Шавкат Мирзиёев 18 ноябрдаги фармони билан икки нафар россиялик артист — Москва драма театри бадиий раҳбари, театр ва кино актёри Сергей Безруков ҳамда балет раққосаси ва режиссёр Андрис Лиепани «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.

Мукофот «Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик, иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш, халқларимизнинг анъанавий дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасидаги катта хизматлари, ўзининг ёрқин ва бетакрор истеъдоди, хусусан, кино ва театр йўналишидаги сермаҳсул ижодий фаолияти билан маданият ва санъат соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, маънавий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва бойитишга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун» берилди.

Шу куни Россия президенти Владимир Путин ҳам Ўзбекистоннинг икки нафар санъаткорини Дўстлик ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Мукофот «Россия ва Ўзбекистон маданиятларини яқинлаштириш ва ўзаро бойитиш борасидаги самарали фаолияти учун» «Ялла» вокал ансамбли бадиий раҳбари Фаррух Зокиров ва таниқли хонанда Севара Назархонга берилди.