Самарқанд вилояти Ургут туманида йўл-транспорт ҳодисасида 3 нафар инсон ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Milliy телеканалининг Millar дастурида хабар берилди.

ЙТҲ 29 июль куни содир бўлганди. 2003 йилда туғилган Cobalt ҳайдовчиси юқори тезликда (видеода кўриш мумкин) руль бошқарувини йўқотган ва йўлнинг қарама-қарши йўналишида ҳаракатланиб келаётган Damas билан тўқнашган. Оқибатда Damas ҳайдовчиси ва йўловчиси ҳодиса жойида, яна бир йўловчи эса шифохонада вафот этган. Яна икки нафар Damas йўловчиси ва Cobalt автомобили ҳайдовчиси жароҳатлар билан тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан иш жиноят ишлари бўйича Ургут тумани судида кўриб чиқилди.

«Иккита набирам бор — ўғли 2-синфда ўқияпти, қизи 4 ёшга киради. Музлаткичга чой қўйиб қўяди, дадам келса, шуни бераман деб. Биз шу болаларни кўриб эзилиб кетамиз. Cobalt ҳайдовчисига қандай модда қўйган, тушунмаяпман, 80 км тезлик билан шундай воқеа бўладими?» — деди марҳум Damas ҳайдовчисининг отаси.

Видеодан лавҳа / Milliy TV.Видеодан лавҳа / Milliy TV.

21 ёшли судланувчи Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.

Суд ҳукмига кўра, йигит 3 йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, унга нисбатан 9 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.