Сўнгги вақтларда қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарган мавзуларидан бири — Ўзбекистонда туғилиш даражасининг пасайганига доир маълумотлардир. Туғилиш даражасининг пасайиши аҳоли сони ўсишининг секинлашувига сабаб бўлади. Мамлакат аҳолиси эса ҳамиша унинг энг катта бойлиги ҳисобланган. Дунё миқёсида туғилиш даражасининг пастлиги ва аҳолининг қариб бориши тенденциясидан кўп ҳолларда ривожланган мамлакатлар азият чекади, дунё аҳолиси сонининг ўсиши эса асосан қашшоқ ва ривожланаётган мамлакатлар ҳисобига юз беради.

Ўзбекистонда туғилиш даражасининг пасайиши бутун дунёда кузатиладиган тенденциянинг аксини кўрсатаётганлиги мутахассислар эътиборини тортди. Айрим кўзга кўринган мутахассислар мамлакатда аҳоли жон бошига ЯИМнинг ҳозирги кундаги даражаси нуқтаи назаридан, туғилишлар сонининг бундай ноодатий камайиши тенденциясидан ўз хавотирларини ҳам билдирди.

Хусусан, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов мавзу юзасидан ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашаркан, Ўзбекистонда туғилиш даражаси нисбатан тез суръатда рўй берганлиги «мамлакатнинг келажакдаги демографик ва иқтисодий ривожланишига таъсир қилиши мумкин»лигини таъкидлади.

«Одатда, мамлакатлар иқтисодий жиҳатдан бойиган сари туғилиш даражаси пасаяди — бу деярли барча мамлакат ва минтақаларда кузатилган ва кузатилиб келинаётган тенденция. Ўзбекистонда эса иқтисодий ўсиш бўлмай туриб туғилиш даражаси пасая бошлаган ва бу пасайишнинг суръати ўртача даромадлар ошиши кўрсаткичларидан тезроқ бўлган… Туғилиш камайиши табиий нарса эди, лекин бундай кескин тушиши диққатга сазовор», — деб ёзади мутахассис. Унинг фикрича, бу тенденцияни «чуқурроқ ўрганиш ва таҳлил қилиш муҳим», чунки бу аҳоли фаровонлиги ва мамлакатнинг узоқ муддатли барқарор тараққиётида муҳим аҳамиятга эга.

Молиячи Отабек Бакиров туғилиш даражасининг пасайиши тенденцияси йил бошиданоқ кўзга ташлана бошланганлиги, айни пайтда бу тенденция шаҳар ҳудудларда юқорироқ суръатда кечаётганлиги ҳақида ёзди. Ботир Қобиловга кўра, туғилиш даражаси глобал миқёсда биринчи рақамли муаммо. Унинг ёзишича, мазкур кўрсаткич бутун дунёда кутилганидан ҳам тезроқ суръатларда пасайиб бормоқда, бунинг сабаблари борасида кўплаб фаразлар мавжуд эканига қарамай, аниқ омиллари номаълум.

Иқтисодчи, «Газета.uz» колумнисти Миркомил Холбоев навбатдаги мақоласида айнан шу мавзуни чуқурроқ таҳлил қилиб, бу борада кўпчиликни қизиқтираётган айрим саволларга жавоб беришга ҳаракат қилди.

Жаҳондаги демографик вазият

Дунё аҳолиси сони йилдан-йилга ортиб бораётганига қарамай, ўсиш суръати секинлашяпти. Аҳоли сонининг ўсиши асосан қашшоқ мамлакатлар, хусусан, Африка қитъасида концентрациялашган. Юқори даромадли мамлакатлар эса аҳоли сонининг қисқаришини бошдан кечирмоқда. Сўнгги йилларда миграция сиёсатининг қатъийлашиб бораётганлиги бу жараённи янада тезлаштирган, муаммони чуқурлаштираётган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Жаҳон банки статистикасига қарайдиган бўлсак, 2023 йилда 216 та мамлакатдан 38 тасида аҳоли сони қисқарган. Уларнинг аксариятини юқори ҳамда юқори-ўрта даромадли мамлакатлар ташкил этади. Хусусан, 2023 йилда юқори даромадли мамлакатларнинг 19 тасида жами аҳоли сони 1,5 млн кишига, юқори-ўрта даромадли мамлакатларнинг 17 тасида 2,8 млн кишига камайган. Шунингдек, паст-ўрта даромадли мамлакатлар гуруҳига мансуб иккита мамлакат — Ливан ва Шри-Ланкада ҳам 2023 йилда аҳоли сони 300 минг кишига қисқарган.

2023 йилда аҳоли сони:

Мамлакатлар, даромад гуруҳи бўйича

Мамлакатлар сони

Аҳоли сони ўзгариши (млн киши)

Жами

216

72.7

Камайган

Юқори даромадли

19

-1.5

Паст-ўрта даромадли

2

-0.3

Юқори-ўрта даромадли

17

-2.8

Кўпайган

Юқори даромадли

66

8.4

Паст даромадли

26

19.3

Паст-ўрта даромадли

49

39.5

Юқори-ўрта даромадли

37

10.1

Жаҳон банки маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Юқори ҳамда юқори-ўрта даромадли мамлакатларда аҳоли сонининг қисқариши фертиллик кўрсаткичи узоқ йиллар давомида ўз ўрнини қоплаш даражасидан (2,0) паст шаклланганлиги билан изоҳланади. Паст даромадли мамлакатларда (Шимолий Кореядан ташқари) ҳозирча бундай муаммо кўзга ташланмайди. Паст-ўрта даромадли мамлакатлар контекстида эса фертиллик кўрсаткичи аксарият мамлакатларда ўз ўрнини қоплаш даражасидан юқори шаклланаётганига қарамай, баъзи ҳолларда (Бангладеш, Бутан, Ҳиндистон, Ливан, Шри-ланка, Непал, Тунис, Вьетнам) 2,0 дан пасая бошлаганлигини кўриш мумкин. Бу тенденция давом этган тақдирда, яқин келажакда бу мамлакатларда ҳам аҳоли сонининг камайиши тенденцияси бошланиши мумкин.

Маълумот учун: фертиллик кўрсаткичи (total fertility rate) — бу туғиш ёшидаги ҳар бир аёлга тўғри келадиган туғилишлар сони ҳисобланади. Агар бу кўрсаткич 2,0 дан юқори бўлса, кейинги авлод ҳозирги авлоддан кўпроқ (ёки тенг) бўлади. 2,0 дан паст шаклланса, кейинги авлод ҳозиргисидан камайиб кетади.

аҳоли сони, туғилиш статистикаси, фертиллик

Жаҳон банки маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Ўзбекистонда январь-сентябрь ойларида қарийб 694 мингта туғилиш қайд этилган бўлиб, туғилишлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,2 фоизга пасайган (биринчи уч ойда бу фарқ 4,3 фоиз эди). Юқорида кўриб чиққанимиз — турли давлатлардаги тенденциялардан келиб чиқиб айрим саволлар туғилиши табиий.

Хусусан, туғилиш даражасининг ҳозирги пасайиши чуқур демографик муаммоларнинг юзага чиқа бошлаганлигидан далолат берадими? Ушбу тенденция қисқа муддатли пасайишни ифода этадими ёки барқарор сақланиб қоладими? Умуман, аҳоли ўсиши иқтисодий ўсишга қай даражада боғлиқ?

Аҳоли сонининг иқтисодий ўсишдаги аҳамияти

Аҳоли ва айрим мутахассислар орасида аҳоли сонининг ўсиши умумий иқтисодиётнинг ҳажми катталашишига олиб келишига қарамай, жон бошига даромадларни оширмайди, деган қараш мавжуд. Умуман олганда, аҳоли сонининг ўсишига муаммо сифатида ёндашиш узоқ тарихга бориб тақалади. Хусусан, 18 асрда яшаган иқтисодчи Роберт Малтуснинг аҳоли сонининг ўсиши билан боғлиқ назарияси соҳадан унчалик хабари бўлмаганларга ҳам яхши таниш бўлиши мумкин.

Малтусга кўра, аҳоли сонининг ўсиши озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ тақчилликка олиб келади. Чунки озиқ-овқат таъминоти аҳоли сонига қараганда секинроқ суръатда ўсади. Охир-оқибат, ушбу номувофиқлик уруш, эпидемиялар ёки бошқа кўринишдаги фалокатлар воситасида бартараф этилади. Малтус назарияси замонлар оша кескин танқидларга учраб келади.

Малтус назарияси ёки башоратидан буён дунё ўша давр кишилари тасаввур қилолмайдиган даражада ўзгариб кетди. Хусусан, Ер юзи аҳолиси тахминан саккиз баробар, жон бошига даромадлар эса 10 баробардан кўпроққа ошди. Яъни, аҳоли сонининг ортиши даромадлар қисқаришига олиб келмади, балки даромадларнинг ўсиш суръати бу даврда ўртача ҳисобда аҳоли сони ўсиш суръатидан ҳам илгарилаб кетди.

Шунга қарамай, ҳали ҳам аҳоли сонининг ўсиши жон бошига даромадлар даражаси ошишига олиб келмаслиги ҳақидаги қарашлар (ва изланишлар) учраб туради. Хусусан, айримлар аҳоли сонининг ўсиши иқтисодиётнинг умумий ҳажмини оширса-да, жон бошига даромадларни оширмайди, деб ҳисоблайди.

Қуйидаги график дунёнинг 213 та мамлакати учун Жаҳон банки маълумотлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда айнан шу боғланишни яққолроқ кўриш мумкин. Бир қарашда жон бошига даромадларнинг ўзгариши аҳоли сонининг ўзгаришига тескари боғлангандек (чапдан ўнгга қараб пасайиб борган кўк чизиқ буни ифодалайди). Яъни, аҳоли сонининг ўсиб бориши билан жон бошига даромадлар пасайиб бормоқда:

аҳоли сони, туғилиш статистикаси, фертиллик

Жаҳон банки маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Узоқроқ муддат учун таҳлил қилинганда ҳам юқоридаги боғланиш сақланиб қолганига гувоҳ бўлиш мумкин, яъни аҳоли сони ўсиши билан жон бошига даромадлар пасайиб боради (фақат бу ҳолда боғланиш юқоридагига нисбатан кучсизроқ).

Қуйидаги графикда, соддароқ кўринишда ифодалаш мақсадида, 1991−2023 йиллар оралиғида Жаҳон банки таснифига кўра паст-ўрта даромадли давлатлар мисолида аҳоли сони ҳамда жон бошига ЯИМ ўзгариши ўртасидаги боғлиқликни акс эттиришга уриндим. Аслини олганда, исталган даромад гуруҳи мисолида шунга ўхшаш боғланишни кузатиш мумкин:

аҳоли сони, туғилиш статистикаси, фертиллик

Жаҳон банки маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Бироқ, бу боғланиш алоҳида давлатлар мисолида ўрганилганда, бутунлай бошқача манзарага дуч келамиз. У ҳолда аҳоли сонининг ўсиши жон бошига даромадларга салбий эмас, ижобий боғланганлигини кўриш мумкин. Қуйидаги графикда ҳар бир ранг алоҳида давлатни ифодалайди. Гувоҳи бўлиб турганимиздек, бу ҳолда юқоридаги графикларда кузатганимиздан фарқли — тўғри боғлиқлик мавжуд. Бир сўз билан айтганда, аҳоли сони ҳамда жон бошига ЯИМ даражаси ўзаро ҳамоҳанг тарзда ўсиб борган.

аҳоли сони, туғилиш статистикаси, фертиллик

Жаҳон банки маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Қайд этиш жоизки, юқоридаги графиклар фундаментал фаразлар маҳсули бўлиб, ҳеч қандай чуқур илмий изланишларга асосланмаган, боғланишлар сабаб ва оқибат боғланишни ифодаламаслиги ҳам мумкин. Лекин охирги графикдан хулоса қилиш мумкинки, аҳоли сони ва жон бошига ЯИМ ўртасида тескари боғлиқлик мавжуд эмас — аҳоли сонининг ўсиши жон бошига даромадларни камайтиради, деган мулоҳазалар ноўрин. Шубҳасиз, ушбу мавзу чуқурроқ изланишларни талаб қилади.

Таҳлилларимиз аҳоли сони ўсиши билан жон бошига даромадлар даражаси ҳам ўсиб боришини кўрсатди. Хўш, у ҳолда бугун Ўзбекистонда кузатилаётган тенденция хавотирлими? Туғилишлар сонининг камайиши тенденцияси узоқ муддат сақланиб қоладими? Бу пасайиш кейинчалик иқтисодий ўсишнинг ҳам секинлашишига сабаб бўлиши мумкинми?

Ўзбекистондаги демографик вазият

2024 йилда Ўзбекистонда кузатилаётган туғилишлар сонининг камайиши тенденцияси яқин тарихимиздаги биринчиси эмас. Хусусан, 2016 ва 2017 йилларда ҳам туғилиш мос равишда 1,3 фоиз ва 1,4 фоизга пасайган. Бундан ташқари, 2011 (-1 фоиз), 2010 (-3,3 фоиз), 2005 (-1,3 фоиз) ҳамда 2003 (-4,6 фоиз) йилларда ҳам туғилишнинг пасайиши қайд этилган.

аҳоли сони, туғилиш статистикаси, фертиллик

Жаҳон банки маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Мустақилликнинг илк йилларидан янги асргача бўлган иқтисодий турғунлик ва тикланиш даврида эса туғилишнинг пасайиши одатий ҳолга айланиб қолган эди. 1992−2000 йилларда фақатгина 1995 йилда туғилиш 3,2 фоизга ўсган, қолган барча йилларда чуқур пасайиш кузатилган. Бу даврда туғилишларнинг умумий сони қарийб 30 фоизгача қисқарган.

Нисбатан узоқ давр мисолидаги таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда фертиллик кўрсаткичи (қуйидаги графикда қизил рангдаги узуқ чизиқ) 1970 йилларгача паст-ўрта даромадли мамлакатлар гуруҳи ўртача кўрсаткичига (графикда кўк рангдаги узуқ чизиқ) нисбатан юқори шаклланган (Ўзбекистон даромадлар даражасига кўра айнан шу гуруҳга мансуб). 1970 йилларга келиб эса бу кўрсаткич доимий пасайиш тенденциясини намоён қила бошлаган. Мустақилликдан кейин бу пасайиш тенденцияси бирмунча тезлашиб, кейинчалик нисбатан барқарор, шунга қарамай, гуруҳ ўртача кўрсаткичидан сезиларли паст даражада сақланиб қолган. Қуйидаги графикда ана шу тенденция яққол кўзга ташланади:

аҳоли сони, туғилиш статистикаси, фертиллик

Жаҳон банки маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

2017 йилдан кейинги даврда фертиллик кўрсаткичи яна ўса бошлади. 2022−2023 йилларда бу кўрсаткич паст-ўрта даромадли мамлакатлар гуруҳи ўртача кўрсаткичидан бироз юқори шаклланди. Бу 2017 йилдан кейинги эркинлик, иқтисодий ўсиш ва фарзанд кўришга норасмий тўсиқларнинг тугатилиши билан изоҳланиши мумкин.

Жаҳон банки таснифига кўра, Европа ва Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон фертиллик кўрсаткичи бўйича энг юқори кўрсаткичга эга (қуйидаги графикда қизил рангдаги узуқ чизиқ Ўзбекистондаги, кўк рангдаги узуқ чизиқ эса, таққослаш учун, Қозоғистондаги фертиллик кўрсаткичини ифодалайди). Бу ҳолат, биринчидан, минтақадаги даромади нисбатан юқори давлатларда туғилиш даражасининг пасайиб бораётганлиги билан, иккинчидан, Ўзбекистонда сўнгги йилларда туғилиш даражаси ўсганлиги билан изоҳланади.

аҳоли сони, туғилиш статистикаси, фертиллик

Жаҳон банки маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Умуман олганда, Ўзбекистон мансуб даромад гуруҳи ҳамда Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар билан таққослашлар шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда Ўзбекистонда туғилиш кўрсаткичи сезиларли яхшиланган. Хўш, у ҳолда жорий йилдаги пасайишни қандай изоҳлаш мумкин?

Бу саволга аниқ жавоб топиш қийин. Шунга қарамай, назаримда, ҳозирги пасайиш чуқур демографик муаммолар билан боғлиқ эмас.

Бу қисман 1992−2001 йилларда кузатилган туғилишлар сонининг пасайиши тенденцияси билан изоҳланиши мумкин. Ўша йилларда туғилишлар сони қарийб 30 фоизга қисқарган. Масалан, мустақилликнинг дастлабки йилларида йилига 700 мингдан кўпроқ чақалоқ дунё юзини кўрган бўлса, янги асрга келиб бу кўрсаткич 500 минг нафаргача пасайган. Ҳозир чуқур пасайиш даврида туғилганлар мамлакатдаги туғилишлар сонида асосий рол ўйнай бошлайдиган даврга кириб келдик — мустақилликнинг дастлабки йилларида туғилганлар фарзанд кўриш давридан ўтмоқда. Бу эса табиий равишда туғилишлар сонининг камайишига олиб келаётган бўлиши мумкин. Масалан, ҳозирги кундаги туғилиш даражаси ва 27 йил (эркаклар учун ўртача оила қуриш ёши) олдинги туғилиш даражаси ўртасидаги боғлиқлик (корреляция) 0,46 фоиз атрофида. Бу ҳозирги туғилишлар сони 27 йил олдинги туғилишлар сонига сезиларли даражада боғлиқлигини кўрсатади.

Чуқур пасайиш йилларига назар ташлайдиган бўлсак, пасайиш 1992 йилдан бошланган, бу даврда туғилган инсонларнинг фарзанд кўриш даври эса ўтиб бормоқда. Нега пасайиш айнан 1996−1997 йилларда туғилганлар турмуш қуриш ёшига етганда кўзга ташлана бошлади? Бу саволга аниқ жавоб бериш қийин. Фикримча, 2017 йилдан кейинги даврда келажакка бўлган ишончнинг ортиши ҳамда фарзанд кўришга норасмий тўсиқларнинг юмшатилиши фонида туғилишлар сонининг камайиш даври бироз орқага сурилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Бундан ташқари, юқорида тилга олинган тенденциянинг орқага сурилишига гўдаклар ўлими, шунингдек, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими коэффициентининг пасайиб бориши ҳам таъсир ўтказган бўлиши мумкин. Хусусан, 1985 йилда ҳар мингта чақалоққа қарийб 68 та ўлим ҳолати қайд этилган бўлса, 1996 йилга келиб бу кўрсаткич 56,4 тагача қисқарган. Бундан келиб чиқадики, 80 йилларда кўпроқ болалар туғилганига қарамай, уларнинг 6−9 фоизи гўдаклигидаёқ вафот этган. Кейинги йилларда бу кўрсаткич пасайиб борган. Натижада туғилишлар сони орасидаги фарқ катта бўлишига қарамай, фарзанд кўриш ёшига етганлар сонидаги фарқ қисқарган. Бу эса, ўз навбатида, туғилишлар сонининг пасайишига таъсир ўтказган.

аҳоли сони, туғилиш статистикаси, фертиллик

Жаҳон банки маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Буни сўнгги йилларда никоҳлар сонининг қисқариши тенденциясидан ҳам кўриш мумкин. Хусусан, тузилган никоҳлар сони 2024 йилнинг 9 ойида 2,8 фоизга, 2023 йилда 4,3 фоизга ҳамда 2022 йилда 2,8 фоизга қисқарган. Бу ҳолат, биринчидан, никоҳ ёшининг ошаётганлиги билан изоҳланса, иккинчидан, мустақилликнинг дастлабки йилларидан янги асргача бўлган даврдаги туғилишлар сонининг доимий пасайиш тенденцияси ўз таъсирини кўрсата бошлаганлиги билан изоҳланади.

Ҳозирги туғилиш даражасининг пасайишига аҳолининг камроқ фарзанд кўриш ҳақидаги қарорлари таъсир қилаётган бўлиши мумкин, деган мулоҳазалар ҳам учраб турибди. Лекин ҳар бир туғиш ёшидаги аёлга тўғри келадиган туғилиш даражаси сўнгги йилларда ўсиш тенденциясини намоён қилаётгани, қолаверса, бу кўрсаткич 2017 йилда 2,4 ни ташкил этгани ҳолда, 2023 йилга келиб 3,4 га етгани бундай фикрларда асос йўқлигини кўрсатади. Яъни, одамлар кўпроқ фарзанд кўришга қарор қиляпти. Бундан ташқари, 2024 йилда никоҳдан ажримларнинг 47,5 фоизига айнан фарзандсизлик сабаб бўлган. Буни аҳоли орасида кўпфарзандлиликнинг аҳамияти пасаймаганлигидан далолат берувчи кўрсаткич, деб ҳисоблаш ҳам мумкин.

Умуман олганда, 2024 йилда кузатилаётган туғилиш даражаси билан боғлиқ тенденция асосан фарзанд кўриш ёшидаги аҳоли сонининг ўзидан аввалги авлодга нисбатан камлиги билан изоҳланади. Бошқача айтганда, бу пасайиш чуқур демографик муаммолар юзага келаётганлигини кўрсатмайди, балки мавсумийликка хос хусусиятга эга, холос. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан янги асргача бўлган даврда туғилганлар фарзанд кўриш ёшидан ўтиши билан туғилишлар сони яна фаол ўсиш тенденциясининг қайтиш эҳтимоли юқори. Албатта, бу даврийликка бошқа омиллар ҳам таъсир кўрсатиши, унинг қисқароқ ёки узоқроқ давом этишига сабаб бўлиши мумкин.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин.