Андижон шаҳрида жойлашган Бобур ҳайкали кўчирилиб, ўрнида бизнес марказини қуриш режа қилинмоқда. Бу вазирлик ва идораларга келишиш учун юборилган «Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳасининг 16-бандида келтирилган.

Telegram’даги bakiroo каналининг ёзишича, ҳайкални шаҳардаги Регистон майдонига кўчириш, бунинг ҳисобига бўшайдиган 1,2 гектар ер участкасида 2 та 20 ва 16 қаватли турар-жой мажмуаси барпо этилиши кўзда тутилган.

Бунинг учун 90 млн доллар миқдорида инвестиция маблағлари киритилиши айтилган.

«Ўзингизга тасаввур қилишингиз учун бу худди пойтахт қоқ марказидаги Амир Темур ҳайкалини кўчириб, хиёбонда дом қуриш билан баравар қадам бўлади», — деб ёзади иқтисодчи.

Cкрин: t.me/the_bakirooCкрин: t.me/the_bakiroo

Вилоят ҳокимлиги таклифи билан, шунингдек, Алишер Навоий номидаги истироҳат боғининг 10,7 гектар қисмида Andijon city ишбилармонлик маркази, 19 та 18 қаватли ва 7 та 28 қаватдан юқори турар жой ва хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилиши кўзда тутилган.

Иқтисодчи бу боғни эса Тошкентнинг «юраги» Миллий боғга қиёслаган.

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Муслим Иброҳимов ҳолат юзасидан муносабат билдираркан, Бобур ҳайкали жойлашган майдон ўрнида турар жойлар эмас, савдо маркази қурилишини тасдиқлади.

андижон, бобур ҳайкали, заҳириддин муҳаммад бобур, савдо маркази, турар жой

Вилоят марказидаги «Бобур» шоҳ кўчасида жойлашган чорраҳада «аҳолининг узоқ йиллик истакларидан бўлган» йўл ўтказгич қурилмоқда.

«Бобомиз, Андижон фарзанди, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур хотирасига атаб барпо этилган майдон янги қурилаётган кўприк яқинида жойлашган бўлиб, лойиҳа қурилиши якунлангач, ушбу майдон анчайин ёпиқ кўринишга келиб, майдоннинг бир қисми кўприк остида қолади», — дея изоҳ берди ҳокимлик вакили.

Унинг сўзларига кўра, ушбу мавзу муҳокама этилиб, илмий кенгаш вакиллари, бобуршунослар ҳамда Андижон оқсоқолларидан керакли хулоса ясалган.

Майдон ўрнида Savdo Mall мажмуаси, кўнгилочар марказлар, офислар ва хизмат кўрсатишга мўлжалланган бошқа турдаги замонавий бинолар барпо этиш лойиҳаси таклиф этилган. Ҳайкал эса Бобурнинг ўзи туғилиб ўсган эски шаҳар ҳудудидаги ўзбек тарихини ўзида акс эттирган Регистон майдонига кўчирилади.

«Майдонни ўзига хос қўшимчалар билан бойитиш ва янги, кўркам майдон барпо этишга келишилган. Ҳозирда бу режани амалга ошириш учун катта тайёргарликлар кўрилмоқда», — дейилади хабарда.

Бобур ҳайкали аввал вилоят ҳокимлиги биносида ёнида жойлашган эди. Кейинчалик Пушкин майдони яқинига кўчирилган, деб ёзади Platina.uz нашри.

Бир кун аввал президент Қонунчилик палатасининг янги таркибдаги биринчи мажлисида «Адолат» социал-демократик партиясининг истироҳат боғлари, сайилгоҳ, хиёбонларни хусусийлаштиришни тақиқлаш бўйича позициясини маъқуллаганди.

Муносабатлар

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев Telegram каналида «кўп ўтмай, „Андижон тажрибаси“ сифатида, Самарқандда, Бухорода, Хивада, Тошкентда ҳам қўлланиши» ҳақида ёзди.

«Ҳали булар Самарқандда Регистон майдонини, Бухорода Калон ансамблини ҳам „кўчириб“ (бузиб деб ўқинг), ўрнига ситими, савдо марказими, баломи, баттарми, нимадир қуради деб ёзганларимда, биринчидан, кўпроқ киноя қилгандим, оддий қилиб айтганда — ҳазиллашгандим. Ўзим ёзган ўша гапларга сал бўлса-да ишонган вақтимда ҳам, бундай аянчли воқеаларни ўзим эмас, келгуси авлодлар кўриши мумкин, деб тахмин қилгандим», — дейди у.

«Афтидан, бундай пасткашликлар, бундай жирканчликларга гувоҳи бўлиш «бахти» яқин истиқболдаёқ кутиб турибди, шекилли: Андижон шаҳри марказидаги Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнида 16 ва 20 қаватли «дом»лар қуриш ташаббуси давлат ташкилоти даражасида илгари сурилганини, давлат даражасида келишиш жараёнида эканини билиб, яна нима деб ўйлаш мумкин… Тавба, тавба! Инсоф берсин! Тинчлик бўлсин!», — дейилади постда.

«Қайсидир бир йили қайсидир бир қирғиз оқини айтган „Сот, сот, сот, сот, со-о-от, Қўлтиғингдаги жунингни ҳам со-от!“ деган қўшиқни эшитадиган кайфият», — дея қўшимча қилди журналист.

X (собиқ Twitter) фойдаланувчиларидан бири шундай дейди: «Андижонда Бобурни хайкали кўчирилса, бу 4-марта кўчиш бўлади. Анжанда шунақа гап бор: „Бобур хаётлигида ҳам Андижонга сиғмаган эди. Хайкали ҳам сиғмаяпти“. Бобурнинг ўрни доим кимларгадир керак бўлган. Чамамда Бобур шарт отини миниб яна Хиндистонга кетворса керак!».

Яна бир фойдаланувчи эса «Бобур ҳайкали ўрни майли, лекин Навоий боғи ўрнини бермаслик шартлигини таъкидламоқда. «Шунда маҳкам бўлиш керак Анжанликлар. Сал қолса 2 йил олдин кўлни ҳам чўллаштиришганди, ёзиб юриб қайтарволгандик», — деди у.

андижон, бобур ҳайкали, заҳириддин муҳаммад бобур, савдо маркази, турар жой

Facebook фойдаланувчиси Моҳинур Маматова эса «вокзалдан чиқиш билан кўриниб турадиган Бобур ҳайкали, ёнидаги кутубхона, хиёбон ва китоблар сотиладиган кўча биргалашиб ўзига хос ансамблни ташкил этиб туришини» алоҳида қайд этган. «Хиёбон ўрнида янги қуриладиган бино шаҳар чиройига кўрк қўшиш ўрнига, уни бузиб туришига ҳеч шубҳам йўқ», — дейди у.

Ҳолатга экология вазири маслаҳатчиси, блогер Расул Кушербаев ҳам ўз нуқтайи назарини билдирди.

«Қийин танлов: халқ манфаати устунми ё бизнес гуруҳлар манфаатими? Истироҳат боғлари, майдонлар аслида халқ мулкидир. Оддий айтганда ушбу икки ҳолат халқдан ерлар тортиб олиниб, бизнес учун тикилаётганини кўрсатмоқда. «Соққа» турганда халққа тупурилган. Йўқ бу ишлар халқ учун дейилса марҳамат: унда ҳокимлик бинолари ўрнида кўп қаватли уйлар қурилиб, «сити пити»лар қуришсин. Шунда ишонса бўлади», — деб ёзди у.

Блогер «бу ишлар учун боғ ва майдонлар эгаси бўлган Андижон халқидан бир оғиз сўралдими», дея савол қолдирган.