барчани ҳушёрликка ва йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга чорлаш мақсадида ўзининг муҳим тадбирларидан бири — Суперлиганинг 2024 йилги рамзий терма жамоаси эълон қилинишини айнан ЙТҲ қурбонлари хотирласига бағишлади. Зотан сўнгги йилларда йўллардаги авариялар оқибатида қурбон бўлганлар орасида ёш футболчи ва футзалчилар ҳам кам эмас.
Профессионал футбол лигасининг жамоаси Бутунжаҳон йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида қурбон бўлганлар кунига бағишлаб махсус ролик тайёрлади. Унда Суперлиганинг 2024 йилги рамзий терма жамоасидан ўрин олган футболчилар — «Насаф» дарвозабони Абдувоҳид Неъматов, «Сурхон» ҳимоячиси Суннатиллоҳ Ҳамиджонов, «Андижон» ҳимоячиси Владимир Бубаня, «Сўғдиёна» ярим ҳимоячиси Олег Зотеев, «Насаф» ярим ҳимоячиси Акмал Мозговой, «Динамо» ярим ҳимоячиси Журани Феррейра, «Сўғдиёна» ярим ҳимоячиси Владимир Йовович, «Динамо» ярим ҳимоячиси Анваржон Ҳожимирзаев, «Сўғидёна» ҳужумчиси Лупчо Дориев, «Пахтакор» ҳужумчиси Драган Черан, «Насаф» ҳужумчиси Зоран Марушич ҳамда йил устози — «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ЙТҲ қурбонларига ҳурмат бажо келтиради.
Роликда, жумладан, 2021 йил 11 декабрдаги ЙТҲ оқибатида 19 ёшида ҳалок бўлган «Бунёдкор» футбол клуби ярим ҳимоячиси Диёр Раҳимқулов, 2021 йил 27 февраль куни содир бўлган авария оқибатида 25 ёшида вафот этган ОКМК футзал клуби аъзоси Темур Бердиев, 2023 йил 15 июль куни юз берган ЙТҲ оқибатида ҳаётдан кўз юмган бўлган «Жиззах Нур» футзал жамоаси аъзолари Шаҳзод Сиддиқов ва Жасур Абдулахимов каби спортчилар хотирланган.
ЎзПФЛ тайёрлаган ролик финалида 2024 йилги ЙТҲлар оқибатида ҳалок бўлган икки қизалоқ ҳам ёдга олинган. Хусусан, «Сўғдиёна» футболчиси Лупчо Дориев 2024 йил октябрь ойида Тошкентнинг Сергели тумани Хонобод даҳасида юз берган ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган 9 ёшли Омина Содиқовани хотирлаган бўлса, «Насаф» футбол клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиев 19 сентябрь куни Тошкентнинг Сергели туманида юз берган ва муҳокамаларга сабаб бўлган ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган Солиҳа Лутфуллаевани хотирлаган.
ЙТҲ юз берган вақтда Солиҳа ҳам атиги 9 ёшда эди. «Газета.uz» мухбирлари ҳам ЎзПФЛ жамоаси томонидан махсус ролик тайёрланиши жараёнида қатнашиб, Солиҳанинг онаси билан алоҳида суҳбатлашди. Суҳбат яқин вақт ичида эълон қилинади.
Ролик шундай мурожаат билан тугайди: «Биз уларни юрагимизга кўмдик. Биз уларни тўхтата олмадик. Сиздан эса тезликни оширмасликни, қоидаларга қатъий амал қилиб, ватандошларимизнинг азиз ҳаётини асрашни ўтинамиз».
«Газета.uz» давлат ва нодавлат ташкилот ҳамда идораларнинг йўлларда ҳаракат хавфсизлигини оширишга, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган ЎзПФЛники каби ижтимоий ташаббусларни олқишлайди ва қўллаб-қувватлайди. Йўлларда инсонлар, айниқса, болалар жабрланмаслиги ва ҳалок бўлмаслиги учун ҳам жамиятнинг барча қатламлари ушбу масалада якдил бўлиши фавқулодда муҳим.