«Тошкент-Бойсун» автомобиль йўли қурилиши бўйича тендер олишда ёрдам бериш учун 50 минг доллар талаб қилган шахс қўлга олинди, деб хабар қилмоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан йўл қурилиши ҳамда таъмирлаш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари Н.Ш. «Тошкент-Бойсун» автойўли қурилиши бўйича 500 минг долларлик шартномани олишда ёрдам бериш учун пора олаётган вақтида қўлга олинган.

Иш учун тендерда дастлаб хориж компанияси ютиб чиққан, дейилади хабарда. Н.Ш. буюртмани олишда ёрдам бериш эвазига шартнома қийматининг 10 фоизини талаб қилган.

Қайд этилишича, компания раҳбари муқаддам бир неча бор судланган.

Қўлга олинган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.