Россия армияси томонидан ўққа тутилиши оқибатида Одессада камида 10 киши ҳалок бўлди, яна 43 киши жароҳатланди, деб хабар берди Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати (ФВДХ).

Ҳалок бўлганлар орасида етти полициячи, бир шифокор ва икки маҳаллий аҳоли бор. Қурбонлар орасида тўрт нафар бола ҳам бор.

Қутқарувчилар маълумотларига кўра, учта кўп қаватли уй, университет биноси ва иккита маъмурий бино зарар кўрган.

Украина Қуролли Кучлари (УҚК) ҳаво кучлари маҳаллий вақт билан соат 11:57 да Россия ҳарбийлари Одессага «Искандер-М» баллистик ракетаси билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. У ҳаво мудофааси томонидан йўқ қилинган.

«Афсуски, уриб туширилган душман ракетаси шаҳарнинг Приморский туманидаги турар жой секторига бориб тушди», — дейилади Украина ҳарбийлари баёнотида.

«Бу тасодифий зарбалар эмас — намойишкорона зарбалар. Путин билан қўнғироқлар ва учрашувлардан кейин, медиадаги ўт очишдан „тийилиш“ ҳақидаги ёлғон ғийбатлардан кейин. Россия аслида нимадан манфаатдор эканини кўрсатмоқда: фақат урушдан», — деди Украина президенти Владимир Зеленский.

Украина Telegram каналлари ва президент томонидан эълон қилинган видеоларда кўп қаватли турар жой ҳовлисида ёнаётган машиналар, шунингдек, асфальтда ҳаракатсиз ётган одамларнинг жасадлари акс этган.

Россия Мудофаа вазирлиги Одессага ракета ҳужуми содир этилгани ҳақидаги хабарларга ҳозирча изоҳ бермади.

Бир кун аввал Россия қўшинлари Суми шаҳридаги микротуманга ҳам ракета зарбаси йўллаганди. Ҳужум оқибатида 11 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлган, яна 55 киши яраланган.