Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Президентнинг февраль ойидаги ташрифи давомида вилоятни ривожлантиришга доир таклифлар берилган ва улар асосида бир қатор ишлар амалга оширилган. Масалан, Олтинкўл ва Жалақудуқдаги 600 гектарда хитойлик инвесторлар томчилаб суғориш орқали қалампир етиштириб, қайта ишлаш лойиҳасини бошлаган. Бу орқали гектаридан 15 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиш ҳисоб-китоб қилинган.

Пахтаобод туманида БАА компанияси билан ҳамкорликда 470 гектарда гилос ва резавор мевалар етиштириш йўлга қўйилган. Тадбиркор инвестиция мажбуриятини ўз вақтида бажараётгани учун давлатдан инфратузилма қилиб беришни сўраган.

андижон, президент

Вилоятдаги 4 та паррандачилик корхонаси фаолиятини тиклаб, эҳтиёжманд оилалардаги 650 нафар одамни ишга олиш имконияти аниқланган.

Таъкидланишича, Асакадаги ADM Electrics корхонаси автомобиллар учун 28 турдаги сим ўтказгич ва мультимедиа тизимларини ишлаб чиқаради. Onix, Tracker, Kia Sonet каби моделларда маҳаллийлаштириш кенгайтирилса, корхонанинг қуввати ва даромади ошади, қайд этди президент.

Йиғилишда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов шу каби имкониятларни ишга солиш бўйича қарор лойиҳасини тақдимот қилди. Унда 2025 йилда Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилган.

андижон, президент

Жумладан, 3,1 миллиард доллар миқдорида инвестиция ўзлаштириш, 334 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, 305 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда 1 миллиард доллар миқдорида экспорт қилиш вазифаси белгиланган.

Шунингдек, вилоятда аҳоли зичлиги инобатга олиниб, ер масаласида имкониятлар яратилади. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган майдонлар, жумладан, қир-адирлардан жами 1 минг 800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилади. У ерларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, уй-жойлар қуриш режалаштирилган.

Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, янги имкониятлардан самарали фойдаланиш, лойиҳаларни замонавий инфратузилма билан таъминлаш, аҳолининг бандлигини ва даромадларини ошириш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.