Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари давлат бюджети ижросини назорат қилиш механизмларини кучайтириши зарур. Бу ҳақда 18 ноябрь куни янгиланган парламент қуйи палатасининг биринчи мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Янги Конституцияга кўра, давлат бюджетининг ижросини назорат қилиш Қонунчилик палатасининг мутлақо ваколатига киради.
Давлат раҳбари назорат механизмларини кучайтириш мақсадида ҳукумат томонидан давлат бюджети бўйича барча ҳисоботларни фақат Бюджет кодексида назарда тутилган аудиторлик хулоса билан бирга палатага тақдим этиш амалиётини жорий этишни таклиф этди.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев парламент қўмиталарининг давлат бюджети ижросини назорат қилишдаги ролини ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Ҳозир, унинг сўзларига кўра, бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари (вазирлик ва идоралар) харажатлари устидан парламент назорати деярли сезилмаяпти. Янги депутатларга бу масалага алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Парламентнинг жойларда аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича дастурларни ишлаб чиқишдаги иштироки ҳам катта аҳамиятга эга, деди президент.
Масалан, 2024 йилда ҳудудларни ривожлантириш, ижтимоий ва инфратузилма объектларини барпо этиш, маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича инвестиция дастурларини амалга оширишга 30 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.
Давлат раҳбари ушбу дастурни қабул қилишда қайси депутат иштирок этгани ва унинг ижроси юзасидан ким ҳисобот беришини талаб қилганлиги ҳақида савол берди.
Шу боис, Шавкат Мирзиёев депутатлар инвестиция дастурларини тайёрлашда албатта иштирок этадиган ва уларнинг фикрлари ҳисобга олинадиган тизим яратишни таклиф қилди.
Бундан ташқари, туман ва шаҳарларнинг молиявий имкониятларини ошириш мақсадида 2025 йилдан бошлаб ер солиғи, мол-мулк солиғи ва айланмадан олинадиган солиқларнинг тўлиқ ҳажмини, шунингдек, даромад солиғининг камида 50 фоизини жойларда қолдириш таклиф этилди.
Янгиланган Конституция бўйича камида 100 минг овоз тўплаган қонунчилик таклифлари парламентда кўриб чиқилади. Шавкат Мирзиёев фуқароларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қонунчилик палатаси ҳузурида Жамоа ташаббуслари бўйича парламент комиссиясини ташкил этиш таклифини билдирди.
Президент аҳолиси 37 миллиондан ортиқ бўлган Ўзбекистондек улкан мамлакат парламенти аъзоси бўлиш ҳар бир депутат учун катта шараф эканини таъкидлади.
«Депутат — бу халқ хизматчиси, барчага ўрнак бўладиган, сиёсий билими ва онги юксак, ўз Ватанини чин дилдан севадиган инсондир. Оила, маҳалла ва бутун жамиятда тинчлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқаро майдонда Ўзбекистон манфаатларини қатъий ҳимоя қилишда халқимиз, барчамиз аввало сизларга таянамиз. Мен Президент сифатида сизларни бу йўлда доимо қўллаб-қувватлашга тайёрман», — деди у.
Давлат раҳбари «барчамиз бир тану бир жон бўлиб, сидқидилдан меҳнат қилиб, жонажон Ватанимизни албатта том маънода эркин, обод ва фаровон мамлакатга айлантирамиз» деб фикр билдирди.
Янги даврда Ўзбекистон парламенти ҳақиқий халқ уйига, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генератори, соғлом рақобат ва баҳслар майдонига айланиши керак, деди президент. У парламентдаги мухолифатни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлаб, унинг ҳуқуқларини кенгайтиришни таклиф қилди.