Шавкат Мирзиёев томонидан 15 ноябрь куни имзоланган қонун билан Солиқ кодексига қўшимча киритилди.

Ҳужжатда айтилишича, Ўзбекистонда ипакчилик тармоғини ривожлантиришда уй шароитида пилла етиштириш фаолияти билан шуғулланишни рағбатлантириш учун солиқ имтиёзларини бериш зарурати юзага келган.

Қонунга кўра, 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда:

  • жисмоний шахсларнинг уй шароитида тирик пилла етиштириш (касаначилик) фаолиятидан олинган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади;
  • уй шароитида тирик пилла етиштирувчи касаначилар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлар ижтимоий солиқдан озод қилинади;
  • тутзорлар билан банд бўлган ер участкалари учун ер солиғи белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициент қўлланилган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Мазкур қонун ипакчилик тармоғини янада ривожлантиришга, хусусан, тармоқда ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмларини оширишга, аҳолининг бандлигини таъминлашга ва даромадларини кўпайтиришга хизмат қилади, дейилади ҳужжат матнида.

Ушбу қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 30 сентябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 23 октябрда маъқулланган. Юқори палата ялпи мажлисида Ўзбекистонда пиллани қайта ишлаш, ипак қурти уруғчилиги ва тутчилик хўжаликларининг фаолияти йўлга қўйилган, шунингдек, соҳада 108 минг доимий ва 1 миллиондан ортиқ мавсумий ишчиларнинг бандлиги таъминланаётгани маълум қилинган.