Кўчаларда кўзингиз давлат идораларининг биноларига илиб қўйилган байроқларга тушади. Ёки қайсидир хорижий давлатдан меҳмонлар келса, йўлларга икки мамлакат туғлари илиб қўйилади. Спортчи ғолиб бўлса, унинг давлати байроғи баланд кўтарилади. Бу — биз кўриб ўрганган манзаралар.
Ўтган йили қабул қилинган қонун билан Ўзбекистонда давлат байроғидан фойдаланиш имконияти кенгайди. Энди байроқни бемалол ўз уйингиз деразасидан чиқариб ҳам илиб қўйсангиз бўлади.
Хорижда яшайдиган танишингиз бордир: унинг мамлакат байроғини қўлида тутган ёки елкасига ташлаб олган суратини ҳам кўргандирсиз.
18 ноябрда Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинганига 33 йил тўлди. Байроқ нафақат бир парча мато, балки маълум бир давлатнинг муҳим идентификациясидир. У орқали мансублик англашилади, унинг тасвири билан эркинлик сўрови берилади ва ҳоказо.
«Газета.uz» сана муносабати билан дунёнинг турли шаҳарларида яшаётган бир қатор ўзбекистонликларнинг давлат байроғи билан тушган суратлари ҳамда уларнинг тилакларини жамлади. Зеро, байроқни кўтариш — нафақат бир рамзга бўлган ҳурмат, балки ўз юртига бўлган муҳаббат ҳамдир.
Эъзоза Олимова, Туркиянинг Кайсери шаҳрида талаба
«Байроғимиз доимо юксакларда ҳилпираб, ватанимизни дунё саҳнасида янада улуғласин! Ҳар бир ватандошимизга соғлик, бахт-саодат ва мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшишда куч-ғайрат тилайман. Қалбларимиздаги байроқ севгиси давомий бўлсин».
Бекзод Ёрқин ўғли, Жанубий Кореянинг Чонан шаҳрида яшайди
«Менда байроқ билан боғлиқ қизиқ хотира бор: саёҳатга чиққанимда байроқ билан суратга тушаётгандим. Бир кореялик ёнимга келиб, «Сиз Ўзбекистонданмисиз?» деб сўраб қолди. Унинг интернетда танишган ўзбекистонлик дўсти бор экан, бизнинг байроғимизни кўриб, дарров танибди. Чет элда сенинг мамлакатингни билишлари, албатта, ёқимли.
Қўлимдаги байроқни 2018 йил ўзим билан олиб келганман. Қайси шаҳарда яшасам ҳам, уйим деворида осилган туради байроғимиз. Тилагим, бизнинг байроғимиз доим мана шундай илиқ қарши олинсин, уни танийдиганлар кўпаяверсин!
Элшод Салимов, Туркиянинг Анқара шаҳрида талаба
Сурат Анқарадаги «Буюк 16 та туркий давлат» белгилари жойлашган майдонда олинди.
«Ўзбекистонда бўлган вақтим байроқ билан ҳеч расмга тушмаган эканман. Ҳозир, чет элда эканимда, ўз мамлакатим рамзи кўзимга бошқача чиройли кўриниб кетаверади. Ўзбекистонга борсам, албатта, қайтишда байроғимизни олиб келишни ният қилдим.
У баланд ҳилпирайверсин!"
Азиз Анисбеков, Жанубий Кореядаги Сораксан тоғи Ульсан чўққисида
«Ҳар сафар бирон чўққига чиқмоқчи бўлсак, албатта, Ўзбекистон байроғини ўзимиз билан олишга харакат қиламиз. Юртимиз байроғини Кореянинг барча чўққиларига олиб чиқиш мақсадим бор».
Озода Чориева, Словакияда таҳсил олади
Сурат Италиянинг Милан шаҳрида олинган. Озода шу кунларда саёҳатда.
«Ўзбекистон байроғини доим ўзим билан олиб юраман. Шу сабабдан бу ердаги хорижлик курсдошларим ватанпарварлигимни таъкидлашади. Бугун ҳам байроғимиз мен билан. У соғинч ҳиссини камайтиришга ёрдам беради. Тилагим — қаерда бўлмайлик, Ўзбекистон байроғи елкамизда ҳилпирайверсин».
Донохон Рўзибоева, Туркиядаги Трабзон университетида талаба
«Байроқ биз учун нафақат рамз, балки миллий ғуруримиз тимсоли ҳам. Бир байроқ остида, бир тупроқ ва бир маданиятга тегишлилигимни ҳис қилиш — мен учун чексиз фахр туйғуси. Байроғимизнинг 33 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!»
Мирали Неъматов, Германиянинг Таунусштайн шаҳрида яшайди
«Байроқ — миллатнинг юраги, ғурури, номуси. Ватандан узоқда бўлсам ҳам, юрагимда ҳар доим Ўзбекистон биланман. Чунки байроғимиз доим мен билан бирга, қаерга борсам, уни ўзим билан олиб кетаман. Байроғимизни ҳимоя қилиш ва уни доим кўкларга кўтариш насиб этсин!»