Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Аския деҳқон бозори тўлиқ реконструкция қилинади. Бу ҳақда 18 ноябрь куни туман ҳокимлиги томонидан ўтказилган учрашувда маълум қилинди.
Таъкидланишича, йиғилишда туман раҳбари Нилуфар Аллабергенова харидорлар бозорга келиб-кетишда қийинчиликларга дуч келаётгани, автотураргоҳ кичкина экани ва мажмуа очиқ ҳудудда жойлашгани ноқулайликлар туғдираётганини айтган.
Айни пайтда эскириб қолган бозорни қайта қуриш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Бу борада бир неча сармоядорлар томонидан таклифлар билдирилган. Шундан келиб чиқиб, бозор ҳудудини «E-auksion» орқали инвесторларга таклиф этиш режалаштирилган.
Учрашув давомида туман ҳокими сотиб олиш таклифи билан чиққан инвесторга Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги пойтахт ҳудудий бошқармаси ва Муниципал активларни бошқариш маркази билан келишилган ҳолда:
- энг камида умумий майдони 3000 кв/метр ҳудудидаги экобозор;
- энг камида умумий майдони 1200 кв/метр ҳудудидаги совиткич омборхона;
- ерости автотураргоҳининг биринчи қаватини (энг камида 400 дона автотураргоҳни) жамиятга беғараз ўтказиб бериш бўйича талаблар қўйилиши ҳақида тўхталиб ўтди.
Яккасарой туман ҳокимлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, аукцион учун бошланғич бадал миқдори объект Давлат активкарини бошқариш агентлиги томонидан баҳолангандан сўнг аниқ бўлади. Шунингдек, қурилиш ишларига қанча вақт сарфланиши ҳам сармоядор томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага боғлиқ бўлади.
Бозор қайта таъмирланиши ортидан қуйидаги натижаларга эришиш кўзда тутилмоқда:
- лойиҳа амалга оширилиши натижасида 150 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади;
- янги бозор ёнида жаҳон стандартларига мос равишда қуриладиган 4 юлдузли меҳмонхона иш бошлайди;
- лойиҳа йирик савдо комплексини ўз ичига олиб, унга ҳам жаҳон стандартлари асосида юлдуз олинади;
- лойиҳа тўлиқ қувватда ишга туширилиши натижасида эса мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Бундан ташқари, ҳудудда замонавий ўриндиқлар, велосипедлар учун жой, Wi-Fi тарқатувчи ҳудудлар, эскалатор, имконияти чекланганлар учун махсус пандуслар, ҳожатхоналар ташкил этилади. Янги қуриладиган экобозорни хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрадиган бозорга айлантириш режалаштирилган.
Ҳокимликнинг қўшимча қилишича, объектда қурилиш ишлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозори фаолиятига таъсир ўтказмаган ҳолда, яъни ушбу бозор фаолиятини тўлиқ сақлаган ҳолда амалга оширилади. Экобозор қурилиши якунлангандан сўнг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозори ушбу бозор ҳудудига босқичма-босқич кўчирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев тарихий шаҳарлардаги бозорларни сайёҳлар учун жозибадор масканларга айлантириш ҳамда Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги янги бозорлар лойиҳалари билан танишганди.
Апрель ойида эса давлат раҳбари хорижлик инвесторлар Юнусобод деҳқон бозорига 40 миллион доллар сармоя киритиш ва уни еростида икки қават, ерустида олти қаватли бозорга айлантиришни таклиф қилганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, бозор бир қаватли бўлгани учун «димиқиб кетган».