Президент Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида парламентда мухолифатни жонлантириш зарурлигини айтди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

«Янги даврда парламент чинакам халқ уйи, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генераторига, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланиши керак. Ўтган сайловларда сиёсий партияларнинг дастури ҳам, ғоялари ҳам бир-биридан фарқ қилди, турли сиёсий мафкуралар кураши яққол кўзга ташланиб турди. Хусусан, сайловлар жараёнида кўплаб дебатлар ташкил этилганини халқимиз ва халқаро кузатувчилар алоҳида эътироф этди», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари мухолифатни жонлантириш учун парламентдаги мухолифатга кафолатланган ҳуқуқлари сонини 3 тадан 6 тага ошириш, 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш, ҳар чоракда «Ҳукумат соати» ва парламент сўрови доирасида камида биттадан масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар беришни таклиф қилди.

Шунингдек, у сайловлардаги соғлом рақобат, мухолиф фикрлар кураши парламентга кўчиб ўтса, бу албатта халқ манфаатларига мос қонунлар ишлаб чиқилишига хизмат қилишига ишонч билдирди. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев парламент назорати, аввало, сиёсий назорат эканини, унинг оқибати ҳам сиёсий масъулият билан боғлиқлигини қайд этди.

Президент Қонунчилик палатасига Ҳукумат аъзоси ҳисоботини эшитиб, унинг якунларига кўра, ушбу раҳбарни истеъфога чиқариш тўғрисида президентга таклиф киритиш ҳуқуқи берилганини ҳам эслатиб ўтди.