Президент Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг янги таркибидаги биринчи мажлисида нутқ сўзлади.
Давлат раҳбари 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра парламент қуйи палатаси таркиби қарийб 60 фоизга янгилангани, 87 нафар янги депутат сайланганини таъкидлади.
Депутатларнинг 11 нафари 35 ёшгача, илк бор ёшлар парламентининг 2 нафар вакили Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди. Депутатларнинг 38 фоизини аёллар ташкил этгани «минтақадаги энг юқори кўрсаткичдир».
Тарихда илк бор ногиронлиги бўлган фуқаро Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди. «Бу — парламентимизни том маънода инклюзив органга айлантириш, ушбу қатлам манфаатларини янада кенг ифода этиш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлгани эътироф этилди», — деди президент.
Шавкат Мирзиёев ўтган беш йил давомида қуйи палата самарали фаолият кўрсатганини таъкидлади. Аввало, парламентнинг тўртинчи чақириқ депутатлари мамлакатнинг келгуси тараққиёт йўналишини белгилаб берган Конституцияни янги таҳрирда тайёрлаш ва қабул қилишда жонбозлик кўрсатди.
Қуйи палата томонидан 130 дан ортиқ янги ва яхлит қонунлар қабул қилинди. Бу — олдинги даврга нисбатан 1,5 карра кўп.
Президент ўтган чақириқда фаолият кўрсатган депутатларга самарали меҳнатлари учун чин дилдан миннатдорчилик билдирди.
Парламент фаолиятининг ютуқлари муҳокама қилинар экан, эътибордан четда қолган масалалар ҳам борлиги таъкидланди. Президент уларнинг айримларига тўхталиб ўтди.
Хусусан, тўғридан-тўғри ишлайдиган ва аниқ ижро механизмларига эга қонунлар улуши камлигича қолмоқда. Парламент назорати тўлақонли таъсирчан институтга айланди, деб ҳозирча айтиб бўлмайди, парламент ва депутатлик назорати ижтимоий соҳа билан чекланиб қолмоқда.
«Депутатларнинг сайлов округидаги фаолияти асосан учрашувлар ташкил этиш, шикоят ва саволларга расмий жавоб беришдан иборат бўлиб қолмоқда. Мисол учун, ислоҳотларнинг муҳим қисми бўлган камбағалликни қисқартириш масаласида депутатларимиз ҳали ўз ўрнини топа олгани йўқ», — деди давлат раҳбари.
Президент қуйи палатанинг янги таркиби қайд этилган масалалар бўйича янгича ишлашига умид билдирди ва келгуси беш йилда Қонунчилик палатаси олдида улкан вазифалар турганини таъкидлади.
Палатадаги 12 та қўмита ўрнида 10 та янгиланган қўмита ташкил қилинди. Илк бор парламентда Тадбиркорлик, рақобат ва саноат қўмитаси тузилгани ишбилармонлик муҳитини яхшилашга хизмат қилади, дейилади хабарда.
Президент «энди палатадаги қўмиталар аъзолари билим ва тажрибасини тинимсиз ошириб, масъулиятни чуқур ҳис этиб, янада кўпроқ меҳнат қилишлари лозимлигини, пухта билим, профессионал малакага эга бўлган депутатгина қуруқ гап ва популизмдан йироқ бўлишини» кўрсатиб ўтди.
Унинг қўшимча қилишича, ҳар бир қўмита қошида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат жамоатчилик кенгашлари тузилиши керак.
Мирзиёевнинг айтишича, энг катта камчилик — вазирликлар қуйи бўғинда, айниқса, туман ва шаҳар даражасида самарали иш ташкил эта олмаяпти. Энди аҳоли билан бевосита мулоқот қилиб, одамларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш улар учун бош вазифа бўлиши керак.
«Бундан буён ҳар бир раҳбар ва мутасадди фаолиятига айнан шу мезон асосида баҳо берилади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари, президент депутатларни ваколатлари доирасида ўз округларидаги туман ва шаҳар даражасида сўров ва талабни ҳеч тортинмасдан кучайтиришга чақирди.
Президент, шунингдек, депутатларни туман ва шаҳар миқёсида сўров ва талабларни кучайтириш бўйича ўз ваколатларидан фаолроқ фойдаланишга чақирди.
У қонунчилик фаолияти, энг аввало, жамиятдаги долзарб муаммолар ечимига, халқнинг оғирини енгил қилишга қаратилиши кераклигини таъкидлади.
Масалан, Ўзбекистонда аҳоли сони йилига қарийб 1 миллионга ошмоқда. Бу — янги уй-жойларни кўпайтиришни тақозо этмоқда. Лекин деҳқончилик учун зарур ерлар уй-жой қуришга бериб юбораверилса, эртага қаерга экин экамиз, озиқ-овқат хавфсизлиги нима бўлади, деган саволлар долзарб бўлиб бормоқда.
Шу боис, аҳоли ва кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганиб, эскирган уйлар ўрнида замонавий кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун «Реновация тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш кераклиги таъкидланди.
Президент, шунингдек, сўнгги пайтларда уй-жой қуриб беришни ваъда қилган қурувчи ва унга ишониб сармоя киритган аҳоли ўртасида низолар учраётгани ҳақида гапирди.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида фуқароларнинг уй-жой қурилишига жалб этилган маблағларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган қонунни қабул қилиш лозимлиги қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев тиббий хизматлар сифатини ошириш, ажратилаётган маблағлар ўз эгасига етиб боришини таъминлаш учун мажбурий тиббий суғурта тизимини албатта қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш вақти келганини таъкидлади.
Унинг фикрича, «хусусий мактаб ва боғча қураман», деган инвесторларни қўллаб-қувватлаш, уларга янада кенг шароитларни яратиб бериш масалаларига эътибор бериш лозим.
Молиявий технологиялар, рақамли «маркет-плейс»лар, «веб-сервис», «бонд омборлари» каби янги тижорат майдонлари кундалик ҳаётга жадал кириб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, франчайзинг, капитал бозори, «стартап»лар соҳасидаги муносабатларнинг қонуний асосларини яратиш зарурлиги таъкидланди.
Депутатлар сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳимлиги қўшимча қилинди.
Президент 2025 йилда илк бор электр энергияси онлайн улгуржи бозори ишга тушишини маълум қилди. Шу боис, иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган бу соҳада бозор механизмларини жорий қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратишни тезлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев қуйи палатада қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва «яшил» иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича парламент комиссиялари ташкил этишни таклиф қилди.
У янги тузилаётган парламент комиссияси ташаббусни қўлга олиб, қонунларни Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига тўлиқ мослаштиришни келгуси йилда якунига етказишига ишонч билдирди.
«Янги даврда парламент чинакам халқ уйи, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генераторига, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланиши керак», — деди давлат раҳбари. У парламентдаги мухолифатни жонлантириш зарурлигини қайд этиб, унинг ҳуқуқларини кенгайтиришни таклиф қилди.