Ҳиндистон пойтахти Деҳлида ҳавонинг ифлосланиши кескин даражага етди, шаҳар қуюқ жигарранг смог билан қопланган, деб ёзмоқда Guardian, AP ва BBC.
IQAir маълумотларига кўра, сешанба куни маҳаллий вақт билан соат 11:30 да Деҳлида ҳаво сифати индекси (AQI) 513 га етди (51 дан 100 гача — қониқарли, 300 дан юқори — ҳаёт учун хавфли). Шаҳарда PM2,5 заррачалари концентрацияси ЖССТ меъёрларидан 50−100 мартадан кўпроққа ошди. Душанба куни AQI 1150 дан ошганди.
Пойтахтдаги ёдгорликлар ва баланд биноларни смог қоплади, кўринишнинг ёмонлашуви эса авиақатновлар жадвалига таъсир қилди, дея қайд этади AP.
Заҳарли ҳаво ҳукуматни мактабларни ёпишга ва уларни масофадан ўқитишга ўтказишга мажбур қилди (10-, 11- ва 12-синфлардан ташқари). Барча қурилиш ишлари тўхтатилди, шунингдек, шаҳарга юк машиналарининг кириши тақиқланди (биринчи навбатда зарур бўлган товарлар ортилган машиналар бундан мустасно).
Бундан ташқари, ҳукумат барча офислардан ходимларнинг ярмини уйдан ишлашга юборишни сўради ва болалар, кексалар ва сурункали касалликлар ёки нафас олиш билан боғлиқ муаммолари бўлган бошқа шахсларни иложи борича камроқ кўчага чиқишга чақирди.
Ўтган ҳафтада ҳукумат, шунингдек, кўмир ва ўтин ишлатиш билан боғлиқ барча фаолият турларини, шунингдек, фавқулодда хизматлардан ташқари барча учун дизель генераторларидан фойдаланишни тақиқлади. Деҳлида ҳавонинг ёмон сифати бир ҳафта давомида сақланиб туриши кутилмоқда ва мутахассислар вазият янада ёмонлашиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
The Guardian нашрининг таъкидлашича, шаҳарда ифлосланиш ва тоза ҳаво «бойлар ва камбағалларни ажратиб турувчи асосий чизиқлардан бирига айланди». Деҳлидаги кўплаб ишчилар кун давомида узоқ вақт кўчада ишлашга ва ҳаво тозалагичсиз уйларига қайтишга мажбур.
«Уйимдаги ҳаво йўлдагидек ифлосланган… Биз шунчаки бунга чидашимизга тўғри келади», — деди Деҳлида яшовчи, уй ёрдамчиси бўлиб ишловчи Шагун Деви Guardian нашрига. Унинг сўзларига кўра, сўнгги икки ҳафта ичида ифлосланишнинг ёмонлашуви туфайли оиласининг барча аъзолари касал бўлган. «Ишимга етиб боргунимча ҳолдан тояман. Нафасим бўғилади, кўзларим ва бурним ачишади. Мен ишлайдиган уйда ҳаво тозалагич бор. Болаларим учун биттасини сотиб олмоқчи эдим. Лекин унинг нархи уч ойлик маошимга тенг экан».
Қурби етадиган аҳоли Деҳлидан Ҳиндистоннинг бошқа ҳудудларига жўнаб кетмоқда. «Бу [куз-қиш] фаслида Деҳлида яшаб бўлмади. Ифлосланиш шу қадар ёмонки, охирги ҳафта давомида бошим оғриди. Шунчаки яна бир кун ҳам бу ерда қололмадим», — деди нашрга техник мутахассис Аарти Шарма.
Пойтахтда ҳаво сифатининг ёмонлашуви ҳам ижтимоий тармоқларда аҳолининг норозилигига сабаб бўлди, деб ёзади AP. Кўпчилик йўтал билан бош оғриғидан шикоят қилмоқда ва шаҳарни «апокалиптик» ва «газ камераси» деб таърифлаяпти.
Деҳли ҳавосининг ифлосланиши сабаблари
Деҳлида ҳаво сифати йил давомида ёмонлигича қолмоқда ва шаҳарнинг ўзи дунёнинг энг ифлосланган пойтахти ҳисобланади. Аммо қиш ойларида — октябрдан январгача — вазият жуда ёмонлашади. Маҳаллий аҳоли бу вақтни ҳатто «ифлосланиш мавсуми» деб ҳам атайди.
Ҳаво совиши билан ҳароратнинг кескин пасайиши, чанг, шамол тезлигининг пастлиги ва автомобиль чиқиндилари туфайли ҳаво ифлосланади. Ҳосилни йиғиб-териб олгандан кейин бошоқли ўсимликларнинг қолдиқлари ёниб кетиши муаммони янада чигаллаштиради. Бундай амалиёт Ҳиндистонда ноқонуний ҳисобланади ва катта жаримага сабаб бўлади, аммо бу фермерларни тўхтатмайди. Ҳиндистоннинг Ҳаво сифатини назорат қилиш ва об-ҳавони прогноз қилиш тизими (SAFAR) маълумотларига кўра, бу амалиёт ноябрь ойидаги барча ҳаво ифлосланишининг 40 фоизини ташкил қилади. Ўтган якшанба куни сунъий йўлдошлар Ҳиндистоннинг олтита штатида 1334 та майдон ёқилганини қайд этди.
Ифлосланишнинг бошқа сабаблари орасида саноат чиқиндилари ва электр энергияси ишлаб чиқариш учун кўмир ёқилиши киради.
Ўтган ойда Ҳиндистон Олий суди тоза ҳавони инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири деб топди ва марказий ҳукумат ҳамда Деҳли маъмурларига чоралар кўришни буюрди. Бироқ уларнинг аксарияти самарасиз бўлиб чиқди, деб таъкидлайди Guardian.