Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған 18 ноябрь куни Рио-де-Жанейрода ўтадиган G20 давлатлари раҳбарларининг учрашувида айни шароитда Россия-Украина урушини музлатиш бўйича ўз таклифини тақдим этади, деб хабар берди Bloomberg.
Эрдоғаннинг таклифига кўра, Украина «Путинга ён бериш сифатида» мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлиши масаласини муҳокама қилишни камида 10 йилга кечиктиради.
Шунингдек, Эрдоған Донбасс шарқида демилитаризация зонасини ташкил этиш ва у ерда «қўшимча кафолат сифатида» халқаро қўшинларни жойлаштиришни таклиф қилмоқда. Бундан ташқари, Туркия президенти Украинага НАТО аъзоси бўлмаслик учун товон сифатида ҳарбий таъминот билан таъминлашни таклиф этмоқда.
Туркия расмийлари Bloomberg билан суҳбатда Украина бундай таклифни қабул қилиши қийин бўлишини, аммо уларнинг фикрича, «бу энг реал ёндашув» эканини айтган. Агентликнинг ёзишича, Туркия расмийлари «босиб олинган ҳудудларнинг тақдири ҳақидаги мунозараларни узоқ муддатли истиқболга қолдирмоқчи ва асосий эътиборни ўт очишни тўхтатишни таъминлашга қаратмоқчи».
Эрдоған Украина президенти Владимир Зеленскийни Истанбулдаги музокараларда иштирок этишга кўндира олишига умид қилмоқда, чунки агентлик манбаларига кўра, Туркия раҳбари «Украина ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилмаса, яқин ойларда яна кўплаб ҳудудларни йўқотиши мумкинлигидан далолат берувчи разведка маълумотларини олган».
G20 саммити 18−19 ноябрь кунлари Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтади. Россия ва Туркия G20 аъзоси, Украина эса йўқ. Украина президенти саммитда иштирок этмайди, чунки Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва Зеленскийнинг таклиф қилиш ҳақидаги илтимосларни эътиборсиз қолдирди, деб ёзади Bloomberg.
Meduza`нинг ёзишича, Россия президенти Владимир Путин ҳибсга олиш бўйича халқаро ордер амал қилаётгани сабабли саммитга бормаслигини маълум қилган.
Украина президенти Владимир Зеленский 16 ноябрь куни «Суспiльне» нашрига берган интервьюсида Украина ҳукумати уруш 2025 йилда дипломатик йўл билан тугаши учун «барча чораларни кўриши керак» деганди.