Маданий мерос агентлиги Андижон шаҳрида жойлашган Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнида бизнес маркази қуриш режалари юзасидан ўрганиш ишлари олиб борди.

Аввал хабар қилинганидек, Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир қарор лойиҳасига биноан, ёдгорлик майдони ўрнида Savdo Mall мажмуаси, кўнгилочар марказлар, офислар ва хизмат кўрсатишга мўлжалланган бошқа турдаги замонавий бинолар қуриш режалаштирилмоқда. Ҳайкални эса шаҳардаги Регистон майдонига кўчириш кўзда тутилган. Вилоят ҳокимлиги, шунингдек, ушбу ҳудудда йўлўтказгич қурилиши, натижада майдон ёпиқ кўринишга келиб, кўприк остида қолиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Агентлик матбуот хизмати хабарига кўра, Бобур монументал санъат ёдгорлиги Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган.

Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармаси 2024 йил 8 ноябрида вилоят ММБга ҳайкални Фитрат кўчасида жойлашган «Жоме меъморий мажмуаси» архитектура ёдгорлиги ҳудудига кўчириш юзасидан мурожаат қилган.

Хабарда таъкидланишича, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳамда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказишга оид лойиҳаларга Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги илмий-эксперт кенгаши томонидан хулоса беради.

Шу сабабли тегишли ташкилотларга ушбу масала юзасидан кенгаш хулосасини олиш зарурлиги тушунтирилган.

Агентлик соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари жойлашган аҳоли пунктларининг бош режалари ташкилот билан келишилиши мажбурий ҳисобланишини эслатди.

«Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида объектларни қуриш, бузиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари агентлик билан мажбурий тартибда келишилиши белгилаб қўйилган», — дейилади хабарда.