Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери лавозимига Нуриддин Мўйдинхонович Исмоилов сайланди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Қонунчилик палатаси Спикери лавозимига номзод кўрсатиш учун депутатлар орасидан Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этган ҳар бир сиёсий партиядан уч нафар депутатдан иборат Сиёсий партиялар вакиллари кенгашини туздилар.
Қисқа танаффусдан сўнг, Сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг таклифига биноан, депутатлар яширин овоз бериш йўли билан ХДП депутати Нуриддин Мўйдинхонович Исмоиловни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайладилар.
Нуриддин Исмоилов (1959 йилда туғилган, Тошкент давлат университетини тамомлаган, маълумоти юрист, юридик фанлар номзоди) Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакили. У 2015 йил январь ойидан бери парламент қуйи палатасига раҳбарлик қилиб келади. Ўшанда бу лавозимдаги Дилором Тошмуҳамедова ўрнини эгаллаганди. 2020 йил январь ойида ушбу лавозимга қайта сайланган.
Илгари (2012 йилдан) президентнинг Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаган, бунгача (2005 йилдан) Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.
Ўтган йили янгиланган Конституцияга кўра, бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ спикер бўлиши мумкин эмас.