Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳакидаги ҳужжатни имзолади.
Қонун билан «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонунга давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, миллий, диний адоватни келтириб чиқарувчи, халқнинг шаънини, қадр-қимматини, тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишларни ёки ҳаракатларни содир этган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг «Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхати»га киритилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, шунингдек давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини, тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлари ёки ҳаракатлари уларни мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхатига киритиш учун асос бўлади.
Чет эл фуқаросини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни рўйхатга киритиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгашининг, Сенати кенгашининг, махсус ваколатли давлат органларининг тақдимига асосан амалга оширилади.
Рўйхат Ташқи ишлар вазирлиги томонидан юритилади. Рўйхатга киритилган чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон ҳудудига киришига йўл қўйилмайди, шунингдек, унга Ўзбекистонда банк ҳисобварақларини очиш, мамлакат ҳудудида кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиш тақиқланади, бундан унга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган мулкни бегоналаштириш мустасно.
Чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг рўйхатда бўлиш муддати беш йилни ташкил этади ва уни рўйхатга киритишнинг тегишли асосларини ушбу муддат ичида бартараф этмаган тақдирда, рўйхатда бўлиш муддати беш йилга узайтирилади. Чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган рўйхатга киритилиши учун асослар бартараф этилганидан кейин шахс рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги мурожаатига ёхуд уни рўйхатга киритиш ҳакида тақдимнома берган тегишли давлат органининг илтимосномасига асосан муддатидан илгари рўйхатдан чиқарилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фуқаросининг ёки Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган фуқаролиги бўлмаган шахснинг рўйхатга киритилиши унинг мамлакат ҳудудида қонуний асосларда яшаш ва бўлиш ҳуқуқи бекор қилинишига сабаб бўлади.
Ташқи ишлар вазирлиги чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс рўйхатга киритилгани тўғрисида мазкур шахсни (унинг қонуний вакилини) белгиланган тартибда бевосита ёки дипломатик каналлар орқали уч иш куни ичида хабардор қилади. Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга киритиш ҳамда уни юритиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун Қонунчилик палатаси томонидан 25 июнда қабул қилинган, Сенат томонидан 21 сентябрда маъқулланган. Сенат мажлисида сўнгги вақтларда айрим чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган давлатлараро, миллий, диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқи шаъни, қадр-қиммати, тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлар ҳамда ҳаракатлар содир этиш ҳаракатлари учраётгани таъкидланганди.