Ўзбекистонда истироҳат боғлари, сайилгоҳ, хиёбонларни хусусийлаштиришни тақиқлаш режалаштирилмоқда. Шавкат Мирзиёев «Адолат» социал-демократик партиясининг бу ташаббусини маъқуллади.
Президент матбуот хизматига кўра, давлат раҳбари Қонунчилик палатасининг янги таркибдаги биринчи мажлисида партиялар сайлов кампанияси давомида илгари сурган ва халқ қўллаб-қувватлаган ҳар бир таклиф албатта кўриб чиқилиши ва амалга оширилишини таъкидлади.
Йиғилишда «Адолат» социал-демократик партиясининг истироҳат боғлари, сайилгоҳ, хиёбонларни хусусийлаштиришни тақиқлаш бўйича позицияси, дорилар устидан назоратни кучайтириш, нархлар сунъий ошишини олдини олиш, рецептсиз дорилар рўйхатини қисқартириш бўйича интилишларини маъқуллади.
Шунингдек, тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг хусусий мулк дахлсизлигини кучайтириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ҳақидаги таклифлари қўллаб-қувватланди.
Президент «Миллий тикланиш» демократик партиясининг мактабларда муаллимларни танлов асосида ишга қабул қилиш, фарзандларимизни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш, уларга она тили ва чет тилларни ўргатиш учун янада кенг шароитлар яратишга оид таклифларига қўшилди.
Ўзбекистон Халқ-демократик партиясининг ногиронлиги бўлган шахслар учун шароитларни янада яхшилаш, аҳолимизнинг пенсияга чиқишдаги кафолатли ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади.
Экологик партиянинг давлат органлари ва корхоналар ҳудудида яшил боғлар ташкил этиш, экологик маданиятни юксалтириш бўйича дастур қабул қилиш ҳақидаги таклифлари қўллаб-қувватланди.
Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Debat Xoll медиа-марказида сиёсий партия етакчилари иштирокида мунозара ташкил этилганди. Унда иштирок этган «Адолат» СДП сиёсий кенгаши раиси Робахон Маҳмудова истироҳат боғлари, дарахтзорлар ҳудудида бино-иншоотлар қуриш амалиёти кенгайиб бораётганини айтиб, паркларни хусусийлаштиришни тўхтатишни таклиф қилган.
«Сўнгги йилларда давлат мулки ҳисобланган умумий фойдаланишдаги боғлар, сайилгоҳ, хиёбон ва дарахтзорлар ҳудудида бино-иншоотларни қуриш амалиёти кенгайиб бораётганлиги кўп йиллик дарахтларнинг кесилишига, атроф муҳитни ифлосланишига, оқибатда аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда», деб таъкидлаган партия раҳбари.
Республика бўйича 184 та истироҳат боғларида дарахтзор ҳудудлар камайтирилиб, 944 та бино-иншоот қурилгани, 18 та истироҳат боғида 91 та ноқонуний қурилма мавжуд эканлиги, 98 тасида 1250 та аттракционлар ноқонуний ўрнатилгани аниқлангани қўшимча қилинган.
Шу боис «Адолат» партияси истироҳат боғлари, болалар оромгоҳлари, сайилгоҳлар, таълим ва тиббиётга оид давлат объектлари ва уларнинг ҳудудларини сотиш, хусусийлаштиришни қонунчилик даражасида тақиқлаш ҳамда бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилаш ташаббусини илгари сурган.